Ёшлар ҳам юрт эртаси учун масъул

26.08.2020, 11:27

Ёшлар ҳам юрт эртаси учун масъул

Жадал ривожланаётган фуқаролик жамияти бугунги кунда нафақат ҳаётий ва касбий тажрибага эга инсонлардан, балки, катта ҳаётга энди кириб келаётган ёш авлод вакилларининг ҳам мамлакатимизда рўй бераётган турли иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий жараёнларда фаол иштирок этишлари, ўз ғоялари, таклифлари ва лойиҳаларини дадил олиб чиқишлари зарурлигини тақозо этмоқда.

Маълумки, иқтисодий тараққиёт ижтимоий тараққиётнинг юксалишига, халқимиз турмуш фаровонлигининг ошишига замин яратади.

Шу боис, ҳозирги кунда Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган тадбиркорлик, кичик бизнес соҳаларига айнан ёшларнинг кенг жалб этилиши масаласи устувор бўлиб қолаётир.

Ушбу жараёнда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати –Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан сайланган Ёшлар парламенти аъзолари ҳам илгари сурилаётган долзарб ижтимоий масалалар моҳиятини теран англаган ҳолда ўз иш режаларини ишлаб чиққан. Бунда биринчи навбатда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бор шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, уларга тадбиркорлик ва ўзини-ўзи банд қилиши учун банк кредитлари ажратилишига кўмаклашиш, турмуш шароитларини яхшилаш учун ҳар томонлама шарт-шароит яратиш мақсадида тегишли мутасадди идоралар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, иқтидорли ёшларни танлаш, уларнинг интеллектуал ривожланишига шароит яратишга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, мамлакатимиз ва хорижнинг нуфузли олий таълим муассасаларида таълим олиши учун ахборот ва ҳуқуқий кўмак бериш ҳам кун тартибидаги муҳим масалалар сифатида илгари сурилган.

Бандлик масаласи устувор ижтимоий масалалардан бири сифатида партиянинг доимий диққат марказида саналади. Шу муносабат билан, туманлардаги бандлик марказлари, бўш иш ўринлари вакансиялари борасидаги маълумотларни бандлиги таъминланмаган ёшлар аудиториясига тезкорлик билан етказиш, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, компанияларнинг кадрлар бўлими билан алоқа ўрнатган ҳолда бўш иш ўринлари борасидаги маълумотларни олиш ва тегишли ёшлар доираларига оператив тарзда етказиш каби масалалар Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси Ёшлар парламенти аъзоларининг кундалик вазифаларига айланган.

Жаҳонгир БОЗОРОВ,
 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
 
ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси,
 
Бухоро вилояти
  • Кўрилди
    573
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+