Маҳаллалардаги ободончилик ишлари маҳалла аҳли билан бамаслаҳат олиб борилиши зарур

09.08.2021, 10:14

Маҳаллалардаги ободончилик ишлари маҳалла аҳли билан бамаслаҳат олиб борилиши зарур

Мамлакатимизда амалга оширилаётган “Обод маҳалла” дастури кўплаб юртдошларимиз ҳаётини фаровон қилди, уларда келажакка, янги ислоҳотларга ишонч уйғотди. Ҳал қилиб бўлмайдигандек туюлган кўплаб ижтимоий-иқтисодий масалалар жуда тез фурсатда ечим топди,  маҳаллалар кўркам қиёфага кирди, одамларга қулайликлар яратилди.  Аммо, афсуски, ҳамма жойда ҳам бу борадаги ишлардан аҳоли хурсанд эмас. Хусусан, пойтахтимиздаги айрим маҳаллаларда яшовчилар ижтимоий тармоқлар орқали норозилигини билдирмоқда. Бир неча кун аввал “Aktualno.uz” сайти айрим маҳаллалардаги тушунарсиз, хўжакўрсинга олиб борилаётган “ободонлаштириш” ишлари бўйича шикоятлар, эътирозларни жамлаб, “Бордюр ўйинлари ёхуд баъзи маҳаллаларда ободончилик ишлари қандай бормоқда?” номли мақолани эълон қилди. Унда далил сифатида фотосуратлар ҳам келтирилган. Одамлар бекорга норози бўлаётгани йўқ.   Ҳақиқатан ҳам қурувчилар “қўли теккандан” кейин айрим жойлар бор фазу тароватидан ҳам маҳрум бўлмоқда. Масалан, “Чилонзор-2”даги “Макро” қаршисида жойлашган маҳаллада бордюрлар бир неча ҳафта ичида икки марта (?) алмаштирилди. Бу жараёнда кўпқаватли уйлар ҳовлисидаги кичик дарахтзорлар, гулзорлар, ўйин майдончаларига зиён етди, коммуникация люклари қум, шағал билан тўлди.    Аҳоли, чанг-тўзон  ва шовқиндан азият чекди. Мирзо Улуғбек тумани “Камолот” маҳалласидаги уйларнинг кириш-чиқиш подъездлари бетонлаштириляпти. Лекин бордюрлар қинғир-қийшиқ ўрнатилди. Йўлак эса махсус техника воситалари юролмайдиган даражада тор бўлиб қолган. Бундан ташқари,  маиший-коммунал хўжалик коммуникацияларига жиддий путур етказилган. Ҳаммаёқда қурилиш чиқиндилари сочилиб ётибди. Бошқа талай маҳаллаларда ҳам қурилиш ишлари номигагина амалга ошириляпти.   

Албатта, иш бор жойда камчилик ҳам бўлади. Бироқ бундай ҳолатлар камчилик эмас, ишга масъулиятсизлик билан ёндашиш, нўноқликдир. Одамлар тилга олаётган салбий ҳолатлар маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ўртасида ўзаро мулоқот, ишларни мувофиқлаштириш бўйича тизимнинг йўқлигини кўрсатади. Шунингдек, ижро органларига аҳоли билан бамаслаҳат иш тутишга нима халақит беради? Ахир, маҳаллалардаги айрим масканларни одамларнинг ўзлари маслаҳатлашиб, пул йиғиб таъмирлаган, бунёд этган.  Буни ҳисобга олиш зарур.  Туманлардаги  идоралар тегишли режалар, чизмалардан халқни хабардор қилса, одамларнинг таклифлари, хоҳиш-истакларини инобатга олса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.   

Нодир Абдувалиев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1050
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+