Давлатимиз равнақ топиши йўлида ҳеч қачон изланиш ва интилишдан тўхтамаймиз

29.09.2023, 16:11

Давлатимиз равнақ топиши йўлида ҳеч қачон изланиш ва интилишдан тўхтамаймиз

– Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан амалга оширилаётган мазкур кўрик-танловда оддий меҳнатимни юксак баҳолаб, хотин-қизлар учун қўшимча ишчи ўрни ярата олган, экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқаришга асосланган, ўз фаолиятида учраётган муаммолар, ғов ва тўсиқларни оқилона тарзда бартараф этган, билим ва тажрибасини амалда қўллашга қодир ишбилармон аёллар сафида ғолибликка муносиб кўрилганимдан, ростини айтай, астойдил қувондим.

Бундай эътирофни мамлакатимизда хотин-қизларга бўлган эътибор ҳар қачонгидан юксак эканининг яққол намунаси, деб биламан. Шундай танловлар тадбиркорлик сари дадил қадам ташлаётган кўплаб опа-сингилларимизнинг кашф этилишига ва уларга кучли мотивация бағишлашига ишонаман.

“AZALIUM” хусусий корхонаси 2003 йил 28 октябрда ташкил этилган. Ишлаб чиқариш фаолиятимизни эса 2004 йилнинг июнь ойидан бошлаганмиз.

Корхонамиздаги технологик жараёнлар бир неча босқичларни ўз ичига олади. Жумладан, трикотаж матоларни кесиш, маҳсулотни бичиш, тозалаш, иссиқлик билан ишлов бериш ва қадоқлаш ишлари кетма-кет бажарилади. Дастлаб 7 та тикув машинаси билан ишга киришган бўлсак, ҳозирда технологик жиҳозлар сони 130 тани ташкил этади. Шулардан 80 таси тикув машиналаридан иборат. 2011 йилда корхонанинг мулкчилик шакли масъулияти чекланган жамиятга ўзгартирилди.

Айни пайтда мамлакатимизда экспортбоп кийим-кечак ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича барқарор тенденция кузатилмоқда. Шунга кўра, ҳам ички, ҳам ташқи бозорда ўз ўрнимизни топиш учун тинмай изланяпмиз. Таҳлиллар корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар аҳоли эҳтиёжини қондиришга йўналтирилиши зарурлиги баробарида чет эл талабларига мослашишнинг аҳамияти муҳимлигини кўрсатмоқда. Асосий мақсадимиз – бозорни юз фоиз пахта толасидан тайёрланган юқори сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш.

“AZALIUM” МЧЖ Ўзбекистондаги кичик бизнес тармоғининг вакили бўлиб, бугунги кунда 217 нафар ходим, жумладан, 100 нафар тикувчи меҳнат қилмоқда. Жорий йилда сотиш ҳажми ўтган йилга нисбатан 83 фоизга, шу жумладан, маҳсулот экспорти йил давомида 70 фоизга ошди.

Бу каби ютуқларга эришишимизда, тадбиркорларни яқиндан қўллаб турган давлатимиз раҳбаридан, елкадошлик ва маслакдошлик қилаётган O‘zLiDeP мутасаддиларидан миннатдормиз. Модомики, давлатимиз равнақ топиши йўлида ҳеч қачон изланиш ва интилишдан тўхтамаймиз.

Азиза ЮСУПОВА,

“AZALIUM” хусусий корхонаси раҳбари,

“Ишбилармон аёл – 2023” кўрик-танловининг ҳудудий босқичи ғолиби

  • Кўрилди
    274
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+