Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги: Ўзбекистон – турфа маданиятлар гуллаб-яшнаётган мамлакат

22.04.2021, 10:06

Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги: Ўзбекистон – турфа маданиятлар гуллаб-яшнаётган мамлакат

Бағрикенглик қон-қонига сингиб кетган халқимиз азал-азалдан турли миллат вакиллари билан оға-инилардек, дўст-биродар бўлиб яшаб келмоқда. Табиатан меҳр-оқибатли, саховатпеша халқимиз шўролар замонида қатағону қувғинга учраган кўплаб миллат вакилларига ўз уйидан бошпана берди, оғир дамларда бир бурда нонини улар билан баҳам кўрди. Бу ўзбекона фазилатлардан баҳраманд бўлган корейс, немис, турк, поляк, юнон, қрим-татар ва бошқа миллатларга мансуб кишиларнинг кўпчилиги шу элда доимий қўним топди, халқимизга хос дўстона муносабатлар боис қаддини тиклади. Уларнинг зурриёдлари эса шу заминда туғилди, шу ерда таълим-тарбия олиб вояга етди, шу масканда оилали бўлди, обрў-эътибор қозонди. Улар учун Ўзбекистон ҳақиқий Ватан бўлиб қолди. Шунинг учун ҳам улар “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиорига қатъий амал қилган ҳолда бор куч-қудрати ва салоҳиятини шу юрт, шу замин тараққиёти ва равнақига сарфлашмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги Фармонига мувофиқ тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да ҳам айнан бешинчи устувор вазифа сифатида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бaғрикенгликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Қашқадарё вилоятида ҳам 30 дан ортиқ турли миллат ва элат вакиллари ўзаро тинч-тотув, бирдамлик, баҳамжиҳатликда юрт равнақи, эл фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиб яшаб келмоқдалар. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олишлари, ўз қизиқиш ва лаёқатлари бўйича касб-ҳунар эгаллашлари, маданият, урф-одат, анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантиришлари учун барча зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилган. Барча миллат вакиллари давлат бошқаруви, иқтисодий-ижтимоий ҳамда маданий жараёнларда фаол иштирок этишмоқда.

Айни пайтда вилоятда 6 та, яъни вилоят Рус, Татар-Бошқирд, Туркман, Тожик, Араб миллий маданий марказлари ҳамда Тожик марказининг Деҳқонобод тумани бўлими фаолият юритиб келмоқда.

Мазкур маданий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Мамлакатимизда кенг нишонланадиган “Наврўз”, “Мустақиллик”, “Янги йил” байрамлари, Конституция қабул қилинган кун сингари муҳим саналарга бағишланган оммавий байрам тадбирларида “Сударушка”, “Ал-Арабия”, “Қуёш” каби миллий-маданий марказлар қошида ташкил этилган миллий-этнографик гуруҳлар фаол иштирок этмоқда. Уларнинг чиқишларида ҳам юртимизда миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик ўз аксини топмоқда.

Шу ўринда, вилоятда ҳозирги кунда жами 3334500 нафар аҳоли истиқомат қилаётган бўлиб, уларнинг 232003 нафари, яъни 6,96 фоизини турли миллат вакиллари ташкил этади. Шундан, 3102497 (93,4%) нафари ўзбек, 131817 (4,0%) нафари тожик, 35434 (1,06%) нафари туркман, 20395 (0,62%) нафари рус, 8043 (0,24%) нафари татар, 2995 (0,09%) нафари озарбайжон, 1948 (0,06%) нафари қозоқ, 2397 (0,07%) нафари украин ҳамда 28974 (0,86%) нафари бошқа турли миллат вакилларидир.

Ҳар бир миллатнинг тили унинг учун тенгсиз хазинасидир. Айнан вилоятда миллат ва элатларнинг ўз тилларини асраши, ўрганиши учун алоҳида шароитлар яратилган. Хусусан, ҳозирги кунда вилоят бўйича 29 та мактабда дарс машғулотлари тўлиқ тожик тилида, 2 та мактабда эса рус тилида ўқувчиларга сабоқ берилмоқда. Шунингдек, 50 та мактабларда аралаш қардош тилларда 2500 дан ортиқ малакали ўқитувчилар машғулотларни олиб боришаётганлиги ҳам бу борадаги самарали фаолиятнинг яққол далилидир.

Бугун вилоятимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари ўзбек тилида эркин сўзлаша олади, уларнинг миллий урф-одатлари ўзбек халқи томонидан алоҳида эътибор билан кузатилади ва ҳурмат қилинади.

Айниқса, миллий-маданий марказлар томонидан ўқув юртларида, маҳаллаларда ўтказилаётган учрашувлар, суҳбатлар ва турли тадбирлар миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, “Ўзбекистон — умумий уйимиз”, “Ватан ягонадир, Ватан биттадир”, “Қудратимиз — бирлик ва ҳамжиҳатликда” каби шиорлар остидаги ўтаётган фестиваллар кўп миллатли воҳамиз аҳолининг чинакам дўстлик байрамига айланиб улгурган.

Мухтасар айтганда, мамлакатимиз ер юзидаги турфа хил маданиятлар гуллаб-яшнаётган мамлакатлардан бири эканлиги ҳар бир ўзбекистонликка фахр-ифтихор бағишлайди. Кўпмиллатлилик ва кўпмаданиятлилик – бу бизнинг бебаҳо бойлигимиз десак, асло муболаға бўлмайди. Ўзбекистонни ўз Ватани деб билиб, унинг тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилаётган, миллий тикланишдан миллий юксалиш сари шиорига қўшилиб, ҳамжиҳатликда меҳнат қилаётган турли миллат ва элатга мансуб юртдошларимизнинг ҳар бири, шубҳасиз, буни теран ҳис қилади, англайди.

Даврон Шодмонов,

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати

Қашқадарё вилояти ҳудудий

бўлинмаси раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    476
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+