Халқни рози қилиш учун қуйи бўғин раҳбарлари масъулиятни чуқурроқ ҳис қилиши лозим

09.04.2021, 18:13

Халқни рози қилиш учун қуйи бўғин раҳбарлари масъулиятни чуқурроқ ҳис қилиши лозим

Ростини айтиш керак, қуйи бўғин раҳбарлари ишни яхши ташкил қила олмаяпти. Тўғри, қуйи бўғинга ишни кўзини биладиган, билимли ва салоҳиятли кадрлар қўйилган. Аммо, тан олиш керак, ишни кетмаслигига асосий сабаб -  баъзи вилоятларда раҳбарларнинг ўзини қийнаш, фидойилик ва ташаббускорлик сезилмаётганлиги билан боғлиқдир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 8 апрель куни ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу ҳақда айтиб ўтилди. Баъзи раҳбарлар танқид остига олинди.

Хўш, қандай қилсак, қуйи бўғинда муваффақиятларга эришамиз?   Президентимиз ўтказган видеоселекторда чекка ҳудудларда жойлашган ер участкаларининг бошланғич нархини чегирма билан сотувга қўйиш ваколатини маҳаллий кенгашларга беришни таклиф этиши бу борада бюракратик тўсиқларни бартараф этишда муҳим роль ўйнайди. Бундан ташқари, унумдорлиги паст бўлган ва фойдаланилмаётган қишлоқ хўжалиги ерларида ҳам кичик саноат зоналари ташкил этиш мумкинлиги ҳам айтиб ўтилди. Шу маънода тан олиш керакки, бизнес барқарорлиги учун инфратузилма сув ва ҳаводек зарур. Лекин жойларда бу борада камчиликлар борлиги тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлмоқда.

Президентимиз видеоселектор йиғилишида саноат зоналарини инфратузилма билан таъминлашга жорий йилда 2 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилаётганини, бунинг эвазига йил якунига қадар 168 та саноат зонаси 468 километр электр энергияси, 362 километр газ, 405 километр сув ва 104 километр йўл билан таъминланишини айтиб ўтди.

Яна бир муҳим масала шундан иборатки, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашни кенгайтириш мақсадида уч йил давомида солиқларни ўз вақтида тўлаган интизомли тадбиркорларга солиқларнинг 50 фоизини бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқини бериш тартиби ишлаб чиқилиши белгиланди. Шунингдек, экспортнинг валютаси чет элдан ўз вақтида келиб тушмагани учун жарима миқдорини 2 бараварга қисқартириш, мажбурий ижро орқали ундириладиган қарздорликни бюджет ва тадбиркорлар фойдасига тенг тақсимлаш бўйича топшириқлар берилди.

Ҳақиқатда, тадбиркорлик ривожи бандлик масаласи билан чамбарчас боғлиқ. Жорий йилда бандлик дастури асосида 457 мингта доимий янги иш ўрни ташкил этиш мақсад қилинган. Хусусан, кичик ва ўрта бизнес корхоналари ҳамда янги якка тадбиркорлар фаолиятини ташкил этиш ҳисобига 210 мингта, тармоқ ва ҳудудий инвестиция лойиҳалари ҳисобига 248 мингта янги иш ўрни очиш мўлжалланган. Бундан ташқари, 40 минг нафар ишсизларга ўзини ўзи банд этиши учун 92 миллиард сўм субсидия ажратилиши белгиланган. Йиғилишда бу масаланинг долзарблигига яна бир бор аҳамият қаратилиб, мутасаддиларга қатор топшириқлар берилди.

Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишининг аҳамиятли жиҳати шундаки, юрт тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар фақат раҳбар ёки мутасадди идораларга тегишли вазифа эмас. Шу юрт, шу замин фуқаросиман деган ҳар бир киши элу юрт тараққиёти учун ўзини масъул деб ҳисоблаши лозим. Давлатимиз раҳбари куюнчаклиги ва фидойилигини қуйи бўғин раҳбарлари ва халқимиз қўллаб-қувватлаши лозим. Зеро, ҳамжиҳатликда амалга оширилган ишда барака бўлади.

Мавлуда ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    677
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+