Ютуқлар бор, муаммолар ҳам йўқ эмас

13.11.2023, 16:52

Ютуқлар бор, муаммолар ҳам йўқ эмас

Аввал хабар берганимиздек, O'zLiDePнинг Бухоро вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари ҳузурида ташкил этилган ишчи гуруҳлари томонидан жойларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир амалга оширилаётган ишлар жамоатчилик назорати тартибида ўрганиб чиқилмоқда.

Ишчи гуруҳ аъзолари Қоровулбозор туманида ўтказилган ўрганишлар чоғида жорий йил ўтган 6 ой давомида “Агробанк” АТБ Бухоро филиали ҳамда АТ “Халқ банки” Когон филиали томонидан “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари” доирасида 569 нафар фуқарога 12 млрд 780 млн  сўм миқдорида  имтиёзли кредит ажратилганлиги туфайли ушбу дастурлар ўз ижросини таъминлашда муайян натижаларга эришилганлигига амин бўлдилар.

Дарҳақиқат, ажратилган кредитлардан мақсадсиз ишлатилганлик ҳолатлари аниқланмаганлиги, шунингдек кредитлар ҳисобидан туман бўйича 586 та янги иш ўринлари яратилганлиги ҳам тегишли дастурларга мувофиқ аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб- қувватлашга алоҳида эътибор берилаётганлигини кўрсатиб турибди.

Хусусан, янги иш ўринлари яратиш бўйича туманнинг Тинчлик, Бўзачи, Чўлқувар, Навбаҳор, Бўстон МФЙларида кутилган натижаларга эришилган. Масалан Чўлқувар МФЙнинг Бахт кўчасидаги хонадонларининг бирида истиқомат қилувчи Муҳриддин Тўёв бошчилигидаги оилавий корхонага ажратилган 99 млн сўмлик кредит эвазига сувни филтрлаш ускунаси сотиб олинган ҳамда 3 киши доимий иш билан таъминланган.

МФЙлардаги аёллар ва ёшлар дафтарига киритилган кишиларга ўтган давр мобайнида жами 579 млн сўм миқдордаги имтиёзли кредитлар ажратилганлигига ҳам ишчи гуруҳ аъзолари ишонч ҳосил қилдилар. Ўрганишлар давомида туман аҳолисининг бизнес ташаббусларини қўллаб- қувватлаш мақсадида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида бошқа бир қатор ибратли ишлар ҳам алоҳида эътироф этилди.

Гарчи шундай бўлсада юқорида тилга олинган дастурлар ижросини белгиланган муддатларда таъминлашда айрим камчиликлар ҳам йўқ эмас. Масалан маълум сабабларга кўра жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига 2019- 2023 йилларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилган кредитлардан муаммолилари сони 119 та бўлиб жами 1972,0 млн сўмни ташкил этади.

Ушбу муаммони бартараф этиш бўйича оилавий тадбиркорлар ва мутассади ташкилотларга тегишли маслаҳат, тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Ишчи гуруҳларнинг вилоят ва туман (шаҳар)лардаги аҳоли бизнес ташаббусларини қўллаб- қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишларни ўрганишлари давом этмоқда.

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    201
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+