Мен ўзбек аёлининг неларга қодирлигини дунё кўришини истайман

22.09.2023, 16:33

Мен ўзбек аёлининг неларга қодирлигини дунё кўришини истайман

Кейинги йилларда юртимизда янги давр бошланди. Қай соҳани олманг, халқ манфаатлари устувор қилиб қўйилмоқда. Раҳбар ва мутасаддиларнинг халқ билан мулоқот тизими йўлга қўйилди. Кичик бизнес эгаларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши, аввало, мамлакат иқтисодини юксалтиришга замин яратса, яна бир жиҳати, аҳоли бандлигини таъминлаш, бозорларимиз тўкинлигида ҳам жуда катта аҳамият касб этади.

Мен Хитойдаги “Шенгли” компанияси асосчисиман, 15 йилга яқин Хитойда яшаб, тадбиркорлик билан шуғулландим. Хитой бозорида маҳсулот ва технологияларни импорт, экспорт қилиш бўйича 8 йиллик тажрибага эгаман. Лекин кўнглим тубидаги бир ҳақиқатни айтишим керак: инсон қаерда яшамасин, ўзи туғилиб ўсган ватанига барибир талпинади. Ютуқларини она халқи билан баҳам кўришни истайди. Бу мақсад бир дам бўлса-да, мени тарк этмаган. Аммо олис юртда Ўзбекистондаги ўзгаришларни кўриб-билиб ҳам фахрландим, ҳам ўз бизнесимни она юртимда йўлга қўйишни, халқимга ҳалол хизмат қилишни қалбимга тугдим.

Корхонамиз 2019 йилда ташкил топган бўлса-да, пандемия сабаб тўлиқ ишга тушиши 2021 йил декабрь ойига тўғри келади. Албатта, корхонамиз шароити мушкулроқ саноат соҳасида бўлса ҳам, лекин Намангандаги энг йирик лойиҳалардан бири ҳисобланади.

Шу кунгача вилоятда кичкина цехлар бўлган. Лекин профессионал даражада металлни қайта ишлаб, уни тайёр маҳсулот ҳолига келтириб, бозорга тарқатадиган, жаҳон талабларига мос келадиган завод бўлмаган. Аввал металл водийга Тошкентдан олиб келинарди. Энди эса яқингина жой Чустдан олиб кетиляпти. Бундан ташқари, биз бир йил давомида металлургия соҳасига қизиқувчи кўплаб ёшларни ўқитдик. Уларнинг ҳар бирига металлургиянинг сир-асрорлари ўргатилди. Ҳозирга келиб фахр билан айтаманки, ишчиларимиз печкага металлни солишдан тортиб, энг мураккаб амалиётларни ҳам пишиқ ва пухта бажаришмокда. Лойиҳамизнинг истиқболи жуда катта, яъни мақсадимиз экспортга мўлжалланган ва импорт ўрнини босадиган рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш, маҳаллий хомашё ва ресурслардан фойдаланиб, сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдир.

Лойиҳамизнинг умумий қиймати 50 миллион долларни ташкил этади. Ўтган йили қарийб 100 минг тоннага яқин маҳсулот ишлаб чиқардик. Бу биз учун жуда яхши кўрсаткич. Йилдан-йилга ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш режалаштирилган. Сифатли маҳсулотнинг албатта баҳоси бўлади. Шунга монанд равишда “ISO 140001” ҳамда “ISO9001” халқаро сертификатларини олишга муваффақ бўлдик.

Очиғини айтганда, кафолатланган имтиёз ва кенг имкониятлар берилган, асосийси, меҳнатингиз қадрланадиган Ўзбекистонимдай ўлка борми дунёда? Албатта, йўқ! Бу йил мен учун энг эсда қоларли, бахтли йил бўлди. Боиси, “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонига лойиқ кўрилдим. Бу эътироф менга жуда катта мотивация берди ва олдимга янги мақсадларни қўйдим. Шунинг учун ҳозирги кунда Европа сертификатини олиш учун астойдил ҳаракат қиляпман. Европа давлатларига ҳам маҳсулотларимизни экспорт қилиш галдаги режаларимиздан бири бўлиб турибди.

Тадбиркорнинг қалбида кучли иштиёқ, катта мақсад бўлиши шарт. Шунинг учун ҳам мен аввалига тадбиркорлик илмини чуқур ўргандим. Жаҳондаги йирик ишбилармонларнинг тажрибасини кузатдим. Хорижий тилларни билган тадбиркор тўрт поғона илдамроқ натижага эришиши мумкин. Албатта, бу жараёнлар осонликча кечмаган. Ҳозирги кунга келиб эса НSК6 энг юқори даражадаги хитой тили сертификатига эгаман.

Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги байрами арафасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан ўтказилган “Ишбилармон аёл – 2023” кўрик-танлови ғолибаси бўлишим мени янада руҳлантирди. Ҳар бир ютуқ эса ўзига хос масъулият юклайди. Модомики, ўз устимда янада мукаммалроқ ишлаб, қатъий ҳаракат қилишга интиламан.

Аёл бир қўли билан бешикни, бир қўли билан дунё ни тебратади, деган гап бор халқимизда. Аёл уддабурон бўлса, ўз устида ишласа, вақтини тўғри тақсимлай билса, ҳаётида, фаолиятида ҳеч қачон ечими йўқ муаммога дуч келмайди. Менинг эндиги мақсадим иш ўринларини янада кўпайтириш. 400 га яқин ишчи-ходимларимизнинг аксарияти ёш йигитлардан иборат. Уларнинг кўпи бугунгача Россия, Қозоғистонга бориб ишлаб, пул топиб, рўзғорини тебратган. Заводимиз ана шундай кўплаб ёшларнинг бандлигини таъминлай олди. Улар бугун яқинлари бағрида яшаб, даромад топяпти.

Мен ўзбек аёлининг неларга қодирлигини дунё кўришини истайман. Хорижда ўқиб олган билимларимни, тадбиркорлик бўйича тўплаган тажрибаларимни давлатимиз ривожи учун сарфлашга бел боғлаганман.

Гулбаҳор ТОЖИМИРЗАЕВА,

“NAMANGAN METALLURGIYA ZAVODI”

лойиҳаси раҳбари, “Фаол тадбиркор”

кўкрак нишони соҳиби,

“Ишбилармон аёл – 2023”

кўрик-танловининг ҳудудий

босқичи ғолиби

  • Кўрилди
    408
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+