МДҲ эркин савдо зонасига айланиши керак

16.10.2023, 10:44

МДҲ эркин савдо зонасига айланиши керак

МДҲ ташкил топганидан буён Ҳамдўстлик доирасида савдо-иқтисодий муносабатлар, коммуникация ва транспорт тармоқларини янада ривожлантириш, хавфсизликни таъминлаш ҳамда гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш каби устувор йўналишларни ўз ичига олувчи қатор ҳаётий  муҳим йўналишлар бўйича кенг кўламли ҳуқуқий асос яратилди ва ҳамкорликнинг восита ва механизмлари ишлаб чиқилди.

Хусусан, ўтган ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров раислигида ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди. Кун тартибига мувофиқ, МДҲ доирасидаги кўп қиррали муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Ушбу саммит ҳам, бошқа муҳим тадбирлар каби Ўзбекистон  фаол ташқи сиёсатини  намойиш этадиган майдонга айланди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ҳамдўстлик доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.

Ўзбекистон Президенти мавжуд имккониятларни биргаликда баҳолаш ва ўзаро мувофиқлаштирилган чоралар кўриш учун МДҲдек ноёб платформани ишга солиш муҳимлигини алоҳида қайд этди. Шу маънода, кўп томонлама ҳамкорликнинг янги узоқ муддатли кун тартибини ишлаб чиқиш мақсадида МДҲ мамлакатларининг етакчи таҳлил марказлари ва экспертларининг конференциясини ташкил этиш таклиф қилинди.

Мамлакатимиз етакчиси Ҳамдўстлик мамлакатларида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Шу сабабли,  Ташкилот маконида истисно ва чекловларсиз тўлақонли эркин савдо ҳудудини шакллантириш муҳим деб ҳисоблаймиз. Минг афсуски, дунёнинг турли минтақаларидаги кескинлашиб бораётган зиддиятларнинг оқибатлари барча мамлакатларимизнинг барқарор ривожланишига ўта салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу боис, бундай вазиятда МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорликнинг янги йўллари ва механизмларини излаш давом этмоқда. Бу муқобил савдо-логистика йўналишларини шакллантириш, қўшилган қийматнинг қисқа ва янада самарали занжирларини яратиш, МДҲ мамлакатлари иқтисодиётидаги бир-бирини тўлдирадиган заҳиралардан имкон қадар юқори даражада фойдаланиш, бизнес алоқаларини рағбатлантиришда ўз аксини топмоқда.

Айни дамда, 2023 йил бошидан буён Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик мамлакатлари билан ташқи савдо ҳажми атиги 5 фоизга ошди. Бу ўсиш суръатларининг секинлашганини кўрсатади. Ўз навбатида, бу ҳолат тўлақонли эркин савдо зонасини шакллантириш йўлида ҳали ҳам кўплаб тўсиқлар мавжудлигидан далолат беради.

Шу муносабат билан Ўзбекистон эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартноманинг товарларни олиб қўйишга доир қоидаларини қайта кўриб чиқишни муҳим деб ҳисоблайди. Бу мазкур ҳужжатни  замонавий босқичдаги  асосий мақсад ва вазифларга тўлиқ мослаштириш имконини беради.

Мамлакатимиз ўзаро савдодаги техник тўсиқлар ва мувофиқликни баҳолаш бўйича ишлар натижаларини тан олиш тўғрисидаги МДҲ битимларининг қабул қилинишини жадаллаштириш тарафдори.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев иқтисодиёт ҳақида гапирганда, импорт ўрнини босишга қаратилган миллий дастурларни ўзаро уйғунлаштириш ва  давлат харидлари бозорига имтиёзли кириш ҳуқуқини ўзаро келишув асосида тақдим этиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этди. Ўзбекистон қўшма улгуржи тақсимлаш ва логистика марказларини ташкил этишни қўллаб-қувватлаш дастурини қабул қилиш ҳамда  электрон савдони ривожлантиришни, жумладан, мавжуд платформаларни кенгайтириш йўли билан рағбатлантириш ташаббусини илгари сурди.

Президент саноат кооперацияси истиқболлари масаласига алоҳида тўхталди. Бугунги кунда МДҲ мамлакатлари билан қўшма инвестиция лойиҳаларига доир портфелимиз ҳажми 25 миллиард доллардан ошди. Яқинда қабул қилинган Саноат кооперациясини ривожлантириш концепциясига мувофиқ, Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг Саноат сиёсати бўйича кенгаши доирасида ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш ва лойиҳаларни илгари суриш ҳамда технопаркларни ташкил этиш бўйича Қўшимча комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

Ўзбекистон энергетика соҳасида МДҲга аъзо ҳар бир мамлакатнинг электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, энергия тизимларимиз яхлит ҳолда ишлай оладиган шароитларни яратиш зарур, деб ҳисоблайди.

Ҳамкорликнинг алоҳида йўналиши озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалалари ҳисобланади. Ҳамдўстлик давлатларида истеъмолчиларни юқори сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдан иборат. Шу муносабат билан агросаноат комплекслари, логистика ва “экспресс” коридорларнинг ўзаро боғлиқлигини кучайтириш, тармоқни технологик модернизация қилиш ва  тизимли илм-фан алмашинуви масалаларини ҳал этиш талаб этилади, деди давлатимиз раҳбари.

Ўзбекистон Транспорт соҳасида транспортнинг барча турларида мультимодал ташувларни ташкил этиш орқали транспорт коридорларини ривожлантириш,  асосий минтақавий коридорлар орқали юкларни ташишда бизнес учун жозибадор шартларни шакллантириш,  йўловчи ва юк ташишда бошқариш жараёнларини ва кўрсатиладиган хизматларни рақамлаштириш,  транспорт инфратузилмаси ва ҳаракат таркибини модернизация қилиш дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш тарафдори.

Хулоса ўрнида шуни қайд этамизки, бу каби саммитлар МДҲ га кўп режали муносабатларни мувофиқлаштирувчи механизм ва бевосита  мулоқотлар олиб бориш, давлатлараро музокараларни ташкил қилиш, жумладан, МДҲ форматида давлат раҳбарлари ва тегишли идоралар бошлиқлари даражасида икки томонлама учрашувлар ўтказиш майдони, шунингдек, кўп томонлама ҳамкорлик шарт-шароитларини яратишда манфаатдор бўлган суверен давлатларнинг бирлашмаси бўлиб қолиш имконини беради.

Актам ХАИТОВ,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    198
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+