Янгича бошқарув, янги стратегия ва янги имкониятлар

18.08.2021, 15:26

Янгича бошқарув, янги стратегия ва янги имкониятлар

Бугун Ўзбекистон ўз мустақил тараққиётининг сифат жиҳатидан янги босқичига қадам қўйди. Бу йўлда у жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари ва йирик халқаро ташкилотлар билан турли соҳаларда самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, хорижий давлатлар билан дўстона ҳамда ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш борасида муҳим натижаларга эришиляпти.

Айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбари бугунги кунда нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг фаровонлиги учун жон куйдираётган, минтақани саноати ривожланган, обод ва дунё билан кенг интеграциялашган ҳудудга айлантириш орзуси билан яшаб, шунга монанд меҳнат қилаётган етакчи сифатида намоён бўлмоқда.

Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири билан суҳбатида қисқа даврда Ўзбекистон халқи мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига асос бўлувчи улкан ютуқларни қўлга киритгани чуқур мамнуният билан таъкидланган. Шунга монанд равишда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган ислоҳотлар ва модернизация жараёни, жумладан, қўшни мамлакатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича сиёсатни дунё ҳамжамияти эътироф этмоқда.

Яна бир муҳим хусусияти шундаки, унда янги Ўзбекистон — демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлат экани алоҳида қайд қилинган.

Янги Ўзбекистон ибораси ҳақида тўхталганда, энг аввало, янгича иқтисодий муносабатлар, янгича иқтисодий дунёқараш кўз олдимизда гавдаланади. Сўнгги беш йилда давлатимиз раҳбарининг мустаҳкам сиёсий иродаси туфайли тадбиркорлар ўз бизнесини ривожлантириш учун эркинлик ва янги-янги имкониятларга эга бўляпти, деҳқон ва фермерлар, кластер хўжаликлари ўзлари етиштирган ҳосилнинг ҳақиқий эгасига айланмоқда.

Буларнинг барчаси Президентимизнинг Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида туну кун тиним билмасдан, бор билим ва тажрибаси, куч ва имкониятларини сафарбар этаётгани ҳамда бу жараён тобора кучайиб, янги сифат босқичига кўтарилиб бораётганидан далолатдир.

Албатта, 35 миллион аҳолига эга бўлган, ўтган даврда кўплаб муаммолар тўпланиб қолган мамлакатнинг тақдири ва келажагини белгилаш борасида тўғри йўл танлаш — бу давлат раҳбаридан улкан ақл-заковат, билим ва тажриба, мустаҳкам ирода, жасорат ва азму шижоат талаб этади. Айни вақтда танланган ривожланиш йўлини ижтимоий институтлар, таъсирчан механизмлар орқали ҳаётга татбиқ этиш, одамларни ислоҳотларнинг мақсади ва натижасига ишонтириш, бутун жамиятни руҳлантириб, улуғ мақсадлар сари сафарбар эта олиш — янада мураккаб вазифа, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.

Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистон ўз миллий тараққиётининг янги босқичига қадам қўйган кейинги йилларда Президентимиз томонидан сиёсий-ижтимоий маконда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар кенг кўлам касб этиб, Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида туну кун тиним билмасдан, бор билим ва тажриба, куч ва имкониятлар сафарбар этилаётганидан ҳамда бу жараён тобора кучайиб, янги сифат босқичига кўтарилиб бораётганидан далолат беради.

Тадбиркорлар, фермерлар учун ҳам мисли кўрилмаган ўзгаришлар даври бўлди. Асоссиз текширувларга чек қўйилди, экспортёрлар рағбатлантирилди, ишбилармонлик ташаббуслари тўлиқ қўллаб-қувватланди. Ўтаётган беш йил мамлакатимизни нафақат ички, балки ташқи сиёсатини ҳам тубдан ўзгартирган, жаҳонга янги Ўзбекистонни кашф қилган давр бўлди, десак муболаға эмас.

Бинобарин, юртимизда кичик ва хусусий бизнес субъектлари сони кейинги пайтда икки баробар кўпайди, ушбу тармоқдаги 50 фоиздан зиёд корхоналар фақат кейинги уч йилда ташкил этилган. Чунки тадбиркорлар давлат томонидан қўллаб-қувватланмаса, уларга шароит яратиб берилмаса, хусусий корхоналар сони кўпаймаса, шаҳар ва туманларнинг маҳаллий бюджети ночор аҳволда қолаверади.

Ушбу тарихий суҳбатни ўқир эканман, айниқса, қуйидаги фикрлар эътиборимни тортди: “Барчамиз бир ҳақиқатни чуқур англаб олишимиз керак: тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш — фуқаролар, халқимиз фаровонлигини оширишнинг энг самарали йўли, Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг пировард мақсадидир. Бу соҳадаги мавжуд камчилик ва нуқсонларни ҳал этишда мамлакатимиз ҳаётини янада эркинлаштириш, очиқлик ва ошкоралик муҳитини, жамоатчилик назоратини кенгайтириш муҳим роль ўйнайди, деб ишонаман”.

Хулоса ўрнида айтганда, бугун Ўзбекистон халқаро ташкилотлар доирасида мунтазам равишда муҳим ташаббуслар ва сиёсий таклифларни илгари сурмоқда. Президентимиз амалга ошираётган улуғвор ишларни нафақат халқимиз қўллаб-қувватламоқда, балки дунё ҳамжамияти алоҳида эътироф этмоқда. Бу мустақил Ўзбекистондаги янгича бошқарув, янги стратегия ва янги имкониятларнинг амалдаги ёрқин намунасидир.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси Спикери ўринбосари

  • Кўрилди
    732
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+