ЁШЛАР СИЁСАТИ: ЯНГИ МАРРАЛАР, ЯНГИ РЕЖАЛАР САРИ ЙЎЛ

29.06.2024, 08:48

ЁШЛАР СИЁСАТИ: ЯНГИ МАРРАЛАР, ЯНГИ РЕЖАЛАР САРИ ЙЎЛ

Донишмандларнинг шундай ҳикмати бор: “Агар мамлакат 1 йил ривожланаман деса, буғдой эксин, агар 10 йил ривожланаман деса, дарахт эксин, агар 100 йил равнақ топаман деса, ўз ёшларини ўстирсин, уларнинг таълим-тарбиясига эътибор қаратсин. Дарҳақиқат, келажагимиз бунёдкорлари, эртамиз эгалари, тараққиётимизни таъминловчи асосий куч ёшлар экан, бу ҳикмат нақадар тўғри эканлигига шак-шубҳа йўқ.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан олиб борилаётган ёшлар сиёсати нафақат миллий, балки умуминсоний қадриятларга асослангани, ўзгармаслиги, узоқ истиқболга қаратилгани билан ғоятда аҳамиятлидир. Аслида давлатдаги ижтимоий барқарорлик кўп жиҳатдан ёшларнинг барча қатламларига йўналтирилган кучли ижтимоий ҳимояга, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда имкониятларини юзага чиқаришда етарли шарт-шароит яратилганига боғлиқ. Шу маънода, бугун Ўзбекистонда йўлга қўйилган ёшларга оид давлат сиёсати ана шу вектор бўйлаб ривожланаётгани таҳсинга сазовор.

Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида ёшлар сиёсатига бағишланган видеоселектор йиғилиши ҳамда ёшлар билан мулоқоти ҳар қачонгидан-да юқори кайфиятда ўтди. Уларда ёш ўғил-қизларни янги-янги ғоя ва марралар сари илҳомлантириш, фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб янгиликлар эълон қилиндики, буни катта ҳаяжон ва самимият билан қабул қилдик, десам, айни ҳақиқат.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда сўнгги етти йил ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни истеъдод ва салоҳиятини рўёбга чиқаришда “катта сакраш даври” бўлганини таъкидлаб, шу етти йил ичида ёшларга оид юздан зиёд қонун ва қарорлар қабул қилингани ва кўплаб имтиёзлар тақдим этилганини қайд этди. Биргина таълим кредитидан 151 минг ёшлар фойдаланган, эҳтиёжманд оиладан бўлган яна 110 минг талабанинг контрактини тўлашга 332 миллиард сўм ажратилгани фикримизнинг ёрқин далилидир. Эътироф этилганидек, бу ислоҳотларнинг барчаси олий таълимда қамров 9 фоиздан 42 фоизга, олийгоҳлар сони эса 77 тадан 212 тага етишида катта туртки бўлди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш доирасида ўтган тўрт йилда қилинган ишлар ҳар қандай кишини тўлқинлантириб юбориши тайин. Эътибор беринг, “Оилавий тадбиркорлик” дастурлари доирасида 13,5 триллион сўм кредит ажратилиб, 1 миллион ёш банд бўлгани жуда катта мотивация аслида.

“Ёшлар дафтари”дан 107 минг ўғил-қизларига 338 миллиард сўм субсидия берилгани, “Ёшлар саноат зонаси”да 2,5 триллион сўмлик 1,2 минг лойиҳа ишга туширилгани ёшларга яратиб берилаётган улкан имконият эмасми?! Бугун мана шундай ислоҳотлар ва янгиланишлар давридаги имкониятлардан фойдаланган ютади, акси бўлса ютқазади.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда биз ёшларга қарата катта ишонч билдириб янада кўпроқ имтиёз ва имкониятлар яратиб беришни таъкидлаб ўтди. Шулардан бири — янги ўқув йилидан олийгоҳлар қошидаги жами 73 та академик лицейда тажриба тарзида “Халқаро бакалавриат” ва “A-level” дастурлари жорий қилиниши бўлди. Бу дастурлар асосида сертификат олган ўқувчилар ўша олийгоҳга имтиҳонсиз, контракт асосида қабул қилинади. Ёшларимиз хорижий олийгоҳларда ўқиш учун математика, инглиз тили ва илмий фикрлаш бўйича “SAT” имтиҳонини топширмоқда. Бу тестларда 75 фоиздан юқори натижа кўрсатган ўқувчилар чет элни энг нуфузли олийгоҳларига грант ютаяпти.

Сир эмас, ёшлар бандлиги энг муҳим вазифа. Эндиликда ёшларни катта даромад келтирадиган касбларга ўргатиш, юқори қўшилган қиймат яратадиган лойиҳаларни кўпайтириш бўйича ҳам катта ўзгаришлар бўлади. Бунинг учун ҳар йили 100 миллион доллар ажратиладиган бўлди. Инвестиция вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси Ёшлар агентлигига ўтказилиши эса тарихий воқеа. Бу нима дегани? Президентимиз ёшларга ишонч билдирмоқда. Уларга янада кўп имконият яратиб бермоқдаки, биз ёшлар бу ишончни оқлашимиз зарур.

Яна айтдиларки, энг кўп иш ўрни яратган, фидойи ёш тадбиркорлар жамғарма кенгашига киради. Жамғарма раҳбарини ҳам ушбу ёшларни ўзи сайлайди. Жамғарма, ёшларнинг энг яхши 500 та лойиҳасини танлаб олади ва уларга “бизнес пакет” қилиб беради, лойиҳани тайёр бизнесга айланиб, даромад келтиришгача барча жараёнида кўмаклашади, бозорини топади. Бундай имкониятларга бугун эгамиз, эндиликда ўз устимизда ишлаб нималарга қодир эканлигимизни амалда исботлаш вақти келди, назаримда.

Таъкидлаш жоизки, “Креатив саноат парклари”ни ривожлантириш учун бу йилни ўзида 10 миллион доллар йўналтирилиши ҳақида сўз борди. Шунингдек, октябрь ойида Тошкент шаҳрида Креатив иқтисодиёт бўйича Тўртинчи бутунжаҳон анжумани ўтказилиши, тадбир кунига қадар креатив индустрияни ривожлантириш бўйича қонун қабул қилиниши кўзда тутилган. Бу эса биз депутатлардан янада фаол ишлашни талаб этади.

Умуман, бу йилги давлатимиз раҳбари раислигидаги ёшлар сиёсатига бағишланган видеоселектор йиғилиши ҳамда ёшлар билан мулоқоти тарихий ва эсда қоларли бўлди. Зеро, Президентимиз қайд этганидек, ёшларга кўмаклашиш, уларга тўғри йўл кўрсатиш — энг хайрли ишдир.

Шаҳноза ХОЛМАХАМАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    175
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+