Сув тежовчи технологиялар ўрнатган фермерларга имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратилади

05.01.2024, 10:27

Сув тежовчи технологиялар ўрнатган фермерларга имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратилади

Сув танқислиги тобора кучаяётган бугунги замонда мамлакатимизда уни қадрлаш, тежаб фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда 472 минг гектар ер томчилатиб ва 48 минг гектари ёмғирлатиб суғоришга ўтказилди, 97 минг гектарда бошқа сув тежовчи технологиялар жорий қилинди. 649 минг гектар ер лазерли текисланди. Шундай чора-тадбирлар натижасида биргина 2023 йилда 2 миллиард куб метр сув тежалган.

Шу йилнинг 4 январь куни Президентимиз ушбу бошланган ишларнинг янада самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

Соҳада олиб борилаётган муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш борасида давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан, қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Унга кўра, туман ирригация бўлимлари ва махсус хизматлар негизида “Сув етказиб бериш хизматлари” давлат муассасалари ташкил қилинади. Улар экскаватор ва бошқа техникалар билан таъминланади. Бу суғориш тармоқларига хизмат кўрсатиш ишларини 2 баробарга арзонлаштиради.

Шунингдек, барча суғориш тармоқларини хатловдан ўтказиш, эгалари бўйича бириктириш ҳамда ҳар бирининг ягона идентификацион рақамини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

Маълумки, жорий йилдан далагача етказилган 1 куб метр сув учун солиқ 100 сўм этиб белгиланди. Эндиликда 2025 йилдан бошлаб, далада сув ҳисоблагич ўрнатган ва тежамкор технологияларни қўллайдиган фермерлар учун солиқ коэффициенти камайтирилади. Аксинча ҳолатларда эса оширилади. Шу билан бирга, сув етказиб бериш учун тўловлар бекор қилинади.

Яна бир муҳим томони, қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологиялардан фойдаланаётганлар учун имтиёзли кредит линияси ташкил қилинмоқда. Хусусан, кредитлар 2 йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга 14 фоизлик ставкада ажратилади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги лойиҳалар учун эса 10 фоиз бўлади. Кредит олишда фермерлардан мол-мулк гарови талаб қилинмайди. Шунингдек, кредитлар “онлайн” ажратилиши йўлга қўйилмоқда. Бу борада Агробанк томонидан “Suvkredit.uz” тизими ишлаб чиқилган.

Бундан ташқари бугунги кунда сув тежовчи тизим жорий қилинган ҳар бир гектар учун 8 миллион сўм миқдорида субсидия берилади. Шу пайтгача бу маблағнинг 50 фоизи технология ўрнатилган йилда, қолгани келгуси йили унинг ишлатилишига қараб тўланар эди. Энди бу борада ҳам қулайлик яратилиб, барча субсидия маблағларини ўша йилнинг ўзида тўлаб бериш белгиланмоқда.

Давлатимиз раҳбари ушбу таклифларни маъқуллар экан, сўнгги истеъмолчигача бўлган тизимни тўғри йўлга қўйиш, сувни тежаш ишларини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Умуман олганда, қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мамлакатга иқлим ўзгаришига мослашиш, қурғоқчилик хавфининг ошиши каби салбий таъсирни юмшатишда муҳим омил бўлади.

Барно МИРЗАМОВА,

ОЛий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    417
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+