Юксак мақсадлар сари ундовчи сўзлар

02.07.2021, 09:59

Юксак мақсадлар сари ундовчи сўзлар

Юртимиз келажаги ёш авлодга, унинг қандай жамият ва қандай шароитда камол топаётганига боғлиқ. Шунинг учун ҳам сўнгги тўрт йилда бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ватанимиз тарихида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 30 июнь – Ёшлар куни этиб белгиланди. Бугунги кунда ёшларнинг маънавий баркамол, халқпарвар, чуқур билимли ва касб-ҳунар эгалари бўлишига алоҳида эътибор қаратилаётир.

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида бир қатор таклифлар илгари сурилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизда ўтказилаётган “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остидаги фестиваль юртимиз бўйлаб 6 миллионга яқин ғайрати баланд, интилувчан ўғил-қизлар учун етуклик ва ҳақиқий ватанпарварлик кўриги бўлди. Давлатимиз раҳбари буни алоҳида эътироф этдилар. Албатта, ёшликка хос шижоат, жўшқинлик ва мардликни, эзгу орзу-интилишларни амалий ҳаракатга айлантириб, салмоқли натижаларга эришиш учун инсон ўз олдига аниқ мақсад қўйиб яшаши керак.

Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, буюк аждодларимиз эришган оламшумул ютуқлар замирида аввало она Ватанга, халққа хизмат қилишдек олижаноб мақсад мужассам эканини кўрамиз. Масалан, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек сингари улуғ алломалар, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби шоир ва мутафаккирлар, Абдулла Авлоний, Фитрат, Абдулла Қодирийдек маърифатпарвар адиб ва олимлар машҳур илмий кашфиётларини, ўлмас бадиий асарларини айнан сизларнинг ёшингизда яратганларини ҳаммамиз яхши биламиз ва бу билан фахрланамиз.

Бизнинг томирларимизда ана шундай улуғ боболаримизнинг қони оқар экан, уларнинг муносиб ворислари бўлиш, улар каби юксак мақсадлар сари интилиб яшаш барчамизнинг эзгу бурчимиздир.

Бугун биз давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этган ҳолда, мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлида катта қадамлар қўймоқдамиз.

Бу борада юртимизда мутлақо янгича шакл ва мазмундаги Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган мактаблар тизими яратилганини таъкидлаш лозим. Ушбу мактабларда таълим олаётган кўплаб ўқувчилар нуфузли халқаро танловларда юқори натижаларни қўлга киритмоқдалар.

Эндиликда, “Беруний издошлари”, “Мирзо Улуғбек ворислари”, “Алишер Навоий давомчилари” каби кўрик-танловлар ўтказиб, ғолибларни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади. Бу ҳам ёшлар учун, уларнинг билимларини мустаҳкамлаш учун катта аҳамият касб этади.

Сўнгги йилларда ёшларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишдаги ишлар давом эттирилган ҳолда, Парламентлараро иттифоқ кўмагида “Биз парламентда ёшларни қўллаб-қувватлаймиз!” деган эзгу ташаббус амалга оширилади. Ушбу тизим асосида сиёсий етук ва фаол ёш йигит-қизларимизни миллий парламентимиз ва маҳаллий кенгашлар фаолиятига янада кенгроқ жалб этилади.

Халқ депутатлари кенгашлари тавсияси асосида ёш, ғайратли, фидойи ўғил-қизларимиз бундан буён Олий Мажлис депутати ва сенаторларига бириктирилади. Шу билан бирга, маҳаллий кенгашларда ҳам, худди Сенат ва Қонунчилик палатасидаги каби, ёшлар парламенти вакиллари мактаби ташкил этилади. Шунингдек, иқтидорли ёшлар орасидан янги авлод захира кадрлари – “Келажак лидерлари”ни шакллантирилади. Бу ҳам биз депутатларга катта масъулият юклайди. Биз ёш авлодни камол топиши йўлида бор билим ва тафаккуримизни сафарбар этамиз.

Бир сўз билан айтганда, Ёшлар табригида илгари сурилган ғоялар, албатта, юртимиз тараққиёти ва ривожига хизмат қилади.

Баҳромжон РАҲМОНАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    581
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+