Минг йиллик дўстлик ва ҳамкорликнинг янги тарихий босқичи

26.01.2024, 11:56

Минг йиллик дўстлик ва ҳамкорликнинг янги тарихий босқичи

Янги Ӯзбекистонимиздаги туб ислоҳотлар ва ривожланиши кӯплаб тараққий топган мамлакатларнинг диққат марказида ва эътирофида эканлигини бугун ОАВ ва халқаро воқеа-ҳодисаларда ӯз аксини топмоқда. Жумладан, Ӯзбекистон ҳукумати вакиллари, хусусан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хитойдаги ташрифи ва у ердаги олий даражадаги қабул, музокара ва тадбирлардан ҳам мамлакатимиз салоҳияти ва кейинги ривожланиш жараёнларини тасаввур этиш мумкин.

Шахсан мен Ӯзбекистонимиз фуқароси сифатида бу тарихий ташрифни диққат билан кузатдим. Таъкидлаш керакки дунёда савдо, саноат, иқтисодиёт ва глобал лойиҳалари билан ривожланган етакчи давлатларидан бири Хитой Халқ Республикаси ҳукуматининг мамлакатимиз салоҳияти, имкония ва ривожланиш даражаларини юқори баҳолаётганлари, ишонч билдириб, ӯзаро ҳар томонлама стратегик ҳамкорликни кучайтиришлари фахр туйғусини туйиш баробарида, Ватанимизнинг порлоқ келажагидан ва оқилона олиб борилаётган сиёсатдан далолат беради.

Президентимиз ташрифи арафасида дунёдаги энг катта аудиторияга эга Хитойнинг етакчи газетаси «Жэньминь жибао»да Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон – Хитой: минг йиллар бардавом дўстлик ва ҳамкорлик» сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Унда икки мамлакат ӯртасидаги ҳар томонлама ӯзаро ҳамкорлик баробарида, бу стратегик ҳамкорлик ва ӯзаро дӯстлик тарихи минг йиллар олдин шакллангани ва бугун янги босқичга кӯтарилгани таъкидланган. Шунингдек Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси билан бугунги даврдаги ӯзаро савдо ва саноат соҳасидаги фаолиятига тӯхталиб, ӯзаро товар айрибошлаш рекорд даражада ошганини алоҳида эътироф этганлар: “Ўтган йилда товар айирбошлаш 50 фоизга ошиб, рекорд кўрсаткич – 14 миллиард долларга етди. Бу кўрсаткични, шу жумладан юқори сифатли саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш ҳисобига 20 миллиард долларга етказиш учун салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 14 миллиард доллардан ошди”. Бундай юқори самарали натижалар албатта мамлакатимизнинг иқтисодиёти ва ижтимоий соҳаларини янада ривожланишига муҳим омил бӯлиб ҳисобланади.

         Ташрифнинг илк кунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифини ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян билан учрашув ӯтказди. Сӯнг катта тантана ва олий даражада Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни кутиб олиш маросими бӯлиб ӯтди. Ростини айтсам, бу маросим ва ташрифни кӯриб, Президентимиз тимсолида халқимиз ва Ватанимизга бӯлган эҳтиром ва эътирофдан ниҳоятда мамнун бӯлдим.

Ӯзаро мулоқот ва учрашувларда кейинги йилларда Хитой инвестициялари ҳажми беш баробар, иқтисодиётнинг турли тармоқларида Хитой сармояси иштирокидаги корхоналар эса уч баробар ошгани, юксак технологиялар, муқобил энергетика, кимё, машинасозлик, металлургия, электротехника, инфратузилмани модернизация қилиш ва бошқа соҳаларда бир қатор йирик қўшма инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётгани, хитойлик ҳамкорлар кўмагида “яшил” энергетикани ривожлантириш ва 2030 йилга қадар 27 гигаватт қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқарадиган қувватларни барпо этиш сари муҳим қадамлар қӯйилгани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин томонидан имзоланган Қўшма баёнот ҳам тарихий ҳужжат ва ӯзаро ҳамкорлик учун муҳим ҳисобланади. Зеро унда томонларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорликни турли соҳаларда ҳар томонлама мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шерикликни мазмун жиҳатидан бойитишга интилиши тасдиқланган. Бу ҳужжатлар ичида менинг диққатимни тортгани – Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ва Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Хитой Халқ Республикаси Таълим вазирлиги ўртасида хитой тилини ўқитиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битимлар ҳамда Самарқанд ва Циндао шаҳарлари ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида битими бӯлди. Зеро Президентимиз таъкидлаганларидек, ягона нажот таълимда бӯлиб, шу йӯл орқали илмий ва ақлий салоҳиятни юксалтириб, янги тараққиёт босқичига қадам қӯйишимиз мумкин.

Жадид боболаримиздан бири маърифатпарвар олим Маҳмудхӯжа Беҳбудий Миллий биқиқликдан чиқиб, дунё миқёсида фикрлай оладиган, чет эллар билан сиёсий, иқтисодий, маданий-маънавий муносабатларда жаҳон андозалари даражасида иш юритадиган миллатга айланишимиз керак, деган орзулари бугун Янги Ӯзбекистон тараққиёт жараёнларида ӯз рӯёбини намоён этганини мамлакатимиз ва Хитой каби етакчи мамлакатлар билан ӯзаро шериклик ва ҳамкорлик доирасидаги самарали ишларда кӯришимиз мумкин. Муҳими, биз Ватанимиз истиқболи ва халқимизнинг эртанги фаровон келажаги учун бор имкониятларимизни сафарбар этиб, юртимиздаги ҳар қандай сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий соҳаларидаги ӯзгаришларга ӯз ҳиссамизни қӯшишимиз, бой маънавий меросимиздан фойдаланиб, уч минг йиллик тарихга эга халқ вакили сифатида Ӯзбекистонимиз манфаати учун ташаббус ва жонбозлик кӯрсатишимиз керак.

Баҳодир РАҲМОНОВ,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати,

фалсафа фанлари бӯйича фалсафа доктори.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    158
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+