Ал-Хоразмий шаҳарчасидаги қурилиш ишлари сифати ўрганилди

07.11.2023, 17:41

Ал-Хоразмий шаҳарчасидаги қурилиш ишлари сифати ўрганилди

Қурилиш соҳасида сифат ва хавфсизликни таъминлаш масалалари, шунингдек, ҳамёнбоп уй-жойлар қурилиши борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш мақсадида O`zLiDeP Хоразм вилоят кенгаши ҳамда партиянинг депутатлик гуруҳи  вакиллари Урганч шаҳрида бунёд этилаётган Ал-Хоразмий шаҳарчасида бўлдилар.

Мажмуа Урганч халқаро аэропорти яқинида, 130 гектардан зиёд ҳудудда бунёд қилинмоқда. Бу ерда Ал-Хоразмий номидаги янги университет барпо этилади. Унинг қошида истеъдодли болалар учун ихтисослашган мактаб қурилади. Уларда ўқиган ёшлар шаҳарчада бунёд этиладиган илм-фан, инновация ва маданият марказларида фаолият кўрсатади.

Шунингдек, бу ерда технопарк ва офислар, 1 та тиббиёт клиникаси, инновация ва маданият марказлари, хиёбонлар, 4 та мактаб ва 6 та боғчалар, спорт мажмуалари, автотураргоҳ, савдо ва маиший бинолар бўлади. 5444 та хонадонли 133 та кўп қаватли уй-жойлар барпо этилади. Иншоотлар “ақлли технологиялар” асосида жиҳозланади.

Бугунги кунда қурилиш ишларнинг биринчи босқичи якунланиб, 20 та 5 қаватли бино қуриб битказилди. Йил якунигача яна 12 та кўп қаватли уйлар қурилиши якунланиши режалаштирилган. 35 та қурувчи пудратчи  ташкилотларда меҳнат қилаётган 2 мингдан ортиқ ишчилар белгиланган режада ишларни якунлаш учун астойдил меҳнат қилишмоқда. Туркия, Қозоғистон ва Японянинг қурилиш ташкилотлари ҳам шаҳарчанинг янада кўркам ва замонавий қиёфа касб этиши учун ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Депутатлар ўрганишлар давомида шаҳарчада яратилаётган қулайликлар билан бир қаторда қилиниши лозим бўлган ишларни ҳам соҳа вакиллари билан биргаликда муҳокама қилдилар. Айниқса, қурилаётган уйларга ишлатилаётган қурилиш хом ашёларининг сифатига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, ҳавфсиз шаҳар тизими доирасида милиция таянч пунктлари қуриш ва кузатув камераларини ўрнатиш, шунингдек, шаҳарча аҳолиси учун алоҳида оилавий поликлиника, ўт ўчириш бўлими каби муҳим объектларни ҳам дастурга киритиш лозимлиги таъкидланди.

Ўрганишлар якунида қурувчи ташкилотлар ва депутатлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда партия ва депутатлар тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашишларини билдиришди. Амалга оширилаётган бундай бунёдкорлик ишлари аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш, ҳудудларда замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилишини жадаллаштириш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва аҳоли пунктларининг урбанизация жараёнларини ривожлантиришига хизмат қилиши эътироф этилди.   

  • Кўрилди
    241
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+