Ишчи гуруҳ ўрганиши: Ҳазораспда 359 нафар хотин-қизлар имтиёзли кредитлар олиб, ўз бизнесини йўлга қўйган

01.12.2023, 15:19

Ишчи гуруҳ ўрганиши: Ҳазораспда 359 нафар хотин-қизлар имтиёзли кредитлар олиб, ўз бизнесини йўлга қўйган

“Ўзбекистон-2030” стратегиясининг 25-мақсадида Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш белгиланган. Бу борада “Аёллар дафтари” асосида олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида Ҳазорасп туманида хотин-қизларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туманда ёшлар ва аёллар дафтарига киритилган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни, хусусан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, “устоз-шогирд” анъаналари асосида ҳунармандчилик билан шуғулланишни тарғиб этиш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, пиллачилик соҳасида касаначиликни кенгайтириш  орқали бандликни таъминлаш кенг йўлга қўйилмоқда.

Хотин-қизлар томонидан туман ҳокимлигига келиб тушган мурожаатлар ўз навбатида бирма-бир кўриб чиқилиб, ҳал қилинмоқда.  Яъни, туманда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий рағбатлантириш, бандлигини таъминлаш мақсадида "Аёллар дафтари" га киритилган 5873 нафар хотин-қизларнинг 583 нафари танлаган ҳунарлари бўйича ўқув курсларига ўқитилди. Шундан, 359 нафар хотин-қизлар имтиёзли кредитлар олиб, ўз бизнесига эга бўлдилар.

Ҳазорасп туманида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш мақсадида O’zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши вакиллари, Халқ депутатлари Ҳазорасп туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар. 

Дастлаб, туман ҳокими ўринбосари, туман оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Муҳайё Нуруллаеванинг ҳисоботи тингланди. Шундан сўнг, партия вакиллари жойларга чиқиб аёллар бандлигини таъминлаш борасида қилинаётган ишларни ўргандилар.

Илк манзил туманнинг “Янги ҳаёт” маҳалласида истиқомат қилувчи Насиба Аминова хонадони бўлди. Н.Аминова ишсиз ёшлардан. Ўзини ўзи банд қилиш ва тикувчилик ҳунарини пухта эгаллаш мақсадида қилган мурожаати эътибордан четда қолмади. Даставвал касб-ҳунарга ўқитилиб, тикув машинаси субсидия асосида олиб берилди. Мазкур тикув машинаси партия вакиллари гувоҳлигида Н.Аминова хонадонига етказилди. “Юқори Шовот” маҳалласида яшовчи Олмахон Бобоаева ҳам яратилган имкониятлардан фойдаланиб, тадбиркорлигини йўлга қўйганлардан.  Бугун у 30 дан ортиқ шогирдлар тайёрлаб, ўз билим ва кўникмаларини маҳалладаги хотин-қизларга доимий амалиётда ўргатиб келмоқда.

Шу маҳаллада яшовчи Салима опа Қурбанова ўз томорқасида мўжазгина иссиқхона ташкил этиб, 20 хилдан ортиқ гул навларини етиштиришни йўлга қўйган. Маҳалла хотин-қизлар фаоли кўмагида субсидия асосида иссиқхона қурилиб берилган. Онахон гулларни парвариш қилиш сирларини ўз томорқасида гулчилик ташкил қилишни истаган хотин-қизларга ўргатиб келмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, бугун туманда ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган, шу орқали  оиласининг моддий даромадини яхшилаш ва бандлигини таъминлашга ҳаракат қилаётган  аёлларимиз  эътибор ва ғамхўрликдан жуда мамнун. Давлатимиз томонидан олиб борилаётган аёл-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарли қилиш, бандлигини таъминлаш, уларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, турли соҳаларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги ишларни бевосита амалга оширишда оила ва хотин қизлар бўлимларининг ва маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларининг хизматлари беқиёс.  

  • Кўрилди
    227
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+