Тили ва дили бир депутат

15.02.2024, 17:37

Тили ва дили бир депутат

Юртимизда ўзининг раҳбарлик маҳорати, жонкуярлиги  ва ташаббускорлиги билан эл орасида ҳурмат-эътибор қозониб келаётган инсонлар, хайриятки, кам эмас. Албатта, етакчилик қобилияти ҳаммада ҳам бўлавермайди. Лекин интилган, изланган одам ҳеч қачон кам бўлмайди ҳам. Шу маънода бугун биз сизга таништирмоққа чоғланаётган замондошимиз –  Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Сирдарё вилоят филиали директори, O‘zLiDeP фаоли,  Халқ депутатлари Гулистон шаҳар  кенгаши депутати  Санжар Худойбердиев ҳақиқий маънода XXI аср  вакили дейишга ҳақлимиз.

Эндигина қирчиллама ёшдан ўтган қаҳрамонимиз асли Сирдарё вилоятининг  Ховос туманида  шифокорлар оиласида таваллуд топган. Билмадик, балки бир умр халқ саломатлиги йўлида ҳалол хизмат қилган  ота-онасига болагидаёқ астойдил ҳавас қилгани учунми ё бу соҳа вакилларига бўлган ҳурмат-эътибори катталиги боисми, хуллас, тиббиёт йўлини танлаб адашмаган экан. У Тошкент тиббиёт академиясини тамомлагач, икки йил Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида жарроҳлик бўйича клиник-ординатурада ўз малакасини оширди. Бир сўз билан айтганда, тиббиёт сир-ас рорларини пухта эгаллаш учун тинмай ўқиди, изланди. Устозлари этагидан маҳкам тутган шогирдга ишонч мустаҳкам эди. Асосийси, у ўз устида қаттиқ ишлади, эринмади, билмаганини сўради.

Ёш мутахассис   бир муддат Жиззах   вилоятининг  Янгиобод туман тиббиёт бирлашмасида шифокор-жарроҳ сифатида элга хизмат қилди.  2011 йилда падари бузрукворининг устози, айнан Сирдарёда, кимсан, элдошлари орасида довруқ қозонган, обрўли шифокорларидан бири сифатида танилган Тожиқул Бўронов(охиратлари обод бўлсин)нинг тавсияси билан Сирдарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази  маслаҳат поликлиникасига шифокор-жарроҳ вазифасига  ишга келди. Машаққатли синовларни мардона енгиб ўтишига тўғри келди. Лекин бирор марта ҳеч кимга нолимади, аксинча, шундай савобталаб касбни эгаллагани учун ич-ичидан суюнди.

Ҳар қандай инсоннинг умр дафтарини унинг эл-улусга қилган ҳалол меҳнати, бой тажрибаси безаб туради, деганлари рост экан. Санжар Худойбердиев катта мактаб кўрган устозлари изидан борди. Ва ниҳоят дастлаб у  ушбу  марказда бўлим мудири, кейин эса  даволаш  ишлари бўйича  бош шифокор ўринбосари, уч йилча Соғлиқни  сақлаш  вазирлиги ҳузуридаги  Назорат инспекциясининг  Сирдарё  вилояти  бўйича раҳбари вазифасида фаолият  юритди. У бу масъулиятли соҳанинг қайси бир жабҳасида ишламасин, энг аввало, ўз касбига бўлган садоқати, талабчанлиги, ишчанлиги ва тажриба-ю маҳорати билан кўпчиликнинг  эътирофига сазовор бўлди.

2018 йилнинг ноябрь ойидан буён  200 ўринга мўлжалланган, 1 356 нафар тиббиёт ходимлари хизмат қилаётган  Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Сирдарё вилоят филиали раҳбари сифатида ишлаётган замондошимиз нафақат ўз соҳаси бўйича, балки жамият тараққиёти йўлида ҳам бошқаларга ибрат намунасини кўрсатмоқда. Ҳозирги кунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этилган сунъий нафас бериш аппарати, спап, кислород концентратори, ультратовуш, мобиль рентген, стационар рентген аппаратлари ва бошқа замонавий тиббий асбоб ускуналар мужассам бўлган ушбу тиббиёт муассасасида ўтган йилнинг ўзида  14 369 нафар бемор ўз саломатлиги тиклагани марказ жамоаси олиб бораётган хайрли ишлардан айрим парчалар холос.

Очиғини айтганда, Санжар Худойбердиевга ўзи ҳақида партиямиз нашрида мақола чоп этишимизни сездирмагандик. Гап орасида соҳадаги ўзгаришлар, учраётган айрим муаммоларга ечим топиш ва сайловчилар билан учрашувлари ҳақида матбуот саҳифаларида ҳам ёритишга оид таклиф чиққанида “Илтимос, имкони бўлса кўпам мақтаманглар, эл соғлиги йўлида қўлимиздан келгунича хизмат қил япмиз, “Бизлар ишлаяпмиз, бу меҳнат холос” деб ёзганмиди Эркин Воҳидов бир замонлар. Худди ана шу сатрлар бизнинг соҳамиз вакилларига берилган баҳога ҳам жуда мосда” деб қўйди у...

Ана энди қаҳрамонимизга юксак ишонч билдириб, 2019 йилда 25-Обод юрт сайлов округидан  O‘zLiDePдан Халқ депутатлари  Гулистон шаҳар  кенгаши депутатлигига сайлаган сайловчиларнинг дил сўзларига ҳам қулоқ тутайлик.

Гулистон шаҳридаги “Обод юрт” маҳалласи раиси Рустам Бозорбоевнинг изоҳ беришича, Санжар Худойбердиев вақт топди дегунча шифокор ё марказ раҳбари сифатида эмас, балки депутатлик мақомидан келиб чиққан ҳолда, биринчи навбатда маҳалламизда яшовчи эҳтиёжманд, кам таъминланган одамларнинг оилавий ҳол-аҳволи ҳақида сўраб суриштиради. Имкони борича тиббий ёрдамга муҳтож, ишсиз ва ногиронлиги бор сайловчиларга алоҳида эътибор қаратишга ҳаракат қилади. 

– Санжар Худойбердиев  шаҳар кенгашига депутат  этиб сайланганидан бери маҳалламизда, лоф эмасу, лекин  бирор бир мурожаат беэътибор қолгани йўқ, – дейди  ҳоким ёрдамчиси Сарвар Ҳайитмаматов. – Депутатимиз ўтган йили тўрт марта сайёр қабул ўтказиб, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарлари рўйхатида қайд этилган  292 нафар фуқаронинг ишга жойлаштирилишига кўмаклашди. Ўз ўзини банд қилмоқчи бўлган 55 нафар  маҳалладошимизга 1 миллиард 312 миллион сўмлик кредит олишлари учун,   10 нафар кишига  субсидия асосида ўзлари  танлаган касб-ҳунар бўйича фаолият юритишлари учун зарур бўладиган  асбоб-ускуналар билан таъминланишига ёрдам берди.

– Депутатимиз иштирокида ўтказилган сайёр қабулларининг бирида маҳалламиздаги кўп қаватли 17-уйнинг  том қисмини шифер билан ёпиш ва “Бунёдкор” кўчасининг ҳудудимизга қарашли қисмини асфальтлаштириш масаласи амалий ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилган эдик, – дейди маҳалла фаоли Анвар Исмоилов. – Ана шу иккита мурожаатимиз ҳам ерда қолмади, ўтган йилда ўз ечимини топди. Ёки қачон фурсат топса сайловчилар ҳузурига шошилаётган вакилимиз катта-катта байрамлар арафасида шу  ҳудудда яшовчи 35 нафар меҳр ва эътиборга муҳтож инсонларга хайрия ёрдамини кўрсатиб, қанча дуо-ю раҳматлар эшитди.

Бундан ташқари, у кишининг ташаббуси билан ҳудудимизда бир неча бор тиббий кўриклар уюштирилиб,  12 нафар беморнинг шифохонада бепул даволанишига ва кўплаб эҳтиёжманд одамларга бепул тарзда дори-дармонлар тарқатилди. Бундай самимий дил изҳорларини бошқалардан ҳам эшитиб бошимиз осмонга етди.  Негаки, юртимизда давлатимиз раҳбари доимо таъкидлаб келаётган одамларни рози қилишдек савобли ишлардан ҳеч биримиз четда турмаслигимиз лозимлиги ҳақидаги халқона даъват мазмун-моҳиятини теран англаган Санжар Худойбердиев каби фидойи депутатлар, раҳбарлар, бир сўз билан айтганда, тили ва дили бир инсонлар сафи тобора кенгаяверишини Яратгандан тилаб қоламиз.

Бобурмирзо АБДУРАҲМОНОВ,

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят  кенгаши матбуот котиби

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    211
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+