Ўзбекистон – Хитой: ҳамкорликнинг янги босқичлари

25.01.2024, 11:59

Ўзбекистон – Хитой: ҳамкорликнинг янги босқичлари

Бугун кунда Ўзбекистон-Хитой муносабатлари барча соҳа ва йўналишларда мисли кўрилмаган даражага кўтарилиб бормоқда. Ўтган йилда товар айирбошлаш 50 фоизга ошиб, рекорд кўрсаткич – 14 миллиард долларга етди. Кейинги йилларда Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялар ҳажми беш баробар, қўшма корхоналар сони эса уч баробар ошди. Инфратузилма, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва “яшил” энергетикада технологиялар трансфери соҳаларида ҳам изчил ҳамкорлик дастурлари амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган йил охирида Ўзбекистонда Хитой компаниялари иштирокида қуввати 1000 мегаваттлик иккита янги қуёш электр станциялари фойдаланишга топширилганини мамнуният билан қайд этиш жоиз.

Икки мамлакатлар ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик бугун янада кенгайиб боряпти.

Шу кунларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлиб тургани, учрашувлар давомида икки мамлакатлар ўртасидаги имзоланган ҳамкорлик битимлар ҳам фикримиз тасдиғидир.  

24 январь куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида Президентимиз Хитой етакчисига ташриф билан келиш таклифи ва кўрсатилаётган илиқ меҳмондўстлик ҳамда Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг юксак эътирофи учун самимий миннатдорлик билдирди.

Давлат раҳбарлари кейинги йилларда икки томонлама муносабатлар ривожида кучли суръатга эришилганини таъкидладилар. Барча даражаларда алоқалар фаоллашиб, сиёсий мулоқот мустаҳкамланиб бораётгани, мамлакатларимиз муҳим масалалар юзасидан бир-бирини қўллаб-қувватлаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

Хусусан, мамлакатимизга киритилган инвестициялар ҳажми кескин ошганлиги, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва “яшил” энергетика соаҳаларида янги лойиҳалар, дастурлар амалга оширилаётганлиги эътироф этилди.

Давлатимиз раҳбари инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашнинг молиявий воситаларини кенгайтириш, жумладан, қўшма платформа яратиш борасида келишувларга эришилганини, шунингдек, Хитой Эксимбанкининг Тошкент шаҳрида Марказий Осиё учун минтақавий офис очиш қарорини олқишлади.

Президентимиз хитойлик шерикларни Ўзбекистондаги давлат корхоналари ва банкларини хусусийлаштириш жараёнларида фаол иштирок этишга чақирди.

Етакчилар ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашганига мамнуният билдирдилар. Бу борадаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон ва Хитой ҳудудлари кенгашини тузишга келишиб олдилар.

“Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида Трансминтақавий транспорт ва транзит кўпригининг муҳим таркибий қисми бўладиган “Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича амалий ишларни тез фурсатда бошлаш муҳим экани таъкидланди.

Таълим ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, ўзаро маданият кунларини ўтказиш амалиётини давом эттириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Қўшма Ёшлар инновация форумини ўтказиш таклиф қилинди.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур ташрифи икки мамлакатлар ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги босқичини бошлаб беради.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

 

  • Кўрилди
    137
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+