Ўзбекистонда овчилик гувоҳномасини олган ягона аёл эканлигимдан фахрланаман

22.09.2023, 16:26

Ўзбекистонда овчилик гувоҳномасини олган ягона аёл эканлигимдан фахрланаман

Тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётганимга қарийб 30 йил бўлди. Ишни Ғиждувон тумани марказида оила аъзоларим билан бирга бино қуриб, аҳолига маиший хизмат кўрсатишдан бошлаганмиз. Орадан кўп йиллар ўтар-ўтмас рўйхатдан ўтказилган “Фирдавс Амон Ўктам омади” МЧЖга қарашли савдо маж муаси фаолиятининг йўлга қўйилганлиги тадбиркорликни янада кенгайтириш имконини берди. Хуллас, 2019 йилга келиб “Голд Опель Фирдавс” МЧЖ тасарруфидаги шинам меҳмонхонани ишга туширишга муваффақ бўлдик. Бу ерда 40 дан ортиқ доимий иш ўрни яратилди. Шу тариқа хорижий меҳмонлар ва маҳаллий сайёҳларга намунали хизмат кўрсатиш асосий йўналишимизга айланди.

Зиёратчилар юртимизнинг ўзига хос флора ва фаунасига қизиқишини, ноёб табиати билан яқиндан танишиш истагида эканини, қолаверса, шаҳар шовқинидан узоқроқда маълум муддат дам олиш хоҳиш-истагини инобатга олиб, вилоятимизда экотуризмни ривожлантиришга қарор қилдик ва “Барака” МФЙ ҳудудида экомаскан ташкил этдик. 33 гектарлик ер майдонида 1 миллиард сўм ва USAIDнинг 31 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағи эвазига барпо этилган экомаскан кейинги фаолиятимизни янги босқичда олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этди. Чўл зонасида 40 мингга яқин турли-туман кўчатлар экилди. Дам олувчилар учун ўтовлар ўрнатилиб, меҳмонларга барча шароитлар яратилди. Маҳаллий ва хорижий сайёҳлар 5 гектарда бунёд этилаётган сув ҳавзасида балиқ овлаши, хушманзара жойларни томоша қилиши, от ва туяларда сайр этиши мумкин.

Менинг яна бир севимли машғулотим бор, бу – овчилик. Болаликдан бошланган бу қизиқишим раҳматли отамдан ўтган. Мана, 20 йилдирки, овчиликка меҳр қўйганман. Ўзбекистонда овчилик гувоҳномасини олган ягона аёл эканлигимдан фахрланаман. Ҳар гал табиат қўйнига чиққанимда унинг гўзаллигидан ўзгача баҳра оламан. Фусункор юртимизга сайёҳларнинг йил сайин қизиқиши ортаётганидан қувонаман. Бинобарин, инсон қадри улуғланаётган бетакрор, жаннатмонанд юртга садоқат билан хизмат қилишнинг ўзи олий бахт.

Имконим борича атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларига ҳисса қўшиб келяпман. Яқинда маҳалламиздаги 1,7 километр йўлни қайта таъмирлаб, асфальт ётқизишга кўмаклашдим. Маҳалламиз ҳудудига 2 минг туп гул кўчатлари экилишида ҳам бошқош бўлдим.

Оиламиз аъзолари билан икки йилча аввал яна бир хайрли ишга қўл ўрган эдик. Ташландиқ ҳолатга келиб қолган “Коинот” болалар оромгоҳи ҳудудини ободонлаштириб, ушбу масканни ёзги соғломлаштириш мавсумида болажонлар учун фойдаланишга топширишга муваффақ бўлдик.

Бунёдкорлик ишларини амалга оширишда, аввало, O‘zLiDeP томонидан ишбилармон аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида турли кўрик-танловларнинг ўтказилиши иштирокчиларга ўзгача иштиёқ ва мотивация беряпти.

Камтарона меҳнатларим ҳисобга олиниб, “Шуҳрат” медали билан тақдирланганим менда янги марраларни забт этишга, кўнглимга тугиб қўйган орзу-истакларимни тўлиқ амалга оширишга рағбат уйғотди. Зеро, аёли улуғланган юрт юксалаверади, дея бежиз айтилмаган.

Иқлима ЖЎРАЕВА,

“Фирдавс Амон Ўктам омади” МЧЖ раҳбари,

“Ишбилармон аёл – 2023” кўрик-танловининг ҳудудий босқичи ғолиби,

“Шуҳрат” медали соҳиби

  • Кўрилди
    345
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+