Ўзбекистон ва Швеция: парламентлараро алоқалар юксак даражага кўтарилмоқда

17.05.2021, 17:14

Ўзбекистон ва Швеция: парламентлараро алоқалар юксак даражага кўтарилмоқда

Сиёсатшунослар парламентни мамлакатнинг уриб турган юрагига қиёслашади. Бу фикрда ҳеч муболаға йўқ. Чунки парламент томонидан қабул қилинган қонунлар мамлакат тараққиёти ва истиқболини белгилашда муҳим аҳамият касб этади.

Шу жиҳатдан айтиш жоизки, мамлакатимизда парламент дипломатиясини ривожлантириш, халқаро парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида янги қадамлар ташланмоқда. Бунда  хориж давлатлари парламентлари билан дўстлик гуруҳлари имкониятларидан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазавордир. Бу борада яқинда Олий Мажлис ва Швеция Риксдаги парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи ўртасидаги видеоконференцалоқа шаклидаги учрашувнинг ҳам аҳамияти жуда катта.

Учрашувда  дўстлик гуруҳига аъзо депутатлар, Швеция Риксдагининг Марказий Осиё мамлакатлари парламентлари билан ҳамкорлик гуруҳи раиси Ханна Вестерен бошчилигидаги дўстлик гуруҳлари аъзолари қатнашишди ва икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик соҳаларида мунтазам тажриба алмашиб боришга келишиб олдилар.

Мулоқотларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси асосида бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида ҳамда палата фаолияти, сиёсий партиялар фракциялари ҳақида батафсил фикр юритди.

Энг қувонарли томони шундаки, Швеция парламенти вакиллари Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган хамкорликни қўллаб-қувватлашини билдиришди. Бу албатта, икки давлат ўртасидаги парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш билан бирга халқаро миқёсдаги имкониятларимизни кенгайишига хизмат қилади.

Дилбар Усмонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

халқаро ишлар ва парламентлараро

алоқалар қўмитаси аъзоси.

  • Кўрилди
    419
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+