Соғлиқни сақлаш соҳасидаги таклифлар кўриб чиқилди

23.01.2024, 11:56

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги таклифлар кўриб чиқилди

Cўнгги йилларда мамлакатимиз тиббиёт соҳаси беқиёс ўзгаришларга юз тутиб, мамлакатимиз ривожининг муҳим фундаментал асосларини ўзида қамраб олган “Ўзбекистон - 2030” стратегиясида ҳам соҳани ривожлантириш масалаларига катта эътибор қаратилган. 

Стратегияга кўра, аҳолига тиббий хизматларни янада яқинлаштириш борасидаги ислоҳотлар натижасида 350 минг нафар диабет ва 1,5 миллион юрак - қон томир касаллиги бор беморлар даволаш билан тўлиқ қамраб олинади.

Гўдакларда ирсий касалликлар бўйича селектив скрининг текширувлар қамрови камида 50 фоизга оширилади. Натижада болалар ўртасида ирсий касалликлар икки баробарга қисқаради. 

Келгуси йилларда гўдакларни микронутриент кукуни, ёш болаларни гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар, йод препарати, хотин-қизларни поливитамин, темир ва фолий кислотаси билан бепул таъминлаш ишлари ривожлантирилади. Натижада юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларнинг тарқалиши 20 фоизга қисқаришига эришилади.   

Бу даврда тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатларини бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал қилишни йўлга қўйиш режалаштирилган.  

Президентимиз 22 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

 “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгилаб берилган ислоҳотларни жадаллаштириш ва ҳаётга самарали татбиқ этиш мақсадида халқаро экспертлар иштирокида таклифлар ишлаб чиқилди.

Унга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасида давлат муассасаси шаклида “Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази” лойиҳа офисини ташкил қилиш таклиф этилмоқда. У давлат тиббий суғуртаси тизимини ҳамда давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари пакетини тўлиқ жорий этиш, тиббий хизматлар сифати ва хавфсизлиги устидан назорат тизимини кучайтириш, кадрлар салоҳиятини ошириш, тиббий таълим тизими ва илм-фан соҳасини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш каби йўналишларга масъул этиб белгиланади. Шунингдек, бу марказ рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини жадаллаштириш, хусусий секторни кенгайтириш, давлат харидлари шаффофлигини ошириш, фармацевтика соҳасини ислоҳ қилишга кўмаклашади.

Лойиҳа офиси фаолиятига ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг тажрибали мутахассислари, шунингдек, хорижий эксперт ва маслаҳатчилар шартнома асосида жалб қилинади.

Соғлиқни сақлаш соҳасида белгиланган ислоҳотлар етук кадрлар салоҳиятини талаб этади. Шу боис бу борада бир қанча чора-тадбирлар кўзда тутилмоқда.

Жумладан, Тошкент тиббиёт академиясининг таълим дастурлари халқаро аккредитациядан ўтказилади. Унда жамоат саломатлиги, профилактик тиббиёт, жисмоний фаоллик ихтисосликлари бўйича магистрлик йўналишлари очилади. Тиббиёт йўналишидаги талабалар билимини халқаро тан олинган тизим асосида, икки босқичда давлат имтиҳонлари орқали баҳолаш йўлга қўйилади.

Келгуси ўқув йилидан бошлаб, ҳудудлардаги эҳтиёждан келиб чиқиб, тиббиёт олийгоҳларининг 200 нафар битирувчиси магистратура ва клиник ординатура дастурлари асосида етакчи хорижий таълим муассасаларида ўқитилади.

Жорий йилда амалдаги 40 та санитария қоида ва нормалари қайта кўриб чиқилиб, халқаро стандартларга мувофиқлаштирилади.

Давлатимиз раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, мазкур устувор йўналишларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш бўйича топшириқ берди.

Мавлуда Ибрагимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    163
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+