Депутат қабули: ёшлар бандлиги, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам, дастур ижроси муҳокама марказида

07.09.2020, 11:48

Депутат қабули: ёшлар бандлиги, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам, дастур ижроси муҳокама марказида

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида Деҳқонобод туманида депутатлик қабулини ўтказди. Депутатлар ва сайловчилар билан бўлиб ўтган мулоқотда туманда ҳал этилиши лозим бўлган кўплаб масалалар ва таклифлар ўртага ташланди.

Актам Хаитов  учрашувда тоғли ва тоғолди ҳудудларда яшовчи ишсиз фуқаролар, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашга катта эътибор қаратди. Жумладан, Деҳқонобод туманидаги “Оқтош”, “Чамбил” ва “Белибойли” маҳалла фуқаролар йиғинларида жойлашган қир-адирларда кооперация ташкил этиб, токзорлар барпо қилиш таклифини илгари сурган эди. Айни пайтда Оқтош ва Чамбил қишлоқларида 110 гектардан зиёд ер ёшлар ихтиёрига берилиб, “Гигант” навли экспортбоп ток ниҳоллари экилди. Эндиликда Деҳқонобод тумани ҳокимининг қарори билан токзорларни 700 гектардан ошириш ва 1000 нафарга яқин ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланди.   

Спикер ўринбосари шунингдек, тумандаги халқаро йўл таъмирталаблигини, бу йўлни таъмирлаш учун  республика бюджетидан 180 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланмай қолаётганини, аммо Деҳқонободдаги таъмирталаб йўлга маблағ берилмаганини, бу масалаларни ечиш чораларини кўриш зарурлигини айтиб ўтди.

Сайловчилар билан учрашувда туманда “Бошчорбоғ”, “Белибойли”, “Оқработ” МФЙ фуқаролари томорқалар учун имтиёзли кредитларни кўпайтириш,  “Гумбулоқ” МФЙда  “Темир дафтар”га кирган эҳтиёжманд фуқароларга  ёрдам кўрсатиш ва шу каби  мурожаатлар тингланди, уларнинг ечими юзасидан тегишли мутасаддилар билан чоралар белгиланди.

Деҳқонобод туманини ривожлантириш дастурига киритилган масалалар бўйича тегишли вазирлик ва идораларга депутат сўровлари юборилди.

O'zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    672
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+