“Сен—қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним”

01.09.2020, 09:44

“Сен—қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним”

Сир эмаски, ҳар йили Президентимиз раҳбарлигида энг улуғ, энг азиз байрам — мамлакатимиз мустақиллиги тантанали равишда, кўтаринкилик билан муносиб нишонланади. Эътиборлиси, ҳар йилги байрам тадбирлари ўзгача маъно-мазмун касб этадиган шиор остида нишонланади.

Бу йилги байрам «Сен — қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!» деган шиорни асосий ғоя сифатида ўзида мужассам этмоқда. Негаки, мустақиллик — эркин ва бахтли яшаш ҳуқуқи, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатларини таъминлашнинг бош омилидир.

Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига дадил қадам қўймоқда. Узоқ ва яқиндаги барча давлатлар, халқаро ташкилотлар билан алоқаларимиз тобора кенгайиб, ривожланяпти. Қувонарлиси, давлатимиз раҳбарининг оқил сиёсати туфайли келажаги буюк мамлакатимиз тараққий топган дунё давлатлари билан бўйлаша бошлади, бундан-да муҳим ўзгаришлар дунёқарашимизда, турмуш тарзимизда юз берди. Республикамиз улкан қурилиш, бунёдкорлик майдонига айланди.

Бугун мамлакатимизга ташриф буюраётган сайёҳлар Ўзбекистон деган бағрикенг юртни кўриш учунгина эмас, айни чоғда, унинг тажрибаларини ўрганиш, ундан ибрат олиш, завқланиш учун ҳам келмоқда. Буларнинг барчаси Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани самарасидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини тинглаб, бу борадаги ишлар изчил давом этишига яна бир бор амин бўлдим. Боиси бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда «Янги Ўзбекистон» ибораси тилга олинмоқда. Бу кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг эътирофидир.

Президентимиз ўз маърузасида пандемия даврида халқимиз том маънода қудратли кучга айлангани, буни «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати яна бир бор яққол намоён этганини алоҳида таъкидлади. Бу эзгу ташаббус ишбилармон ва тадбиркорларни, фидойи ёшларимизни, барча-барча ватандошларимизни олижаноб мақсад йўлида бирлаштиргани эътироф этилди.

Хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес соҳасини ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилаётгани, пандемия даврида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда улар ўз фаолиятини давом эттириши учун бизнес субъектларига турли имтиёз ва енгилликлар берилгани қайд этилди. Бундан англаш мумкинки, саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш бўйича бошлаган кенг кўламли ишлар бундан кейин ҳам изчил давом эттирилади.

Эътибор беринг, карантин талаблари жорий этилиши натижасида мамлакатимизда 72 минг 500 та саноат корхонасидан 16 минг 700 таси ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган эди. Бу борада давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қилинган тизимли ишлар натижасида 16 минг 600 та корхонада ишлаб чиқариш жараёни тикланди. Мамлакатимиз корхоналари маҳсулотларини жаҳон бозорларига олиб чиқиш бўйича белгиланган режалар ҳам бажарилмоқда. Аҳамиятлиси, йил бошидан буён 9 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
Булар ҳали ҳаммаси эмас. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация қилиш мақсадида халқаро молия ташкилотларининг маблағлари ҳисобидан қиймати 1 миллиард 200 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳар бир ҳудудда замонавий агрохизмат марказларини ташкил этиш учун Жаҳон банкининг 500 миллион долларлик маблағи жалб этилди. Бунинг натижасида миришкор деҳқон ва фермерларимиз бу йилги мураккаб шароитда фидокорона меҳнат қилиб, ғалладан олти ярим миллион тоннага яқин ҳосил етиштирдилар. Буларнинг барчаси мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, юртимиз нуфузини дунёда сарбаланд қилишга қўшилаётган ҳисса эмас-ми?

Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ўзининг иқтисодиётимиздаги ўта муҳим ва салмоқли ҳиссаси, роли ва бошқа ҳеч бир соҳа ва йўналиш ўрнини боса олмайдиган нуфузи билан давлат ва жамиятимиз ривожида алоҳида ўрин эгаллайди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, унинг улкан имкониятлари ва афзалликлардан кенг фойдаланиш борасида ҳали олдинда қилинадиган ишлар ниҳоятда катта.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз маърузасини эшитиб, жуда кўп хулосаларга келдим. Зеро, бугунги оғир вазият ҳар биримиздан ўз фаолиятимиз ва масъулиятимизни янада кучайтиришни талаб этмоқда. Демак, ҳаётимизнинг маъно-мазмунини тубдан ўзгартириб бергани учун мустақилликнинг қадрига етиш, уни авайлаб-асраш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    812
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Ўрол Олтибоев2020-09-02 10:46:06

Ислоҳотлар халқимиз турмуш даражасини янада юксалтиришга хизмат қилади. Бу борада ЎзЛиДеПнинг ҳам ўзига хос ҳиссасини қайд этиш лозим


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+