Ҳосилдорлик бўйича Ўзбекистон – биринчи! Натижадорлик ҳам чаккимас

09.11.2023, 12:22

Ҳосилдорлик бўйича Ўзбекистон – биринчи! Натижадорлик ҳам чаккимас

Барчамизга маълум: мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги бўйича катта салоҳиятга эга. Республикамиз ялпи ички маҳсулотининг тўртдан бири – 25,1 фоизи айнан мазкур соҳага тўғри келади. Шу билан бирга аҳолининг қарийб 24,9 фоизи, яъни 3,5 миллион киши қишлоқ хўжалиги соҳасида иш билан банд.

Бинобарин, кейинги етти йилда Президентимиз раҳбарлигида қишлоқ хўжалигида чуқур таркибий ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини жорий этиш, қайта ишлаш ва экспорт инфратузилмасини ривожлантириш, фермер ва деҳқонларнинг даромадини ошириш юзасидан бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилди. Соҳанинг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, мустаҳкамлашга қаратилган ўнлаб қарор, фармон ва қонунлар, шунингдек, юздан зиёд ҳукумат қарори қабул қилинди, низом ва тартиб-тамойиллар ишлаб чиқилди.

Жумладан, ерларни иқтисодий оборотга киритиш, уларни олди-сотди ва гаров объектига айлантириш пухта йўлга қўйилди. Қолаверса, барча ерлар 2 та тоифага — қишлоқ хўжалиги ерлари ва ноқишлоқ ерларга ажратилди. Бу ерлар очиқ танлов асосида фақат ижарага берилади. Танлов эса ҳар бир ер участкаси бўйича “бу ерни олишга ким энг кўп ҳақли?” деган саволга адолатли жавоб топиш учун ўтказилади. Бу танловда барча — деҳқон ҳам, фермер ҳам, агрофирма ва кластерлар ҳам тенг шартларда иштирок этади.

Аграр ислоҳотлар хусусида сўз юритар эканмиз, Президентнинг 2019 йил 17 июндаги фармони билан тасдиқланган Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепциясини алоҳида тилга олиш жоиз. Унга мувофиқ йиллар давомида фойдаланишдан чиқиб кетган 1,1 миллион гектар майдонни 2030 йилга қадар босқичма-босқич фойдаланишга киритиш белгиланган эди. Тизимли чора-тадбирлар натижасида 2019-2021 йилларда жами 363,4 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерлари қайта фойдаланишга киритилган бўлса, 2,4 миллион гектар майдонда тупроқ сифатини баҳолаш ишлари олиб борилди. Бугунги кунда 690,3 минг гектарда шундай жараёнлар давом этмоқда.

2016-2020 йилларда паст рентабелли 330,5 минг гектар пахта ва ғалла майдони қисқартирилиб, уларда юқори даромадли ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш йўлга қўйилди. Бунинг натижасида шу йиллар давомида сабзавот ишлаб чиқариш 103, картошка 114, полиз экинлари 110 фоиз, дуккакли маҳсулотлар 3,6 баробар, мойли экинлар 240, чорва озуқаси 191, мева 107,4 ва узум етиштириш ҳажми 106 фоиз ўсди.

Ўзлаштирилган ва лалми, пахта ва ғалладан қисқартирилган ерлар ҳамда яроқсиз боғ-токзорлар бўлган 69,6 минг гектар майдонда интенсив мевали боғ ва 57 минг гектар токзор барпо этилди. Бу йил ушбу кўрсаткич янада ошиб, баҳор мавсумида 63,8 минг гектар мевали боғ ва 37,5 минг гектар токзор яратилди.

Энг муҳими, юртимизда фермер ва деҳқон хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида аҳамият берилмоқда. Бу борада талай механизмлар жорий қилинди. Фермер ва деҳқон хўжаликларига имтиёзлар, енгилликлар бериляпти. Зарур уруғлик, минерал ўғит ва бошқа ресурслар фермернинг даласи бошигача етказиб берилиб, барча турдаги хизматлар кўрсатиляпти. Бугун соҳага қаратилаётган юксак эътибор натижасида юртимизда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари сони 107 мингдан ошди. Бу 2017 йилга нисбатан 40 фоизга кўп, демакдир. Қисқача айтганда, бугунги кунда юртимиз деҳқону фермерлари фаолият юритиши учун барча шарт-шароит муҳайё қилинди.

Холисона эътироф этиш керак: Ўзбекистоннинг яқин тарихида аграр соҳа бунчалик қўллаб-қувватланмаган, бунчалик катта эътибор қаратилмаган эди. Мисли кўрилмаган эътибор ва рағбат эса мисли кўрилмаган натижаларга замин яратди. Статистик маълумотларга кўра, бир гектар экин майдонидан олинган ҳосил миқдори бўйича Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги борасида кўплаб илғор мамлакатларни, жумладан, Аргентина, АҚШ, Франция, Бразилия, Германия, Буюк Британия, Россия ва бошқаларни ортда қолдириб, БИРИНЧИ ЎРИНГА ЧИҚДИ! Бу ютуқ аграр соҳага оид сиёсатнинг нечоғли оқилона эканлигини, ислоҳотларни тўғри белгилаб олганимизни яна бир бора намойиш этмоқда.

Эришилган мазкур муваффақият чегара эмас. 2022-2023 йилларда 193 минг гектар ер майдонларининг аҳолига ижарага берилиши ҳисобига қўшимча 2,5-3 млн тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиши, шу йили қўшимча 100 минг гектар ер майдонларида сув тежовчи технологиялар жорий этилиши эвазига ҳосилдорликнинг 10-15 фоизга ошиши кутилмоқда.

Шунингдек, жорий йилда 428 трлн сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ҳамда 2022 йилга нисбатан 3,7 фоизга ўсиши кутиляпти.

2024 йилда тегишли дастурлар асосида талай ишлар амалга оширилиши ҳам эътиборга молик. Пахтада 8 та ва ғаллада 12 та янги, тезпишар, серҳосил навларни танлаш ва жойлаштириш, пахта ва ғалла майдонларининг 40-50 фоизида замонавий ресурс тежамкор технологияларни татбиқ қилиш ҳисобига пахта ҳосилдорлиги ўртача 6 фоизга оширилади. Сабзавотчиликда 30 минг гектарда интенсив усулда маҳсулот етиштириш ҳамда ғалладан бўшаган 780 минг гектар экин майдонларида такрорий экинларни экиш тадбирлари бажарилади. Суғориш тизимини ривожлантириш ва чекланган сув ресурсларини иқтисод қилиш чора-тадбирлари доирасида келгуси йилда суғориш тизимини тиклаш ва сув ҳисобини юритишга 3 трлн сўм ажратиляпти. Бошқа чора-тадбирлар амалга оширилиши ҳам мўлжалланяпти.

Президентимиз томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мазкур бошланган ислоҳотлар яна давом эттирилади. Стратегиянинг қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва рентабеллик даражасини кескин ошириш масаласида ҳам қатор ташаббуслар кўзда тутилган. Унга кўра, бир гектардан олинадиган ўртача даромадни 5 минг долларга етказиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида экспорт ҳажмини йилига 10 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.

Хулоса шуки, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар халқимизнинг фаровон турмуш кечириши, юртимиз тараққиётини таъминлашнинг кафолати бўлиб хизмат қиляпти. Энг муҳими, бу янгиланиш ва ўзгаришларни одамлар ўз ҳаётида сезмоқда.

Бахтиёр РУҲИТДИНОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Бизнес

тузилмалар ва фермерлар билан ишлаш бўлими мудири

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    204
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+