Сурхондарёда “Аёллар дафтари” тизимининг 4-босқичи доирасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди

20.12.2023, 15:49

Сурхондарёда “Аёллар дафтари” тизимининг 4-босқичи доирасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар аёлларнинг бахти асосига қурилмоқда, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Негаки, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муаммоларини ҳал этиш, нафақат жамиятда, балки оилада ҳам ўз ўрнига эга бўлишлари учун шароит яратиш мақсадида қатор ислоҳотлар амалга оширилаётир. Бу амалий ишларнинг натижаси ўлароқ, аёллларимизнинг ҳаёти, яшаш турмуши яхшиланмоқда.

Сурхондарё вилояти касаба уюшмалари Федерациясида Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг жорий йилнинг ўтган даври мобайнида воҳада амалга оширилган 4-босқич ишларнинг натижаларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ўтган давр мобайнида қўл урилган амалий ишларнинг натижалари сарҳисоб қилинди.

Касаба уюшмалари федерацияси, оила ва хотин-қизлар қўмитаси вакиллари билан бирга, Комиссия аъзоси сифатида ЎзЛиДеП Фракцияси раҳбари, Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Актам Хаитов иштирок этган йиғилишда “Аёллар дафтари” тизимининг 4-босқичи доирасида 2023 йил давомида Сурхондарё вилоятида амалга оширилган ишларнинг танқидий таҳлили ҳамда 2024 йилда амалга ошириладиган вазифалар тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.

Айтиш керакки, жорий йилда “Аёллар дафтари” тизимининг 4-босқичи доирасида Сурхондарё вилоятида 30 минг 216 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди, 1 минг 887 нафар хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун жами 24 млрд 231 млн сўмлик кредитлар ажратилди. Шунингдек, боқувчисини йўқотган 15 минг 44 нафар хотин-қизларга, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек тезкор тиббий ёрдамга муҳтож 11 минг 652 нафар хотин-қизларга ҳамда қарамоғида ногирон фарзанди мавжуд 10 минг 170 нафар хотин-қизларга жами 27 млрд 465  млн сўм миқдорида моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Шу билан бирга, боқувчисини йўқотган 117 нафар ҳамда ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ва тезкор тиббий ёрдамга муҳтож 90 нафар хотин-қизларнинг уй-жойлари таъмирланди. Уй-жойга муҳтож бўлган 499 нафар хотин-қизнинг эса уй-жой шароитларини яхшилаш чоралари кўрилган бўлса, шундан 66 нафари арзон уй-жойлар билан таъминланди.

Йиғилишда булардан ташқари воҳалик аёлларга тиббий, психологик ҳамда ҳуқуқий ёрдам ҳам кўрсатилгани мисоллар билан келтирилди. Эндиликда Президентимиз томонидан 2024 йилда “Аёллар дафтари” тизими доирасида Республика бўйича жами 1 млн нафар, жумладан, Сурхондарё вилоятидаги 64 минг 500 нафар хотин-қизларга амалий ёрдам бериш, ушбу ёрдамлар сифатини янада ошириш бўйича топшириқ берганликлари ва ушбу топшириқни бажариш учун барча биргаликда ҳаракат қилиш лозимлиги таъқидланди. Ва ушбу йўналишда қилинажак режалар ва чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Бир сўз билан айтганда, аёлларнинг тақдири, бугуни ва келажаги учун давлат сиёсати даражасидаги юксак эътиборнинг ифодаси бўлган бундай шароитлар ва имтиёзлар мамлакатимиз тарихида ҳали бўлмаган. Бугун опа-сингилларимиз қалбида жўш ураётган шукроналик ва юртдан, Юртбошидан миннатдорлик ҳисси амалий фаолиятимизга кўчиб, ҳар бир соҳада юксак натижаларга эришишга руҳлантирмоқда. Зеро, бугун Президент ишончи ва меҳридан аёлларнинг қадди баланд, эъзоз ва эҳтиромидан руҳи тетикдир.

O'zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    303
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+