Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизими тубдан такомиллаштирилади

08.09.2020, 15:04

Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизими тубдан такомиллаштирилади

Жорий йил 7 сентябрь куни Президентимиз мамлакатимиз ҳаётига доир яна бир муҳим ҳужжатни имзолади. «Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон ўз вақтида қабул қилингани билан катта аҳамиятга эгадир.

Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг қишлоқ хўжалиги ерлари ва экинларини мониторинг қилиш, қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилиш бўйича давлат назоратини амалга ошириш, тупроқшунослик, геоботаникага оид тадқиқотларни амалга оширишга доир вазифалари, функциялари ҳамда ваколатлари Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказилди.

Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ташкил этилди.

Агентлик кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия ва картография ҳамда давлат кадастрларини юритиш соҳасида ваколатли давлат органи ҳисобланади. Қолаверса, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказмаслик, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳамда давлат кадастрларини юритиш тартибини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни ҳам кўриб чиқади.

Яна ҳам муҳим бир жиҳат борки, бу ҳақда алоҳида айтиб ўтиш айни муддаодир. Ушбу фармонга асосан 2020 йил 1 октябрдан бошлаб ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, ўзгариши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлишини назарда тутувчи қарорлар, аукцион ва танлов баённомалари, нотариал тасдиқланган битимлар ҳамда бошқа ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Миллий географик ахборот тизимида давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин кучга киради.

Фармонда яна бир муҳим масала ечими кўрсатиб ўтилгани катта амалий аҳамиятга эгадир. Яъни, 2021 йил 1 январдан бошлаб ер тури, контури, чегараси ва ҳуқуқ эгалари ҳақидаги барча маълумотлар Кадастр агентлигининг онлайн геопорталига киритилади. Онлайн геопортал эса Миллий геоахборот тизимига интеграция қилинади. Ўз навбатида, ер баланси ва унинг ҳисоботи, туман (шаҳар) ер кадастри дафтари фақат Миллий геоахборот тизимида юритилади.

Фармонда белгилаб қўйилганидек, Кадастр агентлиги 2020 йил 1 ноябрга қадар онлайн геопортални синов тариқасида ишга тушириши ва 1 декабрга қадар барча қишлоқ хўжалиги хариталарининг онлайн геопорталга киритилиши ҳамда унинг Миллий геоахборот тизимига интеграция қилинишини таъминлайди.

Дарвоқе, Президентимиз фармони билан бирга «Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам қабул қилинди.

Ушбу қарорга кўра Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари негизида Кадастр агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари ташкил этилди. Уларнинг бошлиқлари Кадастр агентлиги директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Мазкур қарорда белгиланган яна бир янгилик – «Ермулккадастр» давлат корхонаси негизида Давлат кадастрлари палатаси ташкил этилмоқда. Ушбу палатанинг олдинги корхоналар иш услубидан энг асосий фарқи – бу кўчмас мулкка кадастр йиғмажилдини тайёрлаш ва уни давлат рўйхатидан ўтказиш билан битта идора шуғулланмайди.

Эндиликда Давлат кадастрлари палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари фақат регистрация билан регистрация орқали олган маълумотлари асосида давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш билан, ўзлари тўплаган маълумотларни ваколатлари органлардан олган ахборотлар билан бирлаштириб, Давлат кадастрлари ягона тизимини юритиш билан шуғулланади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, бундан буён ерларни ажратиш, уларнинг ҳисобини юритиш, ер назоратини амалга ошириш бўйича муаммолар бўлмайди. Зеро, Президентимиз томонидан имзоланган мазкур ҳужжатлар ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштиришга хизмат қилади.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    1087
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+