Ердан оқилона фойдаланиш давр талаби

10.06.2021, 17:06

Ердан оқилона фойдаланиш давр талаби

Ер-бебаҳо бойлик. Ундан оқилона ва самарали фойдаланиш бугунги кунда айниқса, муҳим ахамият касб этмоқда. Бироқ барча бойликларимиз манбаи бўлган ердан фойдаланиш, уни талон-тарож қилиш, ўзбошимчалик билан эгаллаш, ноқонуний сотиш каби камчиликлар йиллар давомида сақланиб келаётгани аччиқ бўлсада ҳақиқат эди.

Шу боис бугунги шиддат билан ўзгараётган давр олдимиза ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш масаласини қўймоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ана шу оғриқли масалаларга узил-кесил нуқта қўйди ва бу соҳада янги даврни бошлаб берди десак тўғри бўлади.

Фармонга биноан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратиладиган бўлди. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар эса мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади.

Айтиш керакки бу тўғри қарор. Зеро, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ер умуммиллий бойлик ҳисобланади. Бу эса мамлакат ер фондининг умумий тарзда давлат мулки эканини англатади. Бошқа табиий ресурслар каби ер ҳам давлат муҳофазасида бўлгани сабабли ундан оқилона, тўғри ва илмий асосланган тарзда фойдаланиш зарур. Чунки ер, қонунда белгиланган ҳоллардан ташқари, олди-сотди қилинмайди, айирбошланмайди, ҳадя этилмайди, гаровга қўйилмайди.

Мазкур фармонда белгиланган вазифаларни ўз вақтида аҳолига тушунтириш ва уни ҳаётга изчиллик билан татбиқ этиш олдимизда турган муҳим вазифалардан биридир. Ҳеч шубҳасиз фармонда назарда тутилган аниқ вазифалар аҳолининг ер ресурсларига бўлган муносабатини, деҳқон ва фермер хўжаликларида эса ердан самарали фойдаланиш, уларни муҳофаза қилишга бўлган масъулиятни янада оширишга хизмат қилади.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    872
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Рахманова Гульнара Арзеновна 2021-06-11 09:02:49

Партимиз фаоллари тамонидан мазкур фармонда белгиланган вазифаларни ва унинг мазмун мохиятини ўз махаллаларида, аҳолига тушунтириш ва уни ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилиши учун таргибот ташвикот ишларини фаоллик билан олиб бормокда.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+