Депутат маҳаллада: Аҳолини қийнаётган муаммолар ўрганилди

12.04.2021, 16:54

Депутат маҳаллада: Аҳолини қийнаётган муаммолар ўрганилди

O'zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши раиси, депутат Фармон Аминов ва партиянинг Бухоро туман Кенгаши раиси Усмон Шомуродов туманнинг “Гулшанобод”, “Хумин” ва “Дилобод-Зафаробод” МФЙ  аҳолиси билан юзма-юз мулоқотда бўлдилар.

Учрашувлар давомида ҳудудда мавжуд 12 та трансформатор яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги боис, аҳоли хонадонларини элект энергияси билан таъминлаш талаб даражасида эмаслиги, айниқса, тадбиркорлик (тикувчилик, пишириқлар тайёрлаш) билан шуғулланаётган аҳоли қатлами, хусусан, хотин-қизларнинг ҳақли эътирозларини келтириб чиқармоқда. Ҳудуддаги Ҳотамовлар хонадони шунга мисол бўла олади.

Лоша ва Диёсиё қишлоқлари ўртасидаги 18 километр йўл таъмирталаб ҳолга келиб қолганлиги туфайли қишда лой, ёзда чанг эканлиги  ҳам аҳоли норозилига сабаб бўлмоқда. Гарчи йўлнинг дастлабки қисмига аллақачон асфальт ётқизилган бўлса-да, ушбу йўлни таъмирлашда сусткашликка йўл қўйилмоқда.

МФЙ раиси Отабек Тўйлиевнинг айтишича, ҳудуддаги Ўрта Работ, Дарғали, Аминобод, Тўқсабой, Бешбўри, Маликон, Хўжаработ ва Лоша қишлоқларидан 30-умумтаълим мактабига қатнайдиган ўқувчилар қишлоқ йўлларининг ўта таъмирталаб бўлиб қолганидан қийналмоқдалар.

Депутат Ф. Аминовнинг ўз сайловчилари билан ўтказган учрашувида Лоша қишлоғидаги коллекторни тозалаш, Беги жўги ва Оқработ қишлоқларидаги “Чақмоқ“ хўжаликлараро коллекторини қазиш ишлари пайсалга солиб келинаётгани гувоҳи бўлди.

“Хумин” МФЙ ҳудудидаги “Чақмоқ” қишлоғи аҳолисини ҳам кўпдан бери қийнаб келаётган ҳудудда давлат тасарруфидаги боғча мавжуд эмаслиги, қишлоқ ҳудудидан оқиб ўтадиган ариқни таъмирлаш муаммолари кўтарилди. Мазкур ариқ йўлдан баландда оқиб ўтганлиги сабабли тўлиб-тошган пайтда автомобиль йўлини сув босиши ва аҳоли ҳам бу йўлдан ўтишга қийналаётганлиги маълум қилинди. Бу билан афсуски, сув исрофгарчилига йўл қўйилмоқда.

Сайлов округининг “Дилобод-Зафаробод” МФЙ ҳудуди  аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш даражаси талабга тўлиқ жавоб бермаслигининг асосий сабаби илгари қишлоқда мавжуд ҚВП оптималлаштирилиб, ҳозирги кунда “Гулшанобод”МФЙ ҳудудида ташкил этилган Оилавий поликлиникага бориб-келиш узоқлиги, ҳамма вақт ҳам транспорт воситаси топилмаслигидадир. Навбатчи шифокор ва патронаж ҳамширалари доимий фаолият кўрсатсада, аҳолининг тор доирадаги шифокорлар қабулига боришга қийналаётганлиги баён этилди.

Учрашувда “Дилобод-Зафаробод” МФЙ биносининг таъмирталаб ҳолга келиб қолганлиги, маҳаллада дорихона йўқлиги, 1,5 километрдан кўпроқ масофадаги йўл асфальтланиши зарурлиги сингари бошқа бир қатор масалалар ҳам сайловчилар томонидан бирма-бир тилга олиб ўтилди.

Мулоқотларда сайлов округи аҳолисини иш билан таъминлаш масаласи ҳам долзарб эканлиги таъкидланди. Учрашувлар давомида илгари сурилган барча масалалар, ҳудудлардаги мавжуд муаммо ва камчиликлар депутатлик назорати остига олиниб, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда амалдаги қонунлар доирасида ҳал этишга киришилди.

O'zLiDeP Бухоро вилоят кенгаши

Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    518
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+