O'zLiDeP бўлажак сайловлар жараёнида фаол ёшлар ва волонтёрлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйди

28.04.2021, 13:12

O'zLiDeP бўлажак сайловлар жараёнида фаол ёшлар ва волонтёрлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйди

Жорий йил октябрь ойида бўладиган Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик кўриш мақсадида 28 апрель куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (O'zLiDeP) ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар парламенти, Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси ҳамда илмий эксперт доиралар вакиллари иштирокида “Сайлов жараёнларида волонтёрлар билан самарали ишлаш масалалари”га бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда O'zLiDePнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари, партия фаоллари, Марказий сайлов комиссияси ва Ёшлар парламенти аъзолари, олим ва экспертлар, ташаббускор ва волонтёр ёшлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда қайд этилганидек, жорий йилда бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига пухта тайёргарлик кўриш ва уни умумэътироф этилган халқаро тамойиллар асосида ўтказиш учун сайлов жараёни иштирокчиларининг миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро сайлов стандартлари бўйича билим ва амалий кўникмаларини оширишга янгича ёндошилади.

Шу нуқтаи назардан, тадбир жараёнида “Сайлов ҳуқуқи ва сайлов жараёнининг ташкилий-ҳуқуқий асослари”, “Сайловларни юқори савияда ўтказиш жараёни ва унинг ўзига хос хусусиятлари”, “Сайлов жараёнларида волонтёрлар билан ишлашнинг ҳуқуқий асослари ва замонавий услублари”, “Сайловларда ёшларнинг иштироки ва уни самарали ташкил этиш тизими”, “Сайлов жараёнларида волонтёрлар билан ишлашнинг ҳуқуқий асослари ва замонавий услублари” каби мавзуларда мутасадди вакилларнинг маърузалари, тақдимот материаллари ҳамда бўлажак сайлов жараёнида ўзаро ҳамкорлик қилиш режалари эшитилди ва кенг муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан 2021 йил 14 апрель куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури ва Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига оид низомларига асосан O'zLiDeP ҳам бўлажак сайловларга масъулият билан тайёргарлик кўришни ва Президентлик сайловларида O'zLiDePдан кўрсатиладиган номзоднинг сайловолди дастури лойиҳасини тайёрлаш жараёнини бошлаганлигини эълон қилди... Асосий тадбирлар дастурида сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ва фаоллигини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш, ушбу жараёнда ахборот-тушунтириш ишларини ташкил этиш, сайловга тайёргарлик жараёнини коронавирус пандемияси шароитини ҳисобга олган ҳолда ўтказиш бўйича вазифалар белгиланганлиги ҳам қайд этилди.

Давра суҳбатида мамлакат тараққиётини янги босқичга кўтариш йўлида ўз олдига буюк мақсадни қўйган Янги Ўзбекистонда Президент сайлови бу йил янги миллий сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган халқаро стандартларга амал қилинган ҳолда, демократик тамойиллар асосида ва бутунлай янгича муҳитда ўтиши алоҳида таъкидланди. Зеро, бу йилги Президент сайлови мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта муҳим устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топган илғор демократик ғояларнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодаси бўлади.

Бугун Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизини, O'zLiDeP аъзоларининг 50 фоизга яқинини ташкил этувчи ёшлар ва кўпминг сонли волонтёрларни сайлов жараёнларига кенг жалб қилиш ҳамда уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш партиянинг устувор йўналишларидан ҳисобланади. O'zLiDePнинг Сайловолди дастурида ҳам “Биз бугун мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига юқори фуқаролик масъулияти ва замонавий дунёқарашга эга ёшлар кириб келаётганини алоҳида эътироф этамиз” деб ёзилган.

Қолаверса, Ўзбекистонда кейинги йилларда фуқаролик жамияти, унинг институтлари фаол ривожланяпти. Аҳолининг ижтимоий фаоллиги ўсиб бормоқда. Одамларнинг жамиятда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси кучайиб, фуқаролик позицияси шаклланмоқда. Шулар қаторида волонтёрлик ҳам фуқаролик жамиятининг муҳим таркибий қисми ва унинг ривожланганлик кўрсаткичи бўлиб хизмат қилмоқда.

Волонтёрлар — юрт хизматига бел боғлаган ҳақиқий ватанпарварлардир. Мамлакатимизда хорижий давлатлардаги каби волонтёрлик турли миллий ва халқаро тадбирларни ўтказишда кенг учрайди. Масалан, хайрия тадбирлари ва акциялар ўтказилади. Спорт мусобақалари, йирик ижтимоий-сиёсий оммавий тадбирлар, хусусан, сайловларни ташкил қилишда ҳам кўнгиллиларнинг фаол иштироки кузатилади.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда O'zLiDeP бўлажак сайловлар жараёнида фаол ёшлар ва волонтёрлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар парламенти, Ёшлар иттифоқи ҳамда Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси билан ҳамкорлик меморандумларини тузишга келишиб олинди.

  • Кўрилди
    586
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+