Янги қабулхона тадбиркорларнинг ишончли масканига айланади

22.05.2019, 17:14

Янги қабулхона тадбиркорларнинг ишончли масканига айланади

Кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга юртимизда хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги барча тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишларни янада тезлаштирди. Чунки ҳозирга қадар тадбиркорлар мавжуд муаммоларини ҳал қилишда маҳаллий ҳокимликлар, Савдо-саноат палатаси, тадбиркорликка кўмаклашиш марказларига суянар эди. Мазкур ташкилотларда айрим муаммолар ҳал қилинган бўлса-да, қолган аксарият муаммоларга ечим топиш узоқ вақт талаб этарди.

Эндиликда Фармонга мувофиқ,  тадбиркорларни ўйлантираётган ҳар бир муаммо билан Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари шуғулланади. Мазкур қабулхонада тадбиркорлар мурожаати, таклифи ва эътирози мутахассислар томонидан ўз вақтида кўриб чиқилади ва ҳал этилади.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, мазкур қабулхонага тадбиркорлар нафақат мавжуд муаммоларини ҳал қилишда, балки тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган айрим омилларнинг, хавф-хатарларнинг олдини олишга, ўзлари учун зарур бўлган қўшимча шароит ва имкониятларга эга бўлиш мақсадида айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар бериш имкониятига эга бўлишди.

Очиғи, партиямизнинг асосий электорати бўлган тадбиркор ва ишбилармонлар учун яратилган бундай имкониятдан беҳад хурсанд бўлдик. Энди биз депутатлар ҳам мазкур Фармон ижросини таъминлаш учун  Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари билан ҳамкорлик қилиб, тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларга амалий кўмак берамиз, ёш тадбиркорлар фаолиятида учраётган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашамиз. 

Таъкидлаш керакки, мазкур Фармон яқин кунларда тадбиркорликни янада ривожланишига, инвестиция ҳажми ошишига ва ишлаб чиқаришнинг кўпайишига замин яратади.    

  Шавкат САФАРБАЕВ,

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши раиси,

партия депутатлик гуруҳи аъзоси

  • Кўрилди
    1056
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+