Миллиард сўмлик айланма маблағи бор оилавий корхона

15.06.2021, 15:58

Миллиард сўмлик айланма маблағи бор оилавий корхона

Денов туманидаги “Жаматак” маҳалласи ҳудудида “Рамазон текстиль” оилавий корхонаси 2019 йилда 300 миллион сўмлик банк кредити асосида иш бошлаганди. Бугунга келиб корхона 1 миллиард сўм айланма маблағига эга бўлди. Албатта, бу даражага етгунча ака-ука Муллақўчқоровларнинг анчагина меҳнатлари сингани аниқ. Улар ўзларининг оилавий корхонасида автомобиль ўриндиқлари ҳамда бошқарув рули учун қопламалар, дераза пардалари ишлаб чиқармоқда.

Корхонамизда мавсум пайтида 50 нафарга яқин ишчи меҳнат қилади, — дейди Қодирали Муллақўчқоров. — 4-5 турдаги ўриндиқ қопламалари ишлаб чиқараяпмиз. Уларни вилоятимиздаги дўконлардан ташқари, Қашқадарё, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Жиззах вилоятларига ҳам сотаяпмиз, харидорларимиз бор.

Корхонада меҳнат қилаётганлар асосан ёшлар. Улар учун махсус автобус ҳам ташкил қилинган бўлиб, ишга келиб-кетишлари таъминланган. Ишчи-хизматчиларнинг иссиқ овқати ҳам тайин қилиб қўйилган.

Денов туманидаги саноат зонасидан 15 сотих ер олдик, — дейди Қодирали Муллақўчқоров. — У ерда иккинчи корхонани ишга тушириб, фаолиятимизни кенгайтирмоқчимиз. Ҳозир шунинг ҳаракатидамиз.  Маҳсулотимизга талаб кучли, шу боис уларга харидор топишда ҳам қийналмаймиз.

Олий Мажлис Қонунчилик палтаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов бошчилигида туман ҳокимлиги, партиянинг вилоят Кенгаши вакиллари мазкур корхона фаолиятини бориб ўрганишди.

Маҳсулотларнинг тикилиш жараёни, сифати билан қизиқди. Бир сўз билан айтганда, уч ака-уканинг оилавий корхона очиб, меҳнат қилиб, унинг ортидан яхшигина даромад қилаётганларига гувоҳ бўлишди.

Яна бир гап. Ака-укалар 25 сотих томорқасида ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб, ундан ҳам қўшимча даромад олишади.

Ғайратли одамларнинг баракаси бошқача бўлади. Кейин ҳамжиҳатликдаги ишнинг унуми ҳам шунга яраша бўлади. “Рамазон текстиль” оилавий корхонаси асосчилари ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Бугун улар тадбиркорлик қилишиб, ҳаётда ўз ўринларини топишмоқда. Ана шундай ҳамжиҳат оға-инилар ва тадбирлилар кўпайса, жамиятда “мен камбағалман” дейдиган одамлар шунча камаяди.

O'zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1044
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+