Қатар билан узоқ муддатли инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш йўлида

04.10.2023, 13:57

Қатар билан узоқ муддатли инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш йўлида

Ўзбекистон ўзининг проактив ташқи сиёсий  фаолияти  географиясини  тобора кенгайтирмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ва Қатар сиёсий мулоқот ва маданий-гуманитар алмашинувларни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кучайтириш масалаларига тобора  кўпроқ эътибор қаратишмоқда. Ўзбекистонда Қатар давлатига нафақат яқин шарқ минтақасидаги, балки бутун араб мусулмон оламидаги истиқболли ҳамкор сифатида қаралади. Ўзаро элчихоналарнинг очилиши икки томонлама ҳамкорликни фаол илгари суришда муҳим ўрин тутди. Ҳар икки  давлат ҳам  Марказий Осиёни Кўрфаз мамлакатлари билан боғлайдиган энг қисқа, ишончли ва хавфсиз транспорт-логистика йўлакларини  шакллантиришдан манфаатдор. Маданият, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувни кенгайтиришга қаратилган сайъ-ҳаракатлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг таклифига биноан ушбу мамлакатга амалга оширган давлат ташрифи икки томонлама  муносабатларга кучли туртки беради. Шавкат Мирзиёев Қатарда муваффақиятли амалга оширилаётган ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанг бўлган “Нигоҳ 2030” давлат дастурига юқори баҳо берди.

Давлат ташрифи дастурига кўра,  юқори даражаги учрашув бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги муносабатларни янада чуқурлаштириш ва кўп қиррали ҳамкорликни, биринчи навбатда, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди.

Ўзбекистон Қатарнинг илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш, биотехнологиялар ва сунъий интеллект борасида қўшма тадқиқотлар ўтказишдан манфаатдор экани таъкидланди. Доҳада Ўзбекистон маданияти ва туризм ҳафталигини ўтказишга келишиб олинди.

Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалий илгари суриш масалаларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди.

Музокаралардан сўнг икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатларнинг салмоқли тўплами имзоланди, деб хабар беради давлатимиз раҳбарининг матбуот-хизмати. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қатар Давлати Ҳукумати ўртасида туризм ва ишбилармонлик тадбирлари соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;  Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Қатар Давлати Ижтимоий ривожланиш ва оила вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум; Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Қатар Давлати Савдо-саноат палатаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми ва бошқа ҳужжатлар шулар жумласидандир.

Давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Президентининг Қатар  бизнес-доира вакиллари билан учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Хусусан, Ўзбекистон Президенти “Nebras Power” компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад ал-Ҳажрийни қабул қилди. Маълумки, “Nebras Power” – Қатарнинг етакчи энергетика корпорацияси. Компания  ўндан зиёд мамлакатида йирик лойиҳаларни амалга оширган.

Учрашувда энергетика соҳасида, энг аввало, муқобил энергетикада янги лойиҳаларни илгари суриш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари Сирдарё вилоятида Қатар компанияси иштирокида буғ-газ технологиялари асосида қуввати 1,6 ГВт бўлган замонавий электр станцияси қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бошланганини мамнуният билан қайд этди.

Тошкент вилоятида 600 МВт қувватли энергия сақлаш тизимларини яратиш ҳамда Қорақалпоғистонда 1 ГВт қувватли шамол электр станциясини ишга тушириш бўйича қўшма режалар муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев “Power International Holding” компанияси бошқаруви раиси Мутаз ал-Ҳаййатни  ҳам қабул қилди. “Power International” – дунёнинг 19 та мамлакатида энергетика, нефть-кимё, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш, туризм каби соҳаларда фаол иш олиб бораётган Қатарнинг энг йирик миллий холдинги. Бугун ушбу компания билан ҳамкорликда Жиззах вилоятида келгусида минтақанинг энг катта агросаноат мажмуаси бўладиган замонавий чорвачилик кластери қурилмоқда.

Мамлакатимизда юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган автомобиль магистралини барпо этиш, аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ишбилармонлик ва меҳмонхона инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш объектларини ташкил этиш истиқболли лойиҳалар сифатида қайд этилди.

Қатарга давлат ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қатар инвестициялар агентлиги директори Бандар бин Сауд Ол Сонийни қабул қилди. Агентлик саноат, инфратузилма, энергетика, кўчмас мулк, электрон технологиялар соҳаларида йирик лойиҳаларни илгари суришда катта тажрибага эга глобал миқёсдаги етакчи инвестиция холдинглардан бири ҳисобланади. Идора раҳбари бир вақтнинг ўзида Қатар Марказий банки раисидир.

Учрашувда агентликнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини мамлакатимиз ҳудудларида “яшил” энергетика объектлари – қуёш ва шамол станцияларини қуриш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, шу жумладан замонавий авиатерминаллар барпо этиш ва бошқа инвестиция лойиҳаларига жалб қилиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Al Mirqab Capital” холдинг компанияси ижрочи директори Саиф ур-Раҳмон Хонни ҳам  қабул қилди.  Ушбу холдинг АҚШ, Европа ва Яқин Шарқда “For Seasons”, “The Ritz Carlton” ва бошқа брендлардаги 20 та йирик меҳмонхона эгасидир. Компания активлари қиймати 8 миллиард доллардан зиёдни ташкил этади. Учрашувда меҳмонхона инфратузилмаси ва туризм хизматларини ривожлантириш, логистика ва энергетика тармоғини модернизация қилиш борасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, компания томонидан Тошкент вилоятида логистика маркази, Бухоро шаҳрида меҳмонхона-конгресс мажмуасини қуриш, мамлакатимизда электр ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга инвестиция киритиш режалари кўриб чиқилди.

Хулоса ўрнида шуни  қайд этамизки, давлатимиз раҳбарининг Қатарга давлат ташрифининг асосий якунларидан бири, бизнингча, томонларнинг  савдо кўрсаткичларини икки карра ошириш, анъанавий ва “яшил” энергетика, нефть-кимё, металларни чуқур қайта ишлаш, қурилиш, туризм, молия ва бошқа соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга тайёрлигининг тасдиқлагани бўлди.

Актам ХАИТОВ,

O'zLIDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    230
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+