Бугунидан рози халқнинг эртаси порлоқ

17.04.2023, 16:04

Бугунидан рози халқнинг эртаси порлоқ

Денов туманидаги экобоғда янгиланаётган Конституция ташвиқотига бағишланган эвент тадбири ўтказилди.

Унда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов, Ёзувчилар уюшмаси раиси, партия Сиёсий кенгаши аъзоси Сирожиддин Саййид, вилоят фахрийлар кенгаши раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Аҳмад Нарзуллаев, вилоят кенгаши раиси Алишер Рўзиев ҳамда депутатлар, ёшлари, фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар янги таҳрирдаги Конституциямизда илгари амал қилиб келинган “давлат – жамият – инсон” тамойили “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартирилаётгани, унда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олинганини таъкидлашди. Қолаверса, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид қоидалар бир неча каррага ортаётгани, ўз навбатида давлатнинг ҳам халқ олдидаги мажбурияти бир неча бараварга кўпаяётганига алоҳида урғу беришди.

Шунингдек, тадбирда Конституцияда тадбиркорлик фаолияти кафолатларини кучайтириш, бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратиш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, адолатли солиқ тизимини йўлга қўйиш, монополистик фаолиятни чеклаш орқали том маънода эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш учун барқарор асослар яратилаётгани ҳам айтиб ўтилди.

Эътироф этилганидек, инсон дунёда умид билан яшайди. “Орзуларимга етай, шинам уй-жойим бўлса, ён-атрофимда қулай шароит, бекаму кўст муҳит ҳукм сурса, жамиятга, раъиятга, давлатга, оиламга, ота-онамга, дўсту ёрларга, маҳалла-кўйга, қишлоғимга, юртимга фойдам тегса, муроду мақсадим ушалса”, дейди. Кексалар “Одам боласи ҳаётдан рози бўлса, тоғни талқон қилади” дейишади.

Президентимиз ҳар бир инсон умид билан яшар экан, эртага, индин ёки ундан кейин эмас, ҳозир, шу бугун ниятига етишини, умридан, ҳаётидан, ҳар бир кунидан рози, мамнун бўлишини истайди. Янгиланаётган Конституция бизга ана шу имкониятларни беради.

Бу – улуғвор мақсад, эзгу амал, абадиятга дахлдор фикратдир. Зеро, бугун одамларни рози қилиш келажагимизни гўзал, бетакрор, улкан салоҳият ва қудрат касб этишини таъминлайди. Бу, инкор қилиб бўлмас ҳақиқат. Чунончи, бахтли одамларгина дунёни янгилашга, ўзгартиришга қодир.

Демак, бунга амалда эришиш учун бўлажак референдумда фаол бўлишимиз ҳамда янгиланаётган конституцияга овоз беришимиз жоиз.

O‘zLiDeP Сурхондарё вилояти кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    332
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+