Хоразмда O'zLiDeP фракцияси аъзолари қандай масалаларни ўрганди?

17.06.2020, 15:40

Хоразмда O'zLiDeP фракцияси аъзолари  қандай масалаларни ўрганди?

Аввалроқ, парламент қуйи палатасидаги O'zLiDeP фракцияси раҳбари А.Хаитов бошчилигидаги бир гуруҳ депутатларнинг Президент фармон ва қарорларининг жойлардаги ижросини ўрганиш мақсадида Хоразм вилоятида ўрганишлар олиб бораётгани ҳақида хабар берган эдик.

Халқ вакиллари воҳада аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш мақсадида  гуруҳларга бўлинган ҳолда иш бошлади.

Хусусан, O'zLiDeP фракцияси аъзолари Ваҳобжон Муродқобилов, Абдулла Рузметов ва Мадина Баратовалар вилоятдаги ўрганишларини Боғот туманидан бошладилар.

Дастлаб туман ҳокими Ойбек Холбоев ва сектор раҳбарлари билан учрашиб, ишчи гуруҳнинг мақсади, туманда амалга оширилаётган ишлар ҳолати ва галдаги вазифалар хусусида фикр алмашилди.

Шундан сўнг 2-сектор раҳбари Алишер Рўзметов билан биргаликда кам таъминланган хонадонларда бўлиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилди. Аниқланишича, ҳозирги кунда сектор таркибида 217 та кам таъминланган хонадон бўлиб, А.Рўзметов улар билан доимий равишда мулоқот олиб бормоқда.

“Узумзор” маҳалласи “Ҳамал” кўчасида яшовчи Бибихажар Отажонова ёлғиз она, боқувчиси йўқ. Устига-устак 3 нафар фарзанди ҳам ишсиз. Бу оила доимий даромад манбаига эга эмаслиги сабабли кўп йиллардан буён кам таъминланган оилалар рўйҳатида туради. Уларнинг яшаш шароитини яхшилашга, ўз томорқасидан унумли фойдаланишга кўмаклашиш мақсадида сектор томонидан 0,5 сотих иссиқхона қуриб берилган.

Айни дамда оила вакиллари томорқадан самарали фойдаланиб, пиёз, ловия, помидор, бодринг, карам, картошка, қовоқ, қовун ва мевали дарахтларни парваришлаб, ҳосилидан дастурхони тўкинлигини таъминлаб келмоқда. Қувонарлиси, фарзандлари ҳам иссиқхонада меҳнат қилиб, йилига 3 маротаба ҳосил олишга ҳаракат қилаётир.

“Чинор” кўчасида яшовчи Ҳуррият Матмуратова хонадони ҳам кам таъминланган оилалардан бири. Турмуш ўртоғи, ўзи ҳам ишсиз.  

– Давлатимизга, сектор раҳбарига раҳмат, карантин даврида ҳам доимий озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берди. Ҳатто фарзандларим касал бўлганда дори-дармонларгача таъминладилар. Мана яқинда прокурор бошчилигида бизга 1 бош қорамол, 15 та товуқ берилди. Энг қувонарлиси, турмуш ўртоғим ер қурилиш идорасига ишга кириб, эндиликда доимий ойлик маошига эга бўлди, – дейди Ҳ.Матмуратова. – Энди турмуш ўртоғим билан биргаликда товуқларни, қорамолларни кўпайтириб, даромадимизни оширамиз.

“Шамс” кўчасида яшовчи Рахима Эгамбердиева ҳам кўрсатилган амалий ёрдамдан миннатдор. Турмуш ўртоғи кунлик даромад топади, лекин ҳар куни ҳам иш топилавермайди. Ўзи ишлай деса тўшакка ётган қайнонасини парвариш қилади, бунинг устига руҳий касалликлар шифохонасида рўйҳатда турувчи қайн укаси ҳам унинг қарамоғида.

Шу сабабли сектор раҳбари бу оилага ҳомийлик асосида 3 бош қўй, томорқасидан унумли фойдаланиши учун эса эрта баҳордан кўчатлар етказиб берган. Ҳозир улар рўзғор учун зарур маҳсулотларни ўз томорқасида етиштириб келмоқда.

Суҳбат ва мулоқотлар чоғида Р.Эгамбердиева қайнотаси оламдан ўтгандан кейин уйининг кадастр ҳужжатини расмийлаштиришда муаммоси борлигини айтиб, шу масалада депутатлардан кўмак сўрашди. Ишчи гуруҳ аъзолари муаммони атрофлича ўрганиб, ҳал қилиш чораларини кўришларини маълум қилишди.

Халқ ноибларининг навбатдаги манзили Боғот туман давлат Солиқ инспекциясига қарашли 4-сектор фаолияти бўлди.

Сектор раҳбари Хушнуд Жуманиязовнинг айтишича, сектор таркибидаги 10 та маҳаллада 233 та ёрдамга муҳтож оилалар бор. Уларга “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида ҳозирга қадар зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган. Қолаверса, 19 та оилага томорқадан самарали фойдаланиш ва иссиқхона қуришга амалий ёрдам кўрсатилган. 63 нафар ишга лаёқатли фуқаролар эса фермер хўжаликлари ва қурилиш ташкилотларига ишга жойлаштирилган.

Ўрганишлар давомида депутатлар “Нурафшон” маҳалласи “Кўкалдош” кўчасида истиқомат қилувчи Муборак Ўринова хонадонида бўлишди. Маълум бўлишича, сектор раҳбари бошчилигида 1 бош қорамол берилиб, уйининг томидан чакки ўтиши сабабли ҳомийлар ёрдамида уй томи ҳам шифер қилиб берилган. Шунингдек, ғалладан бўшаган ерлардан 20 сотих майдон ажратилиб, 2- ва 3- такрорий экинлар экишлари учун берилиши режалаштирилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жойлардаги ўрганишлари чоғида Боғот туманида 2020-2022 йил ижтимоий иқтисодий ривожлантириш давлат дастурига киритилган лойиҳалар билан ҳам танишди.

Аниқланишича, “Боғот агро фут” МЧЖ томонидан “Техно усулида 30 минг бош парранда боқишга мўлжалланган” умумий қиймати 1 млрд 200 млн сўмлик, шундан 90 минг долларлик кредит лойиҳасини амалга ошириш бўйича барча ҳужжатлар “Ўзсаноатқурилиш банк” Хоразм вилоят филиалига топширилган. Лекин мутасаддилар негадир ресурс ажратишни ортга суриб келмоқда.

Ишчи гуруҳ аъзолари муаммони ўрганар экан, сектор раҳбарлари ва тегишли ташкилотлар билан биргаликда ушбу масалани ижобий ҳал этиш чораларини кўришларини билдирди. Чунки бу лойиҳа ишга тушса 10 та янги иш ўрни яратилади.                              

Куннинг иккинчи ярмида ишчи гуруҳ аъзолари Хоразм вилоят ҳокимлигида ташкил этилган депутатлар хонасида бўлиб, ҳар бир туманда олиб борилган ишлар ва аҳоли муаммолари, уларнинг таклифлари борасида ўзаро фикр алмашди  ва галдаги вазифаларни белгилаб олдилар.

Нилуфар ДЖАББАРОВА,

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

Сиёсий таълим сектори мудири

  • Кўрилди
    1265
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+