Когонлик 240 нафар ёшларга экин экиш учун ер ажратиб берилди

10.03.2021, 14:36

Когонлик 240 нафар ёшларга экин экиш учун  ер ажратиб берилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O’zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов Бухорода бўлиб, қатор тадбиркорлик субъектлари, ёшларга ер ажратиб бериш жараёнларида иштирок этди.

Спикер ўринбосарининг дастлабки манзили Когон тумани, Когон МФЙ ҳудудида жойлашган, “Баҳор шанс” кластери экин далалари бўлди.

Бу ерда O’zLiDeP вилоят Кенгаши фаоллари, вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши вакиллари, туман ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда ёшлар учрашдилар.

Тадбирда O’zLiDeP фракцияси раҳбари ёшларга ердан унумли фойдаланиш бўйича ўз тавсияларини берди. Айнан суҳбат уюштирилган унумдор ердан ўн бир нафар ёшга, яъни уларнинг ҳар бирига ўн сотихдан ажратиб берилди.

–Келгуси йил олийгоҳ талабаси бўлиш ниятим бор, – дейди Гулобод қишлоғида яшовчи Озода Амонова. – Унгача ҳозиргина Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари бошчилигида менга ажратиб берилган ўн сотих ердан унумли фойдаланмоқчиман. Насиб бўлса, яхшигина даромад қилсам, ўқишим учун керакли бўлган маблағни ортиғи билан жамлайман. Ёшларга ер ажратиб бериш тенгқурларим учун ҳам яхшигина имконият манбаи бўлди.

Туман ҳокимлиги мутасаддиларига кўра, ҳозирга қадар Озодага ўхшаган 240 нафар ёшларга ер ажратиб берилган. “Асосий режа эса 500 нафар ёшни шу иш орқали бандлигини таъминлаш,” – дейди туман ҳокими ўринбосари Зубайдулло Шарипов.

O’zLiDeP фракцияси раҳбарининг навбатдаги манзили Туткунда МФЙда жойлашган Ҳотам Муродов хонадони бўлди. Мазкур хўжаликдаги томорқанинг бир қарич ҳам бўш жойи йўқ. Хотам Муродов уч сотих майдондаги иссиқхонасида  помидор етиштирмоқда. Томорқанинг қолган қисмида булғор қалампири, бақлажон, қолаверса, икки сотихда қулупнай парваришлаяпти.

“Бир йилда томорқадан қиладиган даромадим ўртача ўн миллион сўмдан ошади, – дейди Хотам Муродов. – Худога шукр, бундан ташқари, қора молларимиз, қўй-қўзилар ва товуқларимиз бор. Шу ернинг ўзида ишлаб топаётган пулимиз рўзғорга етаяпти.”

Шундан сўнг Актам Хаитов бошчилигидаги мутасаддилар Туткунда қишлоғида яшовчи Салим бобо Бахромов хонадонига ташриф буюрдилар. Отахон йигирма йилдан буён иссиқхонада помидор етиштираркан. У камтарлик қилиб, йиллик даромадини айтмаган бўлса ҳам олаётган соф фойдаси оиласи учун яратган шароитидан ҳам шундоққина билиниб турибди.

Отахон меҳнатлари самарасидан мамнун. У олти сотих майдондаги иссиқхонасида помидорнинг чинто навини парваришламоқда.

Актам Хаитов қайси хонадонга кирмасин, томорқадан унумли фойдаланиш, экинларнинг қайси навларини экиш сингари масалаларда томорқа ер эгаларига ўз тавсияларини берди. Тажрибали деҳқонларни ёшларни ва қўни қўшниларини жалб қилган ҳолда кўпроқ маҳорат дарслари ташкил қилишга даъват этди.

O’zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

 

  • Кўрилди
    671
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+