Оқтумшуқлик тадбиркор аёл томорқадан 100 млн. сўм даромад оляпти

14.03.2024, 18:32

Оқтумшуқлик тадбиркор аёл томорқадан 100 млн. сўм даромад оляпти

Шўрчи тумани "Оқтумшуқ" маҳалласида яшовчи Гулсара Саттарова мана 10 йилдирки, ўзининг томорқасида полиз маҳсулотлари етиштиради. Хонадон соҳибаси ҳудуддаги мактабда ишлаш билан бирга, томорқасида оила аъзолари билан биргаликда иссиқхонада ҳам меҳнат қилишади. Муҳими, бунинг орқасидан бир йилда 80-100 миллион сўмгача қўшимча даромад олишяпти.

O’zLiDeP Сурхондарё вилояти  Кенгаши “Аёллар қаноти”, партиянинг Шўрчи тумани  Кенгаши депутати Фотима Усмонова ҳамда туман кенгаши аппарат раҳбари Х.Хаитовлар “Оқтумшуқ” маҳалласи Оби ҳаёт кўчасида яшовчи оилавий тадбиркор Гулсара Саттарованинг хонадонида бўлишди. У ерда иссиқхонада помидор, бодринг, булғор қалампири, ҳандалак, бақлажон ва райҳон кўчатлари етиштирилаётганига гувоҳ бўлишди.

— Ҳозирги экилган маҳсулотларнинг ўзидан 50-60 миллион сўмгача даромад оламиз, — дейди Гулсара Саттарова. — Апрел ойидан буларнинг ўрнига бошқаларини экамиз ва шу тарзда такрорий экин экиш эвазига бир йилда оилавий бюджетимизга иссиқхонанинг ўзидан 100 миллион сўмгача даромад киради. Ҳозирда қуруқ маошга қараб ўтирмай, оддийгина ҳовлимиздаги ердан унумли фойдалансак, рўзғордаги катта эҳтиёжларни бемалол қондириш мумкин бўлади.

Ўрганиш жараёнида Гулсара Саттарованинг хонадонида маҳалладаги тадбиркорлик қилиш ниятида бўлган хотин-қизлар учун мастер-класс ҳам ўтилди. Хонадон вакили уларга иссиқхонада маҳсулотларни етиштириш, кўчатлар парвариши, ўғитлардан қандай фойдаланиш кераклиги бўйича зарур тавсияларни берди. 10 йиллик тажрибалари билан ўртоқлашар экан, қаҳрамонимиз маҳалладошларини ҳам ўзи каби тадбиркорлик билан шуғулланишга ундади.

O’zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

 

  • Кўрилди
    189
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+