Ўзбекистон – Тожикистон: стратегик шерикликнинг янги даври

11.06.2021, 16:31

Ўзбекистон – Тожикистон: стратегик шерикликнинг янги даври

Ўзбек ва тожик. Бу икки халқни умумий тарих, маданият ва маънавий қадриятлар, яхши қўшничиликнинг кўп асрлик анъаналари бирлаштириб туради. Бу яқинлик Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги муносабатлар учун мустаҳкам замин, асосий тамойил бўлиб хизмат қилади.

Кейинги йилларда икки давлат раҳбарларининг узоқни кўзлаб олиб бораётган ташқи сиёсати самарасида мамлакатларимиз ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик ва ўзаро дўстона алоқалар янада юқори поғонага кўтарилиб, стратегик шериклик даражасига етди. Ўзаро дўстона алоқалар аниқ амалий қадамлар билан бойитилган ҳолда, ўсиб борувчи траектория бўйлаб ривожланмоқда.

Эътиборга молик томони, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар каби қатор соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш учун қулай имкониятлар йўли очилмоқда. Юқори даражада ўрнатилган очиқ, самимий мулоқотлар эса ҳукуматлараро ва идоралараро ҳамкорликни кучайтириш учун мустаҳкам пойдевор қўйди.

Масалан, ўтган даврда икки томонлама муносабатларда кўп нарса ўзгарди. Биргина 2017 йилда товар айирбошлаш 70 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2020 йилда, мураккаб пандемия йилида ушбу кўрсаткич илк бор 500 миллион долларга етди. Савдо-иқтисодий алоқалар кенгайиб, маданий-гуманитар соҳадаги ўзаро муносабатлар мустаҳкамланмоқда. Қўшма корхоналар сони 8 баробар кўпайиб, бугунги кунда 200 дан ошгани, жумладан, Душанбе шаҳрида маиший техникалар ишлаб чиқарувчи “Артел Авесто Электроникс” қўшма корхонаси самарали иш юритаётгани бунинг амалий ифодасидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 10-11 июнь кунлари Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлгани халқларимиз ўртасида минг йиллар давомида ривожланиб келган маданий-гуманитар алоқалар ва инсонпарварлик ғоялари бошқа кўплаб соҳалардаги алоқаларни чуқурлаштиришда ишончли асос вазифасини ўташи, шубҳасиз.

Бинобарин, мазкур ташриф давомида Ўзбекистон ва Тожикистон стратегик шериклиги ва кўп қиррали ҳамкорлигининг барча жиҳатлари кўриб чиқилиб, сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Марказий Осиёда хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш, халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида ҳамкорлик қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилиб, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, икки мамлакат ҳудудлари салоҳиятини самарали ишга солиш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида саноат кооперациясини ташкил этиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди.

Томонлар стратегик шерикликни кенгайтиришда қатъий экани ва бу борада аниқ чораларни кўришга тайёрлигини таъкидлаб, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, транспорт соҳасидаги ва ҳудудлар ўртасидаги шерикликни ривожлантириш, энергетика йўналишидаги улкан салоҳиятни самарали ишга солиш, маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттириш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Давлатимиз раҳбари товар айирбошлашдаги ижобий суръатга қарамай, келгуси йилда уни икки баробарга кўпайтириш учун янги “ўсиш нуқталари”ни топиш муҳим эканини айтиб, шу мақсадда эркин савдо режимидан истисноларни бекор қилиш ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш масалаларини келишишни тез фурсатда якунлаш муҳимлигини билдирди.

Транспорт ва транзит ташишлар соҳасидаги ҳамкорлик ҳам стратегик йўналишдир. Шу боис, Президентимиз мамлакатларимиз транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шаҳарлар ўртасидаги ҳаво қатновларини кенгайтириш ва автобус қатновларини тиклашни таклиф этди.

Сир эмаски, Ўзбекистон билан Тожикистон яқин ҳамкор мамлакатлар сифатида халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ҳам бир-бирининг ташаббусларини доимо қўллаб-қувватлаб келмоқда. Шу сабабли томонлар БМТ, МДҲ, ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида ҳамкорликни давом эттириш ва бир-бирини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини тасдиқладилар.

Олий даражадаги учрашувлар жараёнида имзоланган Қўшма баёнотда эса эришилган асосий келишувлар мустаҳкамлаб қўйилган ҳамда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва стратегик шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича узоқ муддатли вазифалар белгиланган.

Ушбу салмоқли ҳужжатлар тўплами биродар мамлакат ва халқларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни янада, ҳар томонлама ривожлантириш, кўп қиррали шерикликни чуқурлаштириш йўлида янги натижаларга эришиш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилиши муқаррар.

Хулоса ўрнида айтганда, буларнинг барчаси Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадамлар бўлиб, икки мамлакат халқларини яқинлаштиришга, улар ўртасида дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Зотан, икки давлат Президентларининг ўзаро учрашувларидан кузатилган асосий мақсад ҳам шундан иборат.

Бахитбай АЛДАМУРАДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    386
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+