Ҳунармандчилик тараққий этмоғи керак

05.04.2024, 13:13

Ҳунармандчилик тараққий этмоғи керак

Республикада миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича кенг имкониятлар яратилиб, қатор чоратадбирлар белгиланган бўлса-да, лекин анча йиллардан бери бу соҳа кичик бизнес ва якка тадбиркорлик ривожланишининг кучли, мустақил ва оммавий йўналишига айлана олмаётган эди. Шунингдек, “Ҳунарманд” уюшмаси берилган шунча имтиёз ва қулайликларга қарамасдан ўз сафларига ушбу машаққатли соҳа вакилларини қамраб олишда сусткашликка йўл қўйганди. Уюшмага аъзо бўлганлар сони айни йўналишдагиларнинг жуда кам қисмини ташкил этарди. Ҳунармандчилик марказларида сайёҳлик салоҳиятидан фойдаланиш ҳолати қониқарсиз, уларга молиявий ва хомашё ресурсларини ажратиш, маҳсулотларини сотиш, экспорт қилиш учун шароит яратишга ёрдам бериш ишлари етарли даражада эмас эди.

2017 йилдан бошлаб эса  ана шу бой маданий меросимизни асраб­авайлаш, бу борада тарихий анъаналарни изчил давом эттириб келаётган моҳир усталарнинг залворли меҳнатини муносиб қадрлаш, ҳар томонлама қўллаб­қувватлаш мақсадида давлатимиз томонидан тегишли фармон ва қарорлар қабул қилиниб, уларга янги имконият ва имтиёзлар яратиб берилди. Сўнгги 6 йилда ҳунармандчилик ва касаначиликни янада ривожлантиришга қаратилган 30 дан ортиқ норматив­ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, Президентимизнинг 15 та қарор ва фармонлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 20 га яқин қарорлари қабул қилингани фикримиз далилидир.

Айниқса, юртбошимизнинг  2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб­қувватлаш чора­тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазкур масалаларнинг том маънодаги ечими бўлди. Ҳужжат билан ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб­қувватлаш, уларга ер майдонлари ва бинолар ажратиш, муҳандислик­коммуникация тармоқларига улаш, имтиёзли кредитлар бериш, маҳсулотларини сотиш ва экспорт қилиш, шунингдек, республикамизнинг туман ва шаҳарларида ҳунармандчиликни ривожлантириш марказларини ташкил этиш ва “Уста­шогирд” мактаблари фаолиятини такомиллаштириш ишлари белгиланди. “Ҳунарманд” уюшмаси Савдо­саноат палатасига уюшган аъзо сифатида киритилиб, “Ҳунарманд” уюшмаси раисини мавқеи бўйича Савдо­саноат палатаси раиси ўринбосарига тенглаштирилди. Савдо­саноат палатаси ҳузуридаги туман ва шаҳар Тадбиркорларга кўмаклашиш марказлари томонидан ҳунармандларга ўз фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича беғараз хизматлар кўрсатиш, шу жумладан, ҳунармандларни ўз бизнесини ташкил этиш ва ривожлантириш кўникмаларига ўргатиш, ҳунармандчилик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, янгитдан ўз фаолиятини бошлаганлар учун кўргазмалар ташкил этиш назарда тутилди. Ҳунармандчиликнинг юқори талабга эга ва келажакда ривожланиш истиқболи бор турларини тўлиқ қамраб олиш мақсадида ҳунармандчилик фаолияти асосий йўналишларининг янгиланган рўйхати тасдиқланди. Ҳужжатда ҳунармандлар учун имтиёз ва қулайликларни кенгайтириш, шунингдек, уларнинг манзиллилиги ва самарадорлигини кучайтириш кўзда тутилган.

Хусусан, 2017 йилнинг 1 декабридан ҳунармандчилик субъектлари, яъни “Ҳунарманд” уюшмасининг аъзолари:

  • ҳунармандчилик фаолияти маҳсулотлари (товар, иш, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқ тўловидан тўлиқ озод этилди;
  • ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўловидан озод этилди;
  • қишлоқ туманларида рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган ҳунармандлар ўз фаолиятининг дастлабки икки йили мобайнида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадалининг 50 фоизини тўлайдиган бўлди.

Шу билан бир қаторда, ҳунармандларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, банк ҳисобрақамларидан чет эл валютасини нақд шаклда ечиб олиш ҳуқуқи берилди. Улар хорижий мамлакатларда ўтказиладиган кўргазма, фестиваль, ярмаркаларда ҳунармандчилик маҳсулотларининг экспорт шартномаларини тузмаган ҳолда сотиши мумкин. Бунда олинган даромад экспорт тушуми ҳисобланмайди. Шу билан бирга, ҳунармандларга ташқи реклама воситаларини жойлаштиришда маҳаллий бюджетга тўланиши белгиланган тўловларнинг 50 фоизи миқдорида имтиёз бериш жорий этилди. Шунингдек, доимий савдо қилиш жойларига эга бўлмаган ва вақтинчалик жойларда савдо қилувчи ҳунармандлар томонидан савдо қоидаларида назарда тутилган касса аппаратлари ва савдо терминалларидан фойдаланиш, шунингдек, савдодан тушган нақд пул тушумини тижорат банкларига инкассация қилиш ихтиёрий тартибда амалга оширилиши белгиланган.

Бундай амалий саъй­ҳаракатлар натижасида юртимизда миллий ҳунармандчилик санъати жадал ривожланиб бормоқда. Мисол учун, 2017 йилгача “Ҳунарманд” уюшмасига ўн мингга яқин киши аъзо бўлган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони қарийб 7 баробарга, шогирдлар 9 баробарга кўпайиб, соҳада банд бўлганлар сони 230 минг нафарга етди.

Ҳунармандчилик соҳаси – янги ишўринлари ташкил қилиш, ёшларни фойдали меҳнатга жалб етиш, туризмни ривожлантириш борасида ҳам катта имкониятлар манбаи ҳисобланади. Шу боис юртимизнинг барча ҳудудларида ушбу соҳани ривожлантиришга қаратилган манзилли дастурлар амалга оширилмоқда.

Шунга қарамай соҳада ечимини кутаётган айрим масалалар сақланиб қолмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 30 декабрдаги “Ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб­қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора­тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “2022 йилда ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди ва бир қатор вазифалар белгиланди.  Шунингдек, юртбошимиз 2023 йил 12 июнда “Аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт­шароитлар яратиш чора­тадбирлари тўғрисида”ги фармонни ҳам имзолади. Фармон билан “Ҳунарманд” уюшмасининг устувор вазифаси этиб ҳудудларда ҳунарманд чилик фаолиятининг ҳар бир йўналишини алоҳида ёндашувлар асосида ривожлантириш дастурларини амалга ошириш, айниқса, ҳунармандчиликнинг йўқолиб кетаётган турларини сақлаб қолиш ва келгуси авлодларга етказиш белгиланди.

Лекин Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари томонидан ҳунармандчилик марказлари фаолияти ўрганилганда юқоридаги фармон ва қарорларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйилаётгани ҳолатлари аниқланди. Хусусан, бугунги кунгача мазкур қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Қонунчилик палатасига киритилмаган. Тўғри, 2023 йилнинг декабрь ойида Савдо­саноат палатаси томонидан “Ҳунармандчилик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди. Бироқ бу масала бугунги кунда қайси жараёнда эканлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд эмас.

Яна бир жиҳати, парламент қуйи палатаси депутатлари томонидан 2023 йилнинг август­сентябрь ойларида Андижон, Тошкент, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги ҳунармандчилик марказлари фаолияти ўрганилганда уларни қийнаётган муаммолар ҳамон кам эмаслиги аниқланди. Хусусан, Андижон шаҳридаги “Жомъе” мажмуасида жойлашган  Ҳунармандчиликка кўмаклашиш марказига бориб, ҳунармандлар билан суҳбатлашилганда улар уюшмага аъзо бўлиб йиллик аъзолик бадалини шаҳар ҳудудида 3 базавий ҳисоблаш миқдорида (990 минг сўм), туман ҳудудида  2 базавий ҳисоблаш миқдорида (660 минг сўм) тўлашаётганини айтишди. Бундан ташқари пенсия жамғармасига йиллик  1 базавий ҳисоблаш миқдорида (340 минг сўм) ижтимоий солиқни тўлаётганликлари ҳам маълум бўлди.

Қолаверса, ҳунармандлар ижара тўловларининг ҳар йили ошириб борилаётгани юзасидан ҳам ўз эътирозларини билдиришди. Ижара ойлик тўловлари 2022 йилда ўртача 350 минг сўмни ташкил этган бўлса, 2023 йилда 535 минг сўмгача оширилгани сабабли уларга оғирлик қилаётгани, маҳсулотларига доимий талаб бўлмагани сабабли ижара тўловига қийналаётганини айтишди. Шу сабабли айрим ҳунармандлар уйларида ишлашга мажбур бўлишаётганлигини ҳам билдиришди. Жумладан, Мавлудахон Аҳмедова тўрт йилдан буён уюшма аъзоси экани, аввалги йилларда марказда фаолият олиб борган, бироқ 2023 йил январдан бошлаб ижара тўловининг кескин ошгани сабабли уй шароитида ишлаётганини билдирди. Бундан ташқари, ушбу марказда фолият олиб бораётган ҳунармандлар ижара тўловидан ташқари коммунал тўловларни ҳам ўз ҳисобидан амалга оширишмоқда.

Ўрганишлар жараёнида худди шундай камчиликлар Қашқадарё, Тошкент вилоятларида ва Тошкент шаҳридаги Ҳунармандлар марказида ҳам аниқланди. Президентимизнинг 2022 йил 30 декабрдаги “Ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб­қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора­тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳридаги “Оқсарой” майдонида жойлашган собиқ “Чорсу” бозори негизида замонавий Ҳунармандчилик маркази ташкил этилган. Ҳозирги кунда марказда 50 та гилам тўқиш ва шунча атлас­адрас тўқиш дастгоҳлари ҳамда 10 та тикув машинаси жойлаштирилган. Марказ ҳунарманд Нодир Маннонов раҳбарлигида фаолият юритмоқда. Ўрганиш вақтида марказда 20 дан зиёд аёлларни гилам тўқиш дастгоҳида ишлаётганини кўрдик, улар билан суҳбатлашдик. Уларга меҳнат дафтарчаси очилиб, иш берувчи билан меҳнат муносабатлари расмийлаштирилган. Лекин марказда ишлаётган шогирдлар ва уйида касаначи сифатида фаолият юритаётган аёллар билан иш берувчи ўртасида меҳнат муносабатлари расмийлаштирилмагани аниқланди.

Шу ўринда ушбу ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, баъзи таклиф ва тавсияларни ўртага ташлаш жоиз деб ҳисоблаймиз: 1. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида (2023 йил 22 июль, 307-сонли) “уста-шогирд” анъаналари асосида ҳунар ўрганаётган шогирдларга ёшга доир чеклов (30 ёшгача) белгиланган. Мазкур чеклов 30 ёшдан ошган ҳунар ўрганиш истагида бўлган фуқароларга шогирдларга бериладиган имтиёз ва енгилликлардан фойдаланиш имкониятини чекламоқда. Шу сабабли қарордаги “Уста-шогирд” анъаналари асосида ёшларга” сўзларини “ёшлар ва ҳунар ўрганиш истагидаги фуқаролар” сўзларига алмаштириш тавсия этилади.

  1. Норасмий бандлик улуши асосан қишлоқ хўжалиги, умумий овқатланиш, қурилиш ва текстиль соҳаларида кузатилмоқда. Бу улушни камайтириш мақсадида солиқ имтиёзларини белгилашда янги меҳанизмларни жорий этиш жоиз. Бунда, норасмий меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган фуқаролар билан меҳнат шартномаси имзолаган иш берувчиларга ишга қабул қилинган ҳар бир ходим учун меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг ижтимоий солиқ тўловини 12 фоиздан 6 фоизгача табақалаштирилган   тартибда тўлаш имкониятини жорий этиш.

         Бунда ходимлар сони:

10-20 нафаргача бўлса 10 фоиз;

20-30 нафаргача бўлса 9 фоиз;

30-40 нафаргача 8 фоиз;

40-50 нафаргача 7 фоиз;

50-100 нафаргача 6 фоиз ижтимоий солиқ тўланиши назарда тутилади.

  1. Президентимизнинг “Аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг 2-бандида 2023 йил 1 июндан 2025 йил 1 январга қадар “Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталоги” ва “Туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар реестри”га киритилган ҳунармандлар учун календарь йил давомида ҳунармандчилик маҳсулотларини (ишлар, хизматлар) реализация қилишдан тушган тушумнинг 100 миллион сўмдан ошган, бироқ 1 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдори бўйича айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилиши белгиланган. Лекин айрим ҳунармандларнинг бу имтиёздан хабари йўқлиги сабабли ундан фойдаланмаётгани маълум бўлди. Шу сабабли ушбу фармоннинг мазмун-моҳияти Ҳунармандлар уюшмаси ва солиқ органлари ходимлари томонидан кенг тарғиб қилинса мақсадга мувофиқ бўларди.
  2. Бугунги кунда Е-commerse тизимида фаолият юритаётган ҳунармандлар сони 500 нафардан ошган. Шундан деярли 60 фоизи халқаро онлайн платформаларда (ETSY, E-bay ва алоҳида сайтлар орқали) фаолият юритадилар. Халқаро онлайн платформалар асосан Paypal ва Payoneer тўлов тизимлари қўлланилади. Бироқ ушбу тўлов тизимларига Ўзбекистондан туриб рўйхатдан ўтиш имконияти мавжуд эмас. Шу сабабли, ҳозирда республикамизда фаолият юритаётган ҳунармандлар ва бошқа тадбиркорлик субъектлари чет элдаги учинчи шахслар орқали Paypal ва Payoneer тўлов тизимларига хорижий банклардан рўйхатдан ўтиб ишламоқдалар. Бу эса фирибгарларга учраб қолиш оқибатида савдо маблағларини йўқотилишига, юқори фоизларда (15-18 фоизгача) нақдлаштириш ва бошқа харажатлар туфайли маҳсулотнинг таннархини ошиши ва рақобатбардошлигини йўқолишига сабаб бўлмоқда. Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигига мазкур тўлов тизимларига Ўзбекистондан туриб кириш имкониятини кўриб чиқиш тавсия қилинади.
  3. Халқаро меҳнат ташкилоти тавсиялари ҳамда Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенция талабларига кўра, меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш қонунчилигига риоя этилиши юзасидан текширишларни инспекция назорати билан қамраб олинган ҳар қандай иш жойига олдиндан огоҳлантирмасдан ва хоҳлаган вақтда ҳеч бир тўсиқсиз кириши белгиланган. Юқоридаги тавсияларга асосан Давлат меҳнат инспекцияси томонидан Тадбиркорлик субъектлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор этган ҳолда амалга оширилишини белгилаш даркор.
  4. Мамлакатимизда ҳунармандчиликни ривожлантиришга оид бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Уларда соҳани ривожлантиришга қаратилган қатор имтиёзлар ва енгилликлар белгиланган. Лекин ҳудудлардаги ўрганишлар жараёнида кўпчилик ҳунармандларнинг ушбу имтиёзлардан хабардорлик даражаси етарли эмаслиги аниқланди. Ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, “Ҳунармандчилик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини парламент қуйи палатасига тегишли тартибда киритиш чорасини кўриш ва Ҳунармандлар уюшмасида фаолият юритаётган ходимлар малакасини ошириш бугуннинг долзарб вазифаларидандир.

Мавлуда ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    115
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+