Янги Ўзбекистонни яшил маконга айлантирайлик!

12.01.2024, 10:18

Янги Ўзбекистонни яшил маконга айлантирайлик!

Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида “Янги Ўзбекистонни яшил маконга айлантирайлик!” шиори остида  “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да  кўчат экиш мавсумининг бошланиши муносабати билан кўргазмали амалий семинар ташкил этилди.

Семинарда Бош Вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитов, Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги раҳбари Маъмуржон Абдуллаев ва бошқалар сўзга чиқишиб, бугунги кунда  мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон”  умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш мавсуми уюшқоқлик билан олиб борилаётганлиги, кўчат экиш ишлари якунлангач, экилган ҳар бир кўчатни суғориш ва парваришлаш борасидаги масъулиятли вазифа ҳақида тушунтириш тарғибот ишларини  олиб бориш зарурлигини алоҳида эътироф этишди.

Кўчат экиш акциясида соҳа мутахассислари, воҳадаги фермер, деҳқон хўжаликлари раислари, томорқа ер эгалари, оилавий тадбиркорлар, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар фаол қатнашдилар.

Туманда 600 та фермер хўжалиги бўлиб, бу йил жами 150 минг туп, шундан 90 минг туп тут, 30 минг қайрағоч ва 30 минг жийда кўчатлари экилади. Фермер хўжаликларига қарашли 155 км каналлар ва ариқларни бетонлаш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.

- Экологиянинг бузилиши, атроф муҳитнинг ифлосланиши ва  иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари ҳар бир юртдошимизни огоҳ этиши керак, - деди  Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитов. - Табиат инжиқликларига қарши курашиш орқали иқтисодиёт барқарорлигини таъминлай оламиз. Бугун Нишон тумани маҳаллаларини кезар эканмиз, одамларнинг давлатимиз раҳбари ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда катта кўтаринкилик билан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишида қатнаётганлигининг гувоҳи бўлдик. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, экиш учун иқлимга мос кўчатлар танлангандагина, уларни кўкартириш ва парваришлаш яхши самара беради. Шу ўринда Нишонлик миришкорларнинг кўчат етиштириш борасидаги амалий ишлари таҳсинга сазовор эканлигини таъкидламоқчи эдим. Тумандаги Навруз маҳалласида яшовчи Гулмат Турдиев фермер хўжалиги даласида 50 минг туп тут кўчати, “Умр бунёдкори” МФЙда яшовчи томорқа ер эгаси Улуғбек Охмонов хонадонида 20 минг туп тут кўчати етиштириб, фермер хўжаликлари ва хонадон эгаларига сотиш орқали мўмайгина даромад қилишмоқда. Улар тажрибасини воҳа бўйлаб оммалаштириш борасида кўрсатмалар бердик.

Шу куни тумандаги “Ёшлар диёри” МФЙ ҳудудидаги 1 гектар майдонга 1100 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, “Яшил макон” боғи яратилди.

  • Кўрилди
    280
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+