Давлат бюджети ижроси юзасидан O'zLiDeP фракциясининг нуқтаи назари

26.05.2021, 09:22

Давлат бюджети ижроси юзасидан O'zLiDeP фракциясининг нуқтаи назари

Депутатлар Давлат бюджетининг 2020 йилдаги ҳамда 2021 йил биринчи чоракдаги ижросини муҳокама қилишди

2021 йил 25 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқишди.

2020 йил якунлари бўйича юртимиз иқтисодиёти 2019 йилга нисбатан 1,6 фоизга ўсган бўлиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 580,2 трлн. сўмни ташкил этди. Ялпи ички маҳсулот ўсишининг 0,76 фоизи қишлоқ хўжалигига (соҳадаги ялпи қўшилган қийматининг ўсиши 3,0 фоиз), 0,55 фоизи қурилишга (9,2 фоиз), 0,18 фоизи саноатга (0,7 фоиз) ҳамда 0,04 фоизи хизматлар кўрсатиш соҳаси (0,1 фоиз) ҳиссасига тўғри келди. Шу билан бирга, ҳисобот даврида ялпи қўшилган қиймат таркибида хизматлар 36,3 фоизни (2019 йилда 36,1 фоиз), қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги 28,2 фоизни (28,0 фоиз), саноат 28,5 фоизни (29,3 фоиз), қурилиш 7,0 фоизни (6,6 фоиз) ташкил этди.

Бундан ташқари, 2020 йилда инвестицион фаоллик пасайиши ҳисобига асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 2019 йилга нисбатан 8,2 фоизга қисқарди ва 202,0 трлн. сўмни ташкил этди.

Пандемиянинг салбий таъсирига қарамай, Давлат бюджети даромадлари 2020 йилда 132,9 трлн. сўмни ташкил этиб, белгиланган 128,7 трлн. сўм прогноз 103,3 фоизга ёки 4,2 трлн. сўмга ошириб бажарилди. Даромадлар 2019 йил маълумотлари билан солиштирилганда 20,8 трлн. сўмга ўсди.

Шунингдек, 2020 йилда коронавирус инфекцияси тарқалиши туфайли карантин чекловлари киритилиши натижасида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан кўрилган кескин чора-тадбирлар натижасида меҳмонхона ва туроператорлар, айрим кичик бизнес субъектлари учун мол-мулк ва ер солиғи бўйича имтиёзлар берилиши, фаолиятини тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорларга солиқлар имтиёзларини ўрнатилиши ҳамда баъзи тадбиркорлик субъектлари учун солиқ қарзини тўлаш муддатларининг узайтириш, солиқ қарзи ундирилишини тўхтатиб туриш, солиқ қарзидан кечиб юбориш каби қатор чоралар кўрилганлиги аҳолининг реал даромадлари ошишига олиб келди.

Давлат бюджетининг 2020 йилдаги харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларисиз) 144,1 трлн. сўмни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан24,8 фоизни ташкил этди. Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 74,2 трлн. сўм ёки умумий харажатларнинг 51,5 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Бу харажатлар ялпи ички маҳсулотга нисбатан 12,8 фоизни ташкил этди. Ушбу харажатларнинг 85,1 фоизи ёки 63,2 трлн. сўми ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари ҳиссасига тўғри келди.

Депутатлар шу куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ҳам кўриб чиқишди.

2021 йилнинг январь-март ойларида республикамиз иқтисодиёти 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 3,0 фоизга ўсган бўлиб (2020 йилнинг 1-чорагида 4,6 фоиз), ялпи ички маҳсулот ҳажми 128,6 трлн. сўмни ташкил этди. Иқтисодий ўсиш саноатда 3,8 фоизга, қурилишда 0,5 фоизга, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида 3,1 фоизга ҳамда хизматлар кўрсатиш соҳасида 2,8 фоизга ўсиши таъминланган. Инфляция даражаси йиллик нисбатда 10,9 фоизни, ўтган йилнинг январь-мартига нисбатан эса 2,7 фоизни ташкил этди.

Ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари 33,9 трлн. сўмни, харажатлари эса 34,1 трлн. сўмни ташкил этиб, Давлат бюджети дефицити 188,2 млрд. сўмни ёки ЯИМга нисбатан 0,1 фоизни ташкил этди ва прогноз даражасида бўлди.

Қайд этилганидек, иқтисодиётни жонлантириш ҳамда истеъмолни рағбатлантириш мақсадида ижтимоий харажатлар 2021 йил 1-чорак якуни билан ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21 фоизга оширилиб, 18,2 трлн. сўмни ташкил қилди.

Шу билан бирга, 2021 йил 1-чорагида Ўзбекистон Республикаси Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари прогнози 8 436,9 млрд. сўм бўлиб, прогноз кўрсаткичлари 8 787,7 млрд. сўм билан ёки 104 фоизга бажарилди. Шундан, Давлат бюджетидан ажратилган трансфертлар 2 328,5 млрд. сўмни ташкил этди.

Ҳисобот даври учун Ўзбекистон Республикаси Давлат мақсадли жамғармалари харажатлари 9 489,3 млрд. сўм миқдорида режалаштирилган бўлиб, 9 192,9 млрд. сўм миқдорида ёки 97 фоизга ижро этилди.

Мажлис якунига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил ҳамда 2021 йил биринчи чорак ижроси тўғрисидаги ҳисобот юзасидан O'zLiDeP фракцияси бу бўйича қуйидаги нуқтаи назарни билдириб ўтади. 

O'zLiDeP фракцияси аъзолари бюджетдан ажратилаётган маблағларнинг самарали ҳамда мақсадли сарфланишини таъминлашда мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар масъулиятини янада ошириш, бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларда молиявий интизомга риоя этилиши юзасидан назоратни янада кучайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар берди.

Шунингдек, партия электорати бўлган тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар, кластерлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш жуда муҳимлиги билдирилди. Бу борада кредит ресурсларининг мақсадли ажратилиши орқали уларни қўллаб-қувватлаш, қонунчиликда белгиланган субсидияларнинг ажратилиши алоҳида назоратга олиниши кераклиги сўралди.

  • Кўрилди
    488
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+