O‘zLiDeP ишчи гуруҳи яккабоғлик сайловчилар билан ҳам мулоқот қилиб, муаммоларини ўрганди

21.02.2020, 15:06

O‘zLiDeP ишчи гуруҳи яккабоғлик сайловчилар билан ҳам мулоқот қилиб, муаммоларини ўрганди

Аввал хабар берганимиздек, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоларидан таркиб топган ишчи гуруҳ қашқадарёлик сайловчилар билан мулоқот қилиб, муаммоларини ўрганмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шаҳноза Холмаҳаматова  Яккабоғ туманида бўлиб, тиббиёт бирлашмасига қарашли шифохоналарда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифати ва беморлар учун яратилган шарт-шароитлар билан қизиқди. Мулоқотлар жараёнида туман тиббиёти замонавий ускуналарга муҳтож эканлиги маълум бўлди. Айниқса, жонлантириш бўлимидаги тиббий ускуналар алмисоқдан қолган, ўз умрини ўтиб бўлганлиги боис касалликларни аниқлашда муаммолар юзага келаяпти. Бирлашма бўлимларига 10 дона ИВЛ, 5 дона Автоклав ва 10 дона ЭКГ аппаратлари зудлик билан келтирилиши керак. Бундай ускуналарнинг йўқлиги боис беморларнинг бирлашмага бўлган ишончлари йўқолган. Касалликни аниқлаш ва малакали ташҳис учун 80 км. йўл босиб, Қарши шаҳрига қатнамоқдалар. Шифокорларнинг ҳам билим ва малакаларини ошириш борасида ҳам кўп иш қилиниши керак.

- Бино йўқлиги учун бир одамнинг хонадонидаги 2 та хонани вақтинча олиб, беморларга тиббий хизмат кўрсатаяпмиз, - дейди Уйғур ҚВП мудири Ашур Раҳмонов. – Муассасамиздаги шароит ўзига яраша. Шундай бўлса-да, одамлар шифо истаб келишаяпти. Ҳудуддаги коллежлар фаолиятини тугатгач, уларнинг биноси мактабларга берилди. Бизга бўшаб қолган мактаб биносини беришса ҳам ёмон бўлмасди. Аммо мутасаддилардан садо чиқмаяпти.

Тоғолди Ўрта қишлоғида ҳам ҚВП биноси йўқлиги учун тиббий хизмат кўрсатиш мослаштирилган бинода олиб борилаяпти. Депутат мазкур тиббиёт муассасаларини замонавий бино билан таъминлаш, тоғолди қишлоқларидаги сел ювиб кетган 5 та кўприкни қайта қуриш учун маблағ ажратиш борасида мутасаддиларга мурожат этишини билдирди. Шунингдек, Мажнунтол кўчасидаги чириб адо бўлган, одамлар ҳаётига хавф солиб турган симёғочларни янгиларига алмаштириш борасида туман электр тармоқларига мурожаат этилди.  

Шундан сўнг тумандаги “Кумуш куз файзи” агрофирмасида бўлиб, паррандачиликни ривожлантириш борасидаги ишлар билан танишиб, жамоа аъзолари билан мулоқот қилди. Бу ерда кунига 180 минг дона тухум ишлаб чиқарилиб, катта қисми Афғонистон ва Тожикистон республикаларига экспорт қилинмоқда. Олинган фойда эвазига “Ал Камол” савдо мажмуаси барпо этилган.

 Чўмич маҳалласида яшовчи тадбиркор Искандар Мейлиев кўп йиллардан буён новвойчилик билан шуғулланиб, аҳоли дастурхонларига бежирим ва сифатли оби нонларни тортиқ этиб қелмоқда. Яқинда у тадбиркорлигини кенгайтириб, хонадонидаги 2 сотих майдонда иссиқхона ташкил этиб, кўкат ва сабзавот маҳсулотлари етиштиришни ҳам йўлга қўйган.

- Олий Мажлис депутати билан ўнга яқин оилавий тадбиркорлар билан мулоқот қилиб, уларни аҳоли бандлиги ва фаровонлиги йўлида амалга ошираётган ишлари билан танишдик, - дейди туман кенгаши аппарат раҳбари Маҳмадали Қулбулов. – Тадбиркорларни қийнаб келаётган ўнга яқин муаммоларни мақбул ечимларини топишда O‘zLiDeP фракцияси аъзоси амалий ёрдам беришини билдирди. Туман аҳолиси бандлиги ва фаровонлигини ошириш борасида кенгашимиз ва депутатларимиз ҳамкорлигида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқдик ва амалга оширишга киришдик.

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    690
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+