“Энг намунали бошланғич партия ташкилоти”

26.09.2018, 15:50

“Энг намунали бошланғич партия ташкилоти”

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг бошланғич партия ташкилотлари ўртасида ўтказиладиган “Энг намунали бошланғич партия ташкилоти” танловининг

 НИЗОМИ

 I.  Умумий қоидалар

1.1. “Энг намунали бошланғич партия ташкилоти” танлови (кейинги ўринларда танлов деб юритилади) – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ишлаб чиқариш корхона, ташкилот, МФЙ, ҚФЙлар, фирма ва хусусий корхоналар, фермер хўжаликлари, саноат корхоналаридаги ҳамда бошқа бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини таҳлилий ўрганиб, танлов асосида рағбатлантириш тартибида ташкил этиладиган лойиҳа.

1.2. Танлов партиянинг барча бошланғич ташкилотлари ўртасида ташкил этилиб, уларнинг фаолият самарадорлигини ошириш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилади.

Танлов O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси қарори билан ташкил этилади.

 II. Танловнинг мақсади

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш;

  • Партия Устави, Дастури ва партия раҳбар органларининг бошқа қарорлари билан белгилаб берилган мақсад ва вазифаларини қонун доирасида аҳоли ўртасида тарғиб қилиш ва тушунтириш ишларини олиб бориш;
  • Жамоатчилик фикрининг шаклланишига таъсир кўрсатиш ҳамда партия фаолияти ҳақида ахборотни жамоатчиликка етказиш ишларини такомиллаштириш;
  • Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари ва фуқаролар билан бевосита ҳамкорлик қилиш;
  • Аҳоли ўртасида катта ҳурмат ва обрўга эга бўлган турли ижтимоий гуруҳ вакиллари билан алоқа ўрнатиш;
  • Аҳолининг турли қатлам вакиллари, тадбиркорлар, ишбилармонлар, фермерлар, мулкдор синфи вакилларининг қонуний манфаатларини ифодаловчи ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва бошқа масалалар бўйича юқори партия ташкилотига доимий тарзда таҳлилий материаллар ва таклифлар тақдим этиб бориш;
  • Партия сафига янги аъзоларни жалб этиш ва партия тарафдорлари сафини кўпайтириш ишларини олиб бориш;
  • Туман ва шаҳарларда бошланғич партия ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларни сифат жиҳатдан яхшилаш, намунали бошланғич партия ташкилотлари сонини кўпайтириш, бошланғич партия ташкилотлари иш тажрибаларини оммалаштириш;
  • Партия Устави ва Дастурида белгиланган вазифаларни жойларда тарғиб қилишда ҳамда партия раҳбар органларининг қарор ва фармойишларида белгиланган мaқcaд ва вазифаларнинг бажарилишини таъминлашда алоҳида намуна кўрсатган бошланғич партия ташкилотларини доимий рағбатлантириб бориш;
  • Бошланғич партия ташкилотларининг партиядан сайланган барча поғоналардаги депутатлари билан ҳамкорлик фаолиятларини йўлга қўйилишини таъминлаш;
  • Партия Устави ва Дастурида белгиланган вазифаларни жойларда тарғиб қилишда алоҳида жонбозлик кўрсатган ҳамда аҳоли ўртасида катта ҳурмат ва обрўга эга бўлган БПТ раислари ва партия фаолларини тизимли равишда партиянинг истиқболли кадрлар захирасига киритиб бориш.

III. Танлов ташкилотчилари

3.1. Танловнинг асосий ташкилотчилари – O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, ҳудудий, туман (шаҳар) ташкилотлари ҳамда “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси;

3.2. Танловга корхоналар, ташкилотлар, тижорат банклари, ижтимоий ҳаракатлар ҳамда республика, вилоят ва туман (шаҳар)ларда фаолият юритаётган юридик ва жисмоний шахслар ҳомий сифатида иштирок этишлари мумкин;

3.3. Танловнинг Республика босқичига O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, ҳудудий ва туман (шаҳар) босқичларига партиянинг Кенгаш раислари бошчилик қилади;

3.4. Партия матбуот хизмати, ҳудудий ва туман (шаҳар) ташкилотлари ҳамда “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетасининг вилоятдаги махсус мухбирлари танлов шартлари ва натижаларини ҳамда уни ўтказилиш жараёнини марказий ва ҳудудий оммавий ахборот воситалари, партия веб-сайтида ва “XXI asr” газетасининг махсус иловасида ёритиб борилишини таъминлайдилар.

IV. Танлов ҳайъати

4.1. Мазкур танловни ўтказиш мақсадида партия кенгашлари Ижроия қўмитаси қошида танлов Ҳакамлар ҳайъати тузилади.

4.2. Ҳакамлар ҳайъати, партия аппарати ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий депутатлик гуруҳлари аъзолари ҳамда партия фаолларидан иборат таркибда танловни ўтказишга кўмаклашувчи Ишчи гуруҳлар тузилади. Мазкур Ишчи гуруҳ аъзолари жойлардаги барча бошланғич партия ташкилотларини танлов шартлари, унинг мақсад ва вазифалари ҳақидаги маълумотлар билан таништириш, “Энг намунали бошланғич партия ташкилоти” лойиҳаси доирасидаги тадбирларни мувофиқлаштириш билан шуғулланади.

4.3. Ишчи гуруҳ аъзолари танловга тақдим этилган БПТ ҳужжатлари билан танишиш, уларнинг танлов шартларига мос ёки мос эмаслиги ҳақида хулоса бериш ҳамда танлов номинациялари бўйича туман (шаҳар), вилоят  Ҳакамлар ҳайъатига тавсиялар бериш ҳуқуқига эга. Бунда тегишли Ишчи гуруҳ раиси томонидан тасдиқланган Ишчи гуруҳ йиғилишининг баённомаси лозим бўлади.

4.4. Ҳакамлар ҳайъати ишчи гуруҳ томонидан тавсия этилган БПТларни баҳолаш мезонлари ва номинациялари бўйича баҳолайди. Танлов ғолибларини аниқлайди ва кейинги босқичда иштирок этишига йўлланма беради.

4.5. Танловнинг туман (шаҳар) босқичларидаги I, II, III ўрин ғолиблари туман (шаҳар) Ҳакамлар ҳайъати қарори билан тасдиқланади ҳамда танлов ғолиблари ҳужжатлари вилоят Ишчи гуруҳига юборилади.

4.6. Танловнинг вилоят босқичида туман ва шаҳарлардан 3 нафардан бошланғич партия ташкилотлари иштирок этадилар. Танлов иштирокчилари вилоят Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади, баённома тузилади ва вилоят Ҳакамлар ҳайъати қарори ҳамда танловнинг вилоят босқичидаги
I ўрин ғолибларининг ҳужжатлари партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси қошидаги танлов Ҳакамлар ҳайъатига тақдим этилади.

V. Танловни ўтказиш муддати

5.1. Танловнинг туман ва шаҳар босқичлари 2018 йилнинг сентябрь- октябрь ойларида ўтказилади.

5.2. Танловнинг ҳудудий босқичлари O‘zLiDeP ташкил этилганлигининг 15 йиллиги муносабати билан 2018 йил 1-15 ноябрь кунлари ўтказилади.

5.3. Танловнинг Республика босқичи Конституциямизнинг 26 йиллиги муносабати билан 2018 йилнинг 2-5 декабрь кунлари ўтказилади.

 VI. Танлов ғолибларини баҳолаш мезонлари

 6.1. Иштирокчиларни баҳолаш мезони қуйидаги тартибда белгиланади:

- ҳар бир мезон бўйича энг юқори балл – 10 балл;

- умумий ҳисобда энг юқори балл – 100 балл.

6.2. Иштирокчиларнинг баллари қуйидаги мезонлар билан аниқланади:

  1. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга БПТ томонидан қўшилган амалий ҳисса ва электорат манфаатларини ҳимоя қилишда кўтарган таклифлари;
  2. Партиядан сайланган барча поғоналардаги депутатлар билан ҳамкорлик фаолиятларини йўлга қўйилганлик ҳолати бўйича маълумот;
  3. БПТ ташаббуси билан ўтказилган турли тадбирларнинг фото, видео лавҳалари ҳамда, турли танлов, анжуман ва бошқалардаги иштироки учун берилган диплом, сертификат каби ҳужжатларнинг нусхалари;
  4. БПТнинг ОАВда эълон қилинган мақолалари нусхалари;
  5. “XXI asr” газетасига 2018 йил учун обуна маълумотномаси;
  6. Аҳолини партия аъзолигига жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар;
  7. Партия аъзоларининг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдларининг шаклланганлиги ва аъзолик гувоҳномалари билан таъминланганлиги ҳамда аъзолик бадали тушуми бўйича маълумот (БПТ фаолияти давомида тушириб келаётган бадаллар, қайдномалар ёки банк ҳужжатларидан нусха) тўғрисида маълумот;
  8. БПТ хонасининг партиявий имиджда жиҳозланиши ва ҳужжатларининг юритилиши бўйича фото лавҳалар;
  9. Ҳисобот даврида партия Устави ва Дастури талабларини ҳамда партиянинг юқори органлари томонидан белгиланган вазифаларни намунали даражада амалга оширганлиги ҳақидаги аниқ маълумотлар;
  10. Ҳудудларда амалга ошириб келинаётган партиявий лойиҳаларни ташкиллаштириш ва ижросида бошланғич партия ташкилотининг қўшган ҳиссаси.

 VII. БПТларнинг танловда иштирок этишлари ва танлов Ишчи гуруҳига тақдим этиладиган ҳужжатлар

 7.1. Ҳисобот йили якуни бўйича энг яхши натижаларга эришган бошланғич партия ташкилотлари танловда иштирок этадилар.

7.2. Танловнинг туман (шаҳар) босқичларида барча БПТ қамраб олиниши лозим. Ҳудудий ва республика босқичларида жойларда ташкил этилган Ишчи гуруҳ ва Ҳакамлар ҳайъати томонидан тавсиянома берилган БПТлар иштирок этиш ҳуқуқига эгадир.

7.3. Танлов ғолибларининг ҳужжатларини ўрнатилган тартибда вилоят Ишчи гуруҳига ҳамда ўз навбатида вилоят босқичи ғолибларининг ҳужжатларини Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси қошидаги танлов Ҳакамлар ҳайъатига тақдим этиш ҳамда уларнинг танловда иштирокини таъминлаш шахсан партиянинг ҳудудий ва туман (шаҳар) Кенгашлари раислари зиммасига юклатилади.

7.4. Танлов Ишчи гуруҳи ва Ҳакамлар ҳайъатига БПТлар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар ушбу низомнинг 6.2.-бандига мувофиқ амалга оширилади.

 VIII. Танловнинг қўшимча номинациялари

 

8.1. Қўшимча номинациялар қуйидаги тартибда берилади:

- Танловнинг туман (шаҳар), вилоят ва республика босқичларида;

- Ҳар бир босқичда кўпи билан 10 та иштирокчига. Бунда танлов босқичларида I, II, III ўринни олмаган лекин, қўшимча номинацияга лойиқ деб топилган иштирокчилар ҳам олиши мумкин.

8.2. Қўшимча номинациялар қуйидаги кўринишда бўлади:

- “Тадбиркорлар ва мулкдорлар синфига беғараз ёрдам кўрсатаётган, касаначилик ва оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишда фаол иштирок этган бошланғич партия ташкилоти”;

- “Кўп аъзолик бадали туширган бошланғич партия ташкилоти”;

- “Партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини аҳоли орасида кенг тарғиб қилишда фаол иштирок этган бошланғич партия ташкилоти”;

- “Ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар ечими борасида депутатлик гуруҳлари билан фаол иш олиб борган бошланғич партия ташкилоти”;

- “Партиявий тадбирлар ва сиёсий ўқувларни ташкиллаштиришда фаол иштирок этган бошланғич партия ташкилоти”;

- “Ёшларнинг сиёсий фаоллигини оширишда ҳамда уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда ташаббускор бўлган бошланғич партия ташкилоти”;

- “Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини оширишда ҳамда уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда ташаббускор бўлган бошланғич партия ташкилоти”;

- “Партия ғояларини чуқур англаган, етакчилик ва нотиқлик хусусиятига эга бўлган БПТ раиси”;

- “Партиявий лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этган бошланғич партия ташкилоти”;

- “Бошланғич партия ташкилотлари орасида катта ҳаётий тажрибага эга, партиявий ишларда ўз меҳнатлари билан фидоийлик кўрсатиб келаётган БПТ раиси”;

- “Энг кўп аъзоларни бирлаштирган бошланғич партия ташкилоти номинацияси”.

IХ. Танлов ғолибларини тақдирлаш

9.1. Низомнинг 6-бандида кўрсатилган мезонлар асосида I, II ва III ўринлар аниқланади. Танлов ғолиблари партиянинг I, II, III даражали дипломлари ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланади. Жумладан,

- III ўрин учун “Планшет”;

- II ўрин учун “Artel” LED телевизори;

- I ўрин учун компьютер жамланмаси.

9.2. Низомнинг 8-бандида кўрсатилган қўшимча номинациялар бўйича ғолиблар аниқланади ва партиянинг махсус дипломлари ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланади.

Теглар
#uzlidep15
  • Кўрилди
    2619
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+