Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантириш масалалари: амалиёт, муаммо ва истиқболдаги режалар

25.01.2019, 19:56

Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантириш масалалари: амалиёт, муаммо ва истиқболдаги режалар

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аёллар билан ишлаш бўлими ташаббуси билан партиянинг парламентдаги фракцияси билан ҳамкорликда “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантириш масалалари: амалиёт, муаммо ва истиқболдаги режалар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, хусусий тиббиёт муассасалари вакиллари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этган давра суҳбати очиқ мулоқот шаклида бўлиб ўтди. 

  Тадбирда асосий эътибор Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида тиббиёт соҳасига оид белгилаб берилган вазифалар ва 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар кўлами ва унинг мазмун-моҳиятини очиб беришга қаратилди.  

Тадбирда давлатимиз раҳбарининг мазкур фармонига мувофиқ тасдиқланган 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси аввалги ҳужжатлардан фарқли ўлароқ, соҳадаги камчилик ва муаммоларни кенг қамраб олган, мамлакатимиз тиббиётининг келгуси ривожланиши учун белгилаб берилган вазифалар яхлит жамланган тарихий ҳужжат эканлиги алоҳида таъкидланди. Ушбу ҳаётий концепцияни ишлаб чиқишда қатор вазирлик ва ташкилотлар, тиббиёт соҳасида фаолият олиб бораётган мутахассислар ўз таклиф ва тавсияларини бергани қайд этилди.  

Таъкидландики, мазкур концепция бугунги кунда тиббиёт соҳаси ривожига тўсқинлик қилаётган камчилик ва муаммоларни бартараф этиши, тизимга инновацион ёндашувларни олиб кириши, энг асосийси хусусий тиббиётни ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

 Ушбу ҳужжатда соҳани янада юқори босқичга олиб чиқишда давлат-хусусий шерикчилиги асосида хусусий тиббиёт ривожи, тиббий туризм ва бу борада инвестицияларни кенг жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва рақобат муҳитини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани партия дастури ва сайловолди платформаси билан ҳамоҳангдир.

Айтиш жоизки, кейинги йилларда соғлиқни сақлашда хусусий секторни ривожлантириш борасида изчил ишлар амалга оширилди. Хусусан, хусусий тиббиёт учун 41 та “ноль” қийматида бино, 82 та тадбиркорларга ер берилиб, улар учун жами 82 млн. доллар кредит маблағлари ажратилди, 16 таси чет эл инвестицияси иштирокида ташкил этилди. Шунга қарамасдан айрим ҳудудларда хусусий килиникалар умуман фаолият юритмаётганлиги тадбир иштирокчилари томонидан алоҳида тилга олинди.

Давра суҳбатида иштирок этган соҳа мутахассислари бу борада бир қатор тизимли муаммолар ҳақида тўхталиб, хусусий тиббиётни давлат тиббиёт ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишига ғов бўлаётган тўсиқлар қўшимча молия ресурсларидан соғлиқни сақлаш учун самарали фойдаланиш имконини бермай келаётганлигини қайд этишди. Буни тиббиёт амалиётининг таълим бериш жараёни ва илм-фан билан суст интеграциялашганлиги, тиббиёт кадрларини тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг замонавий тизимларини татбиқ этишдаги сусткашлиги, тиббиёт ходимларини ижтимоий-моддий ҳимоя қилиш даражаси пастлиги, соғлиқни сақлаш тизимига ахборот-коммуникация технологияларининг етарлича жорий этилмаганлиги каби қатор муаммолар мавжудлиги билан изоҳлаш мумкин. Бу каби муаммоларни бартараф этиш ва уларга амалий ечим топиш, бу борада мавжуд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш киритиш ва уларда хусусий тиббиётни янада ривожлантиришга оид нормаларнинг акс этиши юзасидан партия фаоллари томонидан 50 га яқин аниқ таклифлар билдирилди.

Қизғин баҳс-мунозара ва амалий таклиф ҳамда тавсияларга бой бўлган давра суҳбати якунида соҳани ривожлантиришга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб олинди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    3995
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Otaboyev Abror2019-01-28 15:15:14

Хусусий тиббиёт муассасаларини янада ривожлантириш, соғлом рақобат муҳитини шакллантиради. Бу билан аҳолига хизмат кўрсатиш сифатида ошиб боради


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+