Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизими янада такомиллаштирилади

01.02.2021, 19:43

Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизими янада такомиллаштирилади

Шундай бир мулк борки, уни ҳимоя қилиш юрт келажаги ва тараққиётига дахлдордир. Бу — интеллектуал мулк. Яъни инсон ақл-идроки, онгу тафаккури, ижодкорлиги ва қобилияти билан юзага келадиган бебаҳо хазинадир.

Бинобарин, ҳар қандай мамлакат тараққиёти ва жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрни интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқ. Қайси мамлакатда интеллектуал мулк объектлари муҳофазаси оқилона йўлга қўйилган бўлса, ихтиро, кашфиёт ва саноат намунаси, селекция ютуқлари қўллаб-қувватланса, ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратиб берилса, у жойда ютуқ ва муваффақият салмоғи ҳам юқори даражада бўлади.

Шу жиҳатдан бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам интеллектуал мулкни ривожлантириш ва уни ҳуқуқий ҳимоя қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2021 йил 28 январдаги «Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори айни соҳани янада ривожлантиришга қаратилган десак, муболаға бўлмайди.

Қарорда 2021 йил 1 апрелдан бошлаб, интеллектуал мулк соҳасидаги халқаро шартномалар нормаларидан келиб чиқиб, товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисининг фақат тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ёки жисмоний шахс номига рўйхатдан ўтказилишига нисбатан қонунчиликдаги мавжуд чекловлар бекор қилиниши белгиланган. Бу нимани англатади? Албатта, бу – нафақат тадбиркорлик субъектлари учун балки эндиликда бошқа соҳаларда меҳнат қилаётган мутахассислар ҳам товар ва хизмат кўрсатиш белгисини ўз номига рўйхатдан ўтказиш имконияти яратилганидан далолат беради.

Мазкур ҳужжат билан интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатига олиш муддатларини кескин қисқартириш имкониятларини яратувчи тезкор экспертиза тартиби жорий этилгани ҳам энг оқилона қарордир. Бундан буён интеллектуал мулк объектини муҳофазага олиш учун топшириладиган талабнома бўйича дастлабки қидирув томонларнинг келишувига мувофиқ амалга оширилади.

Аҳамиятли томони шундаки, интеллектуал мулк муҳофазасини мустаҳкамлаш ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича «Йўл харитаси» ҳамда интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш бўйича 2021-2023 йилларга мўлжалланган амалий ишлар дастури тасдиқланди. Эндиликда вазирлик, идора ва бошқа ташкилотлар, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг биринчи раҳбарлари «Йўл харитаси» ва дастурда белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ бажарилишини таъминлайди.

Қарорда белгилаб қўйилганидек, 2025 йил 1 январга қадар миллий экспорт қилувчилар томонидан чет элда товар келиб чиққан жой номлари (географик кўрсаткичлар)ни рўйхатга олиш бўйича қилинадиган сарф-харажатлари Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўлиқ қопланади.

Жорий йил 1 июнга қадар давлат бошқаруви органлари ва давлат корхоналари, илмий-тадқиқот ва олий таълим ташкилотлари ўзларига тегишли бўлган интеллектуал мулк объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни бухгалтерия ҳисобида акс эттиради. Энг муҳими, экспорт улуши умумий товар айланмасининг 60 фоизидан ортиғини ташкил этадиган экспорт қилувчи, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари учун товар белгиларини 2021-2022 йилларда миллий рўйхатдан ўтказиш бепул амалга оширилади.

Мамлакатимизда патентлар билан ишлаш ҳали ривожланмаган. Бошқа мамлакатлар компаниялари патентлар билан фаол ишламоқда — улар сотиб олиш ва сотиш, патент ҳавзаларини яратиш, шунингдек, ўз маҳсулотларини бозорларга олиб чиқиш ёки ташқи бозорларда товарлар ва хизматлар билан билвосита рақобатлашиш борасида жадал фаолият юритмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарорига асосан, 2021 йил 1 октябрга қадар давлат бошқаруви органлари, давлат корхоналари, илмий-тадқиқот ва олий таълим ташкилотлари ўзига тегишли бўлган интеллектуал мулк объектлари ҳисобини тўғри юритиш, уларга бўлган ҳуқуқларни хўжалик муомаласига киритиш, илмий фаолият натижаларини тижоратлаштирилишига кўмаклашиш мақсадида Агентлик ҳузурида «Патент платформаси» ишга туширилиши соҳа тараққиётига хизмат қилиши муқаррар.

Инчинун, мазкур платформада ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, селекция ютуқлари, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, товар келиб чиққан жой номлари муҳофаза ҳужжатларига оид маълумотлар батафсил акс эттирилади. Платформа электрон шаклда реал вақт режимида юритилади ҳамда унга тадбиркорлик субъектлари ихтиёрий ва бепул асосда киритилади.

Хулоса ўрнида айтганда, интеллектуал мулкни ҳимоя қилишнинг такомиллаштирилган тизими ҳам корхонага, ҳам мамлакатга фойда келтиради. Мазкур қарорнинг ижроси интеллектуал мулкнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ҳамда инвестициявий жозибадорликни юксалтириш орқали мамлакатимизнинг халқаро майдондаги имижини янада яхшилашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

OʼzLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    821
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+