O‘zLiDeP “Аёллар қаноти”: Бола ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга барчамиз масъулмиз!

03.05.2019, 15:02

O‘zLiDeP “Аёллар қаноти”: Бола ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга барчамиз масъулмиз!

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аёллар билан ишлаш бўлими томонидан “Бола ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга барчамиз масъулмиз!” шиори остида республикамизнинг барча ҳудудларида турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Тошкент шаҳар тиббиёт академик лицейида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Халқ депутатлари Тошкент вилояти ҳамда Тошкент шаҳар ва туман Кенгаши депутатлари, партия фаоллари ҳамда тадбиркор аёллар иштирок этган тадбирда мазкур қарор болаларнинг ҳуқуқларини амалда кафолатлаш, айниқса етим болаларнинг жисмоний, интеллектуал, руҳий ва маънавий етук авлод бўлиб етишишини таъминлаш борасидаги муҳим тарихий ҳужжат бўлганлиги таъкидлаб ўтилди.

Таъкидлангидек, ушбу Қарорга кўра “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тайёрлаш вазифаси қўйилгани ҳам муҳим қадамлардан биридир. Унга кўра етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватланиши, болага нисбатан ишлатиладиган тазйиқ ва зўравонликлар турлари ҳамда унинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилиши кўзда тутилган.

Маълумки, Ўзбекистонда 18 ёшга тўлмаган 12 миллион 200 минг нафардан зиёд болалар бор. Аммо уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган институт мавжуд эмас эди. Шу маънода, қарорда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимининг жорий этилиши маъқуллангани ниҳоятда муҳимдир.

Бундан ташқари ушбу ҳужжатда ота-она қарамоғисиз қолган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар “Меҳрибонлик” уйларига жойлаштирилган, васийлик ёки ҳомийлик органининг розилигига кўра васийликка ёки ҳомийликка олувчи билан бирга яшаётган бутун вақт мобайнида, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар бронлаштириш ҳуқуқи берилиши назарда тутилган. Шу билан бир қаторда болаларнинг рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъий назар, уларга барча ижтимоий хизматлар кўрсатилиши, эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёшини ўн саккиз ёш этиб белгилаб қўйилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Қарорга кўра болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод қилинмоқда. Эндиликда, 14 ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун ота ёки онадан ёҳуд ота-онаси билан бирга яшамаётган бўлса, бир вақтнинг ўзида  ҳам отадан ҳам онадан алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир. Бу эса ота-оналарнинг яна бир бор вояга етмаган фарзандлар олдидаги масъулиятини  оширишга ундайди.

 Тадбир давомида мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ва бу борада O‘zLiDeP олдида турган муҳим вазифалар ҳақида ҳам сўз юритилди. O‘zLiDeP аҳолини барча қатламларини тадбиркорликка йўналтириш билан бир қаторда,  оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида ҳам ўз ташаббускорлигини кўрсатиб келмоқда. Айниқса, “Соғлом оила-мустаҳкам оила”, “Фаровон оила” каби лойиҳалар доирасида эрта никохларнинг олдини олиш, қизларни оилавий турмушга тайёрлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиботига оид ўтказилаётган қатор тадбирлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотиши билан бирга, ўзининг ижобий натижасини ҳам кўрсатмоқда.

Партиянинг барча ҳудудий кенгашлардаги “Аёллар қаноти” бу борадаги ишларнинг самарадорлигини янада оширишга астойдил ҳаракат қилмоқда.

Тадбир якунида иштирокчилар, бола ҳуқуқлари кафолатларини тўлақонли таъминлаш жамият манфаатларига хизмат қилишини таъкидлаган ҳолда, Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори мазмун-моҳиятини энг чекка ҳудудларгача тарғиб қилиш ва унда белгилаб берилган устувор вазифаларни ижросини таъминлашда барча мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган зарурий чора-тадбирлар режасини белгилаб олдилар.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1275
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Ж.Кадиров 2019-05-03 18:04:47

Бола ҳуқуқлари кафолатларини тўлақонли таъминлаш жамият манфаатларига хизмат қилади.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+