Иссиқхона – мўл даромад манбаи

23.01.2024, 11:52

Иссиқхона – мўл даромад манбаи

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитов Қашқадарёда учрашувлари давомида Нишон туманида томорқачиликни ривожлантириш борасидаги ишлар билан танишишди.

Нишон туманидаги “Жануб машъали” маҳалласида яшовчи Алишер Тўйчиев томорқачиликнинг ҳадисини олган. У 1 гектар майдонда ташкил этилган иссиқхонада помидор, бодринг, булғор қалампири етиштириб, воҳа бозорларига чиқариб, ҳар йили  150 млн. сўм соф даромад олиб келмоқда. Бундан ташқари ҳар йили 300 минг дона помидор, бодринг, булғор қалампири кўчатларини етиштириб, вилоятдаги иссиқхоначи томорқачиларга сотади. 20 нафар маҳалладошини доимий ва мавсумий иш билан таъминлаган.

Бундай омилкор томорқачилар Ғузор туманида ҳам бисёр экан.  Меҳнатобод маҳалласида яшовчи Тўлқин Муҳаммадиев 20 сотих майдонда кўкатлар етиштириб, ҳар йили 50 млн. сўм даромад қилиб келмоқда. Унинг маҳалладоши Шерзод Нормуродов 5 сотих майдонда кўкат етиштириб, рўзғорига барака киритиб келмоқда.

Янгиобод МФЙда яшовчи Бегали Тўраев 24 йилдан буён гул етиштириш билан шуғулланиб келади. Бугунги кунда турмуш ўртоғи Шаҳзода Бегимова билан ҳамкорликда 2 сотих майдонда 100 хил ер ҳамда тувакда ўстириладиган гулларни етиштириб, туман бозорларига чиқаришаяпти. Айниқса, хитой розаси, гира, алойи, фенус, пальма, малачай, калонхой каби тувакгулларнинг харидорлари бисёр.  Унинг айтишича,  оқова сув баҳорда ойларида бир марта келиши мумкин. Ўшанда ҳам навбат тегмайди. Сувни машина сотиб олиб, ҳовузга тўқиб, гулларни суғоришади. Ҳар йили соф даромад 20 миллион сўмдан ошади. Иссиқхонани  кенгайтириб, 6 нафар маҳалладошларини  иш билан таъминламоқчи.

Шу қишлоқда яшовчи Мансур бобо етмишдан ошган бўлса-да, фарзандларига бош бўлиб, тадбиркорлик билан шуғулланиб келаяпти. Асаларичиликда ҳам ҳамқишлоқларига устозлик қилиб келмоқда. Оила аъзолари асал, сут қатиқ маҳсулотлари, помидор, бодринг ва кўкатлар етиштириб, яхшигина даромад қилишаётир. Оила бекаси Ниҳоят момо Раҳмонова иссиқхонада келинлари билан ишлаб, сабзавот ва турли хил кўкатлар етиштириб келишади. 2,5 гектар майдонда 4800 туп ток кўчатлари экилган бўлиб, орасига пиёз экиб қўйишибди. Пиёз мавсум давомида 12 марта сув ичишини ҳисобга олсак, томорқачиларга ҳам осон эмаслиги ойдинлашади.  Токлар уйғониб, гуллагунга қадар пиёз ҳосили йиғиштириб олинади. Ҳар йили 10 гектар майдондан 230 тоннадан ошириб сабзи олишиб, бозорларга чиқаришади. Отахоннинг ихтироси бўлган сабзи ювиш ускунаси барчани ҳайратга солди.

А. Хаитов Мансур бобонинг фарзандларига 200 тонналик совуткич келтириш учун банкдан молиявий кўмак ажратилиши ҳамда Чироқчи туман томорқачилик илмий-амалий марказига қарашли ерлардан 10 гектарини савзавот етиштириш учун ажратиб беришларини билдирди.  Шунингдек, сувга чидамли олволи, жийда кўчатларини экиш тавсия берилди.  

Ишчи гуруҳи аъзолари Қарши тумани Истиқлол МФЙ Акиш қишлоғида фаолият олиб бораётган  оилавий тадбиркор Яшин Эргашев хонадонида бўлишиб, кўчат етиштириш  борасидаги ишлари билан танишдилар. У ҳар йили 400 минг дона кўчат етиштириб, фермер хўжаликлари ва томорқачиларга етказиб беришни йўлга қўйган. 5 нафар маҳалладошини иш билан таъминлаган.  У кенгаш раисига мурожаат этиб,  ҳовлисидаги иссиқхона торлиги, агар имкон бўлса каттароқ ерни ижарага олишда амалий ёрдам беришини сўради. Шу куни ишчи гуруҳи аъзолари туман ҳокими билан ҳамкорликда Манғит МФй ҳудудидаги бир пайтлар хўжалик тасарруфида  бўлган, ҳозирда фойдаланилмай ётган 5 гектар ерни бориб кўришиб,  кўчат ва помидор-бодринг, цитрус мевалар етиштириш учун акишлик томорқачига ажратиб берилишини таъминладилар. Иссиқхонани сув билан таъминлаш борасида ҳам кўрсатмалар берилди.  

  • Кўрилди
    234
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+