Қаршилик тадбиркор Муниса Очилова “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг вилоят босқичида қатнашади

15.05.2019, 15:45

Қаршилик тадбиркор Муниса Очилова “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг вилоят босқичида қатнашади

O‘zLiDeP Қарши туман Кенгаши томонидан “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг туман босқичи ўтказилди.

Унда туманда миллий ҳунармандчилик, фермерлик ва маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда жонбозлик кўрсатган, аҳолини иш билан таъминлашда барчага ибрат бўлаётган 30 нафар хотин-қизлар иштирок этди.

– Мазкур танловда иккинчи маротаба иштирок этяпман, – дейди “Гулшан” хусусий фирмаси раҳбари Муниса Очилова. –Корхонамизни  онам Қундуз Каромова 2008 йилда йўлга қўйганлар. Ҳозирда 10 нафар ишчи ходим меҳнат қилаётган ушбу корхонага ўзим раҳбарлик қилиб келяпман. Ушбу танловда иштирок этиб тажрибали тадбиркорлар билан ўзаро тажриба алмашиш орқали фаолиятимизни янада кенгайтиришни мақсад қилганман. Ушбу танловда биринчи ўринга муносиб кўрилганимдан хурсанд бўлдим. Бу ютуқларни қўлга киритишимда корхонамизда ишлаётган ходимларимизнинг меҳнати катта деб биламан. Ҳозирда ишчи қизларим билан ушбу танловнинг вилоят босқичида ҳам юқори ўринни эгаллашга жиддий тайёргарликни бошлаб юборганмиз.

Кўрик-танлов иштирокчилари якуний натижаларига кўра бир қатор номинациялар ғолиби ҳам бўлиб, уларга O’zLiDeP ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг диплом ва китоблар жамланмаси тақдим қилинди.

Ёш тикувчи Моҳигул Қиёмова ҳам ушбу танловда иштирок этиб, катта тажрибага эга бўлгани ва келажакда улкан режалари борлигини алоҳида эътироф этди.

- Онамдан тикиш ва тўқиш сирларини ўргандим, қўни-қўшниларга кийим-кечаклар тикиб бера бошладим, - дейди Моҳигул Қиёмова. Тадбиркорларга яратилаётган кенг имкониятлардан фойланган ҳолда уч йил олдин якка тартибдаги тадбиркор бўлиб давлат рўйҳатидан ўтгандим. Ҳозирда 4 нафар ишчи қизларим бор, буюртма бўйича кийим-кечаклар тикамиз, шу билан бирга йигирма нафарга яқин хотин-қизларга тикиш ва тўқиш сирларини ўргатиб келамиз. Келажакда фаолиятимни янада кенгайтириш мақсадида банкдан 200 млн. сўм имтиёзли кредит олиб, хотин-қизларга элита пардалар тикиш, матоларга вешевка қадаш ва тўқиш сирларини ўргатишга ихтисослашган ўқув маркази очиш ниятидаман.

Тўлқин ТУРДИЕВ,

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    305
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+