Партиямиз бошланғич ташкилотлари дастур лойиҳасини такомиллаштиришга катта ҳисса қўшяпти

03.06.2021, 16:55

Партиямиз бошланғич ташкилотлари дастур лойиҳасини такомиллаштиришга катта ҳисса қўшяпти

Халқимиз ва давлатимиз ҳаётидаги ўта муҳим ижтимоий-сиёсий жараён – жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган Президент сайловига партиямиз пухта тайёргарлик кўряпти.

Хусусан, бир неча ҳафтадан буён партия ҳудудий ва маҳаллий ташкилотлари томонидан ўтказилаётган давра суҳбатлари, мулоқотларда фаолларимиз сиёсий куч сайловолди дастури лойиҳасига таклифлар, тавсиялар билдиряптилар.  Бу тадбирларда  депутатлар, тадбиркорлар, фермерлар қаторида бошланғич партия ташкилотлари вакиллари ҳам ғоят фаол қатнашяпти.

Ҳозирда републикамиз бўйича O'zLiDePнинг 13 минг 294 та қуйи бўғини фаолият юритмоқда. Улар 1 млн.дан зиёд маслакдошларимизни бирлаштириб турибди.   

Таъкидлаш керакки,  БПТлар корхона, ташкилот ва муассасаларда, одамлар билан юзма-юз фаолият юритади. Электоратимиз вакилларининг хоҳиш-истаклари, талаб-эҳтиёжлари ва муаммоларидан яхши хабардор. Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, қуйи бўғинлар ҳаётий ва халқчил таклифларни ўртага ташлаяптилар.

Масалан, Самарқанд шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Ҳикматилло” МЧЖдаги БПТ раиси Акмал Асадов тадбиркорлик субъектларини текширишга жорий қилинган мораторийни яна уч йилга узайтиришни таклиф қилди. Ҳақиқатан ҳам унинг таклифи асосли. Ўтган 4 йилда – мораторий амал қилган даврда тадбиркорлар сони икки баробарга кўпайиб, 400 мингга етди.  

Элликқалъа туманидаги “Бостон мега тектиль” хусусий корхонасидаги қуйи тузилма раиси Мадина Юлдашева қуйидагилар ҳақида сўз юритди:  “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган муҳтож фуқароларга тадбиркорликни йўлга қўйишлари учун банклардан кредит ажратилмоқда. Лекин ҳали тўла оёққа туриб олмасидан, уларга солиқлар солинмоқда. Муҳтож инсонлар бизнеси 2 йилга солиқлардан озод қилинса,  мақсадга мувофиқ бўларди.

Тошкент шаҳридаги “ПГС” хусусий корхонасидаги таянч нуқта етакчиси Мадамин Назиров маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини ички бозорда сотишда турли қийинчиликларга дуч келаётганликларини айтиб, тадбиркорларни бу борада қўллаб-қувватлаш учун қонунчиликка айрим ўзгартиришлар киритиш, муайян чора-тадбирларни амалга ошириш кераклигини қайд этди.  Масалан, фақат ўзимизда ишлаб чиқарилган товарлар сотилувчи,  ижара ҳақи ва бошқа тўловлар жуда арзон, шаҳарларнинг энг қулай нуқталарида  алоҳида савдо мажмуалари қурилиши айни муддаодир.     

Шунингдек, бошланғич ташкилотлар фаоллари тадбиркорлар малакасини ошириш марказларини кўпайтириш, озиқ-овқат нархлари устидан назоратни кучайтириш, депутатлар ваколатини ошириш, хусусий спорт муассасалари сонини кескин оширишга туртки берувчи чора-тадбирларни қўллаш ва юз минглаб юртдошларимизга наф келтирувчи бошқа кўплаб таклифларни  билдирдилар.

Хулоса қилиб айтганда, партиямиз бошланғич ташкилотлари  дастур лойиҳасини мукаммал ҳолга келтириш, уни халқ фаровонлигига хизмат қиладиган вазифалар билан тўлдиришга катта ҳисса қўшяптилар.

Умиджон Абдураҳмонов,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси БПТлар билан

ишлаш сектори бош консультанти 

Теглар
БПТ
  • Кўрилди
    686
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+