O‘zLiDeP 20 ёшда: Халқ эътироф этган ҳаётбахш ғоялар

31.10.2023, 11:33

O‘zLiDeP 20 ёшда: Халқ эътироф этган ҳаётбахш ғоялар

Эсимда, мустақиллигимизнинг дастлабки ўн икки йили ортда қолиб,  эндигина ер эгаларига топширилиб, фермерлик ҳаракати авж ола бошлаган йиллар эди. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясини тузиш ташаббусини илгари сурган ташаббускор гуруҳ аъзолари эртанги кунимиз, йўқни йўндира оладиган тадбиркор ва ишбилармонлар қатламини шакллантириш, қишлоқ хўжалигида катта кучга айланиб бораётган фермерликни ривожлантириш эканини яхши англаб етишган эди.

Ташаббускор гуруҳ илгари сурган ғоялар, йиллар давомида қишлоқ хўжалигида ишлаб келаётган  кўплаб юртдошларимиз қатори сифатида мени ҳам бефарқ қолдирмади. Аксинча, анча йиллардан бери иш тажрибамдан кўриб, билганларимни улар билан баҳам кўрмоққа, ушбу ҳаракатни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоққа ундади. Чунки, улар илгари сураётган ташаббуслар келажакда малакатимиз тараққиётини белгилаб беришига амин эдим. Ўтган йиллар давомида партия илгари сурган ғоялар кенг жамоатчилик эътирофига сабаб бўлди.

Гоҳо ўтган йилларга назар солар эканмиз, баъзи бир воқеа - ҳодисалар, умр мазмунини белгилаб берганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Ўйлаб кўрсам, кейинги 20 йилдаги ҳаётим, фермер сифатида, шу юрт фуқароси сифатида қилган саъй-ҳаракатларим бевосита партиявий фаолиятим билан узвий боғлиқ ҳолда кечибди.

Баландпарвоз гаплар, шиорларга асосланган ғояларни халқимиз ҳеч қачон қўллаб-қувватламаган ва қўллаб-қувватламайди ҳам. Халқнинг ишончини қозонишни истаган сиёсий куч, авваламбор, кўпчиликнинг қалбидан ўрин олган, унга дилдан яқин бўлган ғояни илгари суриши, аҳолини узоқ келажакда эмас, балки шу бугунги ҳаётини яхшилаш, эртанги кунига ишонч билан қарашига қаратилган дастурларини илгари суриши лозим бўлади.

Шу маънода олиб кўрилганда, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган Инсон қадри ҳақидаги эзгу тушунчалар юртдошларимизни тўлқинлантириб юборди. Одамлар шу юртда қадрли эканликларини, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар авваламбор, улар учун, уларнинг фарзандлари учун муносиб турмуш шароитлари яратиб бериш, орзу истакларини амалга оширишга қаратилганига ишонишди.

Айни пайтда “Ўзбекистон 2030” стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифаларни ҳаётга тадбиқ этишга киришдик. Мамлакатимиздаги етакчи куч сифатида бу мақсад ва вазифалар ижросини таъминлаш O‘zLiDePга алоҳида масъулият юклайди, деб ўйлайман. Янада кенгроқ халқ орасига кириб боришимиз, юртимизда кечаётган ҳар бир воқеа-ҳодисага, жараёнларга ўзимизни дахлдор эканимизни ҳис қилиб яшашимиз лозим. Шундагина халқ эътирофига, раҳматига сазовор бўламиз. Маслакдошларимиз бу масъулият юкини ҳис қилган ҳолда, зиммаларидаги вазифани шараф билан уддалашига ишонаман.

Анорбой Эшматов,

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ депутатлари

Жиззах вилоят Кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    289
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+