O'zLiDeP депутати Динара Қосимхўжаева илм-фан тараққиётига ҳисса қўшмоқда

26.02.2021, 18:39

O'zLiDeP депутати Динара Қосимхўжаева илм-фан тараққиётига ҳисса қўшмоқда

Маълумки, кимё соҳаси – замонавий саноатнинг «катализатори» бўлиб, ҳар қандай ишлаб чиқаришнинг тагида кимёвий жараёнлар ётади. Бу соҳасиз иқтисодиётда тараққиёт бўлмайди. O'zLiDeP депутати, «ТОШКЕНТВИНО КОМБИНАТИ» акциядорлик жамиятининг сифат бўйича директори Динара Қосимхўжаева Бектемирда мазкур жараённинг ривожланишига ҳисса қўшиб келмоқда. 

Динара опа бир неча йиллардан буён Тошкент давлат кимё технологиялари институтининг кимёгар олимлари ва илмга чанқоқ талабалари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Депутат ёш кимёгарларни қўллаб-қувватлаш баробарида, уларга амалий жиҳатдан таълим бериб келаётган эди. Динара Қосимхўжаева етиштирган кўплаб кадрлар айни дамда нуфузли ташкилотларнинг тажрибали мутахассисларига айланишган. 

Куни кеча депутат ташаббуси билан Ўзбекистон Миллий университети кимё факультети олимлари билан ҳамкорликда учрашув ташкиллаштирилди. «ТОШКЕНТВИНО КОМБИНАТИ»нинг Янгийўл шаҳридаги бўлимида бўлиб ўтган учрашувда олийгоҳнинг аналитик кимё кафедраси профессор-ўқитувчилари қатнашишди. Унда Ўзбекистон озиқ-овқат саноатидаги ютуқ ва камчиликлар, соҳада илғор технологияларни қўллаш, кимёвий таҳлилни озиқ-овқат саноатига сингдириш, мазкур саноатга илм-фанни татбиқ қилиш каби долзарб масалалар муҳокама этилди. 

Аввало, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика озиқ-овқат саноатини жадал ривожлантириш ҳамда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга доир чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида мазкур ташаббусни илгари суряпман, - дейди Динара Қосимхўжаева ушбу лойиҳа ҳақида. Лойиҳадан шунингдек, ёш олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, уларнинг илмий қарашларини ижтимоий ҳаётда, ишлаб чиқариш объектларида татбиқ этилишига шарт-шароит яратиш кўзда тутилган. Қолаверса, мамлакатимизда озиқ-овқат саноатида йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф қилиш, бу соҳага илм-фан нуқтаи назари билан ёндашиш, маҳсулотларимизнинг халқаро стандартлар ва хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб беришини таъминлашни мақсад қилганмиз.

Бугунги кунда илм-фан фақат қоғозлардагина қолиши эмас, инсонларнинг оғирини енгил қилиши, тараққиёт ва ривожланиш йўлида хизмат қилиши керак. Бунинг учун ҳар бир корхона, ҳар бир ташкилот илм аҳлини қўллаб-қувватлаши, уларнинг ихтиро ва тажрибаларидан ўринли фойдаланиши лозим. Ўзбекистонда илк бор озиқ-овқат саноатига илм-фан нуқтаи назари билан ёндашиш «ТОШКЕНТВИНО КОМБИНАТИ»да амалий йўлга қўйилмоқда. Жаҳон бозорига чиқиш учун халқаро сифат кўрсаткичларини аниқлаш мезонлари шу вақтгача фақат чет мамлакатларида катта маблағ асосида амалга оширилиб келинган. Эндиликда мазкур кимёвий таҳлил жараёнлари ўзимизнинг университетларда, олимларимиз томонидан амалга оширилса, иқтисодий салоҳиятимизга сезиларли даражада ижобий таъсир қилади. Иқтисодий ўсиш орқали эса янги иш ўринларини яратиш ва илм-фанинг ижтимоий ҳаётга татбиқ қилинишига замин яратади. 

Учрашув мобайнида ёш олимлар Бектемирда жойлашган «ТОШКЕНТВИНО КОМБИНАТИ»га ҳам ташриф буюриб, мазкур комбинат фаолияти билан яқиндан танишишди. 

- Шу вақтгача бир қанча корхоналарга ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлари устида аналитик таҳлил ўтказиш таклифи билан мурожаат қилганмиз. Бироқ аксарият ҳолларда рад жавоб олардик. Илк бор, «ТОШКЕНТВИНО КОМБИНАТИ»нинг ушбу ташаббусни қабул қилгани биз учун қувонарли янгилик бўлди. Айни дамда Динара Қосимхўжаева билан келгусида кўплаб йирик режаларни амалга оширишни келишиб олдик, - деди Ўзбекистон Миллий университетининг аналитик кимё кафедраси мудири, профессор Зулайҳо Сманова лойиҳа таассуротлари ҳақида. 

Учрашув сўнггида депутат Динара Қосимхўжаева Бектемир туманида олимлар ва ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамкорлигида Республика миқёсида семинар ташкил этилиб, унда ишлаб чиқарувчилар олдида турган муаммоларга олимлар билан биргаликда ечими топиш, илм-фаннинг ишлаб чиқариш билан интеграциясини йўлга қўйиш каби масалалар кўрилишини қайд этди.

Мафтуна КАРИМОВА

  • Кўрилди
    220
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+