O‘zLiDeP ташаббуси билан ташкил этилган республика конференциясида мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди

30.04.2019, 18:17

O‘zLiDeP ташаббуси билан ташкил этилган республика конференциясида мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 30 апрель куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ҳамкорлигида “Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, логистика ҳамда экспортини ташкил қилишнинг  долзарб вазифа  ва истиқболлари” мавзуида Республика илмий-амалий конференцияси ташкил этилди.

Конференцияда Қишлоқ хўжалиги, Инвестиция ва ташқи савдо вазирликлари, Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ва хўжалик бошқарув органлари, олимлар, тадқиқотчи-изланувчилар, фермерлар, агрокластерлар, хусусий корхоналар, тадбиркорлар ҳамда нодавлат -нотижорат ташкилотлар, чет эл капитали иштирокидаги корхоналар ва соҳага алоқадор бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Конференциядан кўзланган асосий мақсад, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурида ҳамда мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, шу жумладан мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, чуқур қайта ишлаш, логистика  ва экспортини ривожлантириш борасида белгилаб берилган устувор вазифаларни изчил амалга оширишда мавжуд илмий ва амалий имкониятларни кенг жалб этиш орқали таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборатдир.

Таъкидланганидек, иқтисодиётимизнинг муҳим бўғини бўлган мева-сабзавотчилик юртимизда хусусий сектор ривожланишининг тўрт асосий йўналишидан бирини ташкил этади. Бу борада мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлашда инновацион ва интенсив технологияларни кенг жорий қилинаётганлиги маҳсулот ҳажмини оширишда юқори натижа бермоқда. Шу сабабли, экспортбоп мева ва узум маҳсулотлари етиштириш учун тоғ, тоғолди, адирлик ва лалми ерлар ўзлаштирилиб, интенсив мевали боғ ва токзорлар барпо этиляпти, уларни томчилатиб суғориш усулида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Интенсив ва инновацион қишлоқ хўжалигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли чоралар амалга оширилиши натижасида бугунги кунда республика бўйича жами 44 минг гектар интенсив боғлар, 2,5 минг гектар ёнғоқзорлар ташкил этилди.

Жорий йилда қарийб 20 мингга яқин фермер хўжаликларида 21 мингдан зиёд лойиҳалар амалга оширилиши, уларда қўшимча ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилиши кўзда тутилган. Хусусан, кўп тармоқли фермер хўжаликлари томонидан 6,4 минг гектар майдонда интенсив боғ, 4,7 минг гектар майдонда янги токзор ва 950 гектар ер майдонида иссиқхоналар барпо этилади. Бу борада кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Конференция иштирокчилари бу каби ижобий ишлар билан бир қаторда мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш борасида жиддий камчиликлар борлиги кўзга ташланаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди. Таҳлилий маълумотларга кўра мамлакатимизда ҳар йили 20 миллион тоннадан зиёд мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилиб, атиги учдан бир қисмигина экспорт қилинмоқда холос. Ушбу етиштирилган маҳсулотнинг аксарияти чуқур қайта ишланмасдан қолмоқда. Бу эса мева-сабзавотчиликда қўшимча қиймат занжирини яратиш вазифасига жиддий эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатади.

Тадбир иштирокчилари шўъбаларга бўлинган ҳолда мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, логистика ва экспортини янада ривожлантириш, шунингдек маҳсулотларни сертификатлаш, янги стандартлар, инновацияларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар, айниқса соҳани янада тараққий эттириш борасида муҳокамалар олиб боришди, бу борада бир қатор жиддий фикр-мулоҳазалар, аниқ таклифлар билдириб ўтишди.

Конференцияда қишлоқ хўжалигини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва четга сотиш жараёнларининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришда соҳага алоқадор барча вазирлик ва ташкилотлар ҳамкорликда фаол иштирок этиши кўрсатиб ўтилди. Бундан ташқари қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида кластерларни ташкил қилишни ҳар томонлама рағбатлантириш, хорижий тажрибаларни чуқур ўрганган ҳолда аграр тадбиркорликнинг илғор шаклларини жорий этиш, қишлоқ хўжалигида ахборот-коммуникация ва инновацион технологияларини янада кенг қўллаш, органик маҳсулотларни етиштириш, халқаро стандартларни жорий этиш, “ақлли қишлоқ хўжалиги” лойиҳаларини амалга ошириш, бу борада фермер ва тадбиркорлар кўникма ва билимлари даражасини ошириш бўйича тизимли иш ташкил этилиши белгилаб олинди.

Конференция якунида ҳамкор ташкилотлар ўртасида муҳокама қилинган масалалар, ўзаро билдирилган таклифларни ўз вақтида ижросини таъминлашга қаратилган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум тузишга келишилди.

Конференция иштирокчиларининг билдирган аниқ таклиф ва мулоҳазалари асосида ишлаб чиқилган тавсиялар мева-сабзавотчилик соҳасини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш, инновацион технологияларни кенг жалб қилиш ҳамда экспортни рағбатлантиришга хизмат қилади.

  • Кўрилди
    1230
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Даврон Темиров O‘zLiDePБўка туман Кенгаши ижрочи котиби2019-05-01 16:00:05

Мамлакатимизда ҳар йили 20 миллион тоннадан зиёд мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилиб, атиги учдан бир қисмигина экспорт қилиниши ҳали бу соҳада жуда катта камчиликларимиз ва шу билан бирга имкониятларимиз борлигини кўрсатади. Бунинг учун етиштирилган маҳсулотларимизни бозор талабига мослаштиришимиз, қайта ишлаш, қадоқлаш , сифатли сақлашни сифатини оширишимз зарур. Бу ҳол мева-сабзавотчилик соҳасини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш, инновацион технологияларни кенг жалб қилиш ҳамда экспортни рағбатлантиришга хизмат қилади.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+